‏ 1 Chronicles 22

1Довуд шундай деди: “Эгамиз Худонинг уйи ҳам, Исроил халқи қурбонликлар куйдирадиган қурбонгоҳ ҳам шу ерда бўлади.”

Маъбадни қуришга тайёргарлик

2Довуд Исроил юртидаги барча мусофирларни бир жойга йиғдирди. Улардан баъзиларини Худонинг уйини қуриш учун тош кесиб йўнадиган сангтарошлар қилиб тайинлади. 3Довуд ёғоч дарвозалар учун ошиқ–мошиқ ва михлар ясагани кўп миқдорда темир сақлаб қўйди. Бронза ҳам шунчалик кўп эдики, ҳеч ким унинг ҳисобига ета олмасди. 4У беҳисоб садр ёғочини ҳам сақлаб қўйди. Сидонликлар ва Тирликлар
Сидон…Тир… — Финикияда муҳим аҳамиятга эга бўлган шаҳарлар. Бу шаҳарлар Исроилдан шимолда, Ўрта ер денгизи бўйида жойлашган эди. Бугунги кунда бу ер Ливан мамлакатининг жанубий қисмини ташкил қилади.
кўп миқдорда садр ёғочлари олиб келган эдилар.
5Довуд ичида шундай деб айтар эди: “Ўғлим Сулаймон ёш, тажрибасиз. Эгамиз учун қуриладиган уй эса шу қадар салобатли бўлиши керакки, унинг донғи бутун дунёга ёйилиб, барча халқлар орасида шуҳрат топиши керак. Шундай экан, қурилиш учун ҳамма тайёргарликни ўзим кўриб қўяверай.” Шунинг учун Довуд ўлимидан олдин кўп миқдордаги ашёларни тайёрлаб қўйган эди.

6Сўнгра Довуд ўғли Сулаймонни чақиртириб, Исроил халқининг Худоси — Эгамиз учун уй қуришни унга топширди.

7— Ўғлим! — деб гапини бошлади Довуд, — Мен Эгам Худога атаб бир уй қуриш ниятида эдим. 8Лекин Эгам менга шундай сўзини юборган эди: “Сен кўп жанг қилиб, кўп қон тўкдинг. Ер юзида, Менинг олдимда шу қадар кўп қон тўкканинг учун Менга атаб уйни сен қурмайсан. 9Аммо сендан бир ўғил туғилади. Ўғлинг тинчликсевар одам бўлади. Мен уни атрофдаги ҳамма ғанимлардан халос қилиб, тинчликка эриштираман. Унинг исми Сулаймон
Сулаймон — бу исм ибронийчадаги тинчлик сўзига оҳангдош.
бўлади. Унинг ҳукмронлиги даврида Исроилга тинчлик, осойишталик ато қиламан.
10Менга атаб уйни ўша ўғлинг қуради. У Менга ўғил бўлади, Мен унга ота бўламан. Унинг Исроилдаги шоҳлик тахтини то абад мустаҳкам қиламан.” 11Энди, ўғлим, Худо сенга ёр бўлсин. Унинг уйини қураётганингда, Эганг Худо Ўз ваъдасига мувофиқ, сени муваффақиятга эриштирсин. 12Эгам сенга идрок билан фаҳм–фаросат берсин, токи У Исроил ҳукмронлигини сенга топширганда, сен Эганг Худонинг қонунига риоя қила олгин. 13Агар сен Эгамизнинг Исроил учун Мусога амр этган қонун–қоидаларини битта қолдирмай бажарсанг, муваффақиятга эришасан. Дадил ва ботир бўл. Қўрқма, ваҳимага тушма. 14Мен Эгамизнинг уйи учун кўп машаққатлар билан 200.000 пуд
200.000 пуд — ибронийча матнда 100.000 талант, тахминан 3400 тоннага тўғри келади.
олтин, 2.000.000 пуд
2.000.000 пуд — ибронийча матнда 1.000.000 талант, тахминан 34.000 тоннага тўғри келади.
кумуш, беҳисоб миқдорда бронза ва темир тайёрладим. Яна ёғоч ва тош ҳам тайёрлаб қўйдим. Сен буларга яна қўшишинг лозим.
15Сенинг кўп ишчиларинг бор. Уларнинг орасида турли ҳунармандлар — тош йўнувчилар, тош терувчилар, дурадгорлар, 16олтин, кумуш, бронза ва темирга ишлов берадиган, беҳисоб моҳир усталар бор. Қани, ишга бел боғла. Худо сенга ёр бўлсин.

17Довуд Исроилнинг барча йўлбошчиларига, Сулаймонга ёрдам беринглар, деб амр қилиб, шундай деди: 18“Эгангиз Худо сизлар билан бирга бўлиб, сизларга ҳар томондан тинчлик ато этди. Биздан олдин бу юртда яшаган халқни У менинг қўлимга берди. Улар энди Эгамизга ва Унинг халқига қарам бўлиб қолди. 19Энди бутун қалбингиз ва юрагингиз билан Эгангиз Худога интилинг. Боринглар, Парвардигор Эгамизга атаб уй қуришни бошланглар, токи Аҳд сандиғи ва муқаддас ашёлар ўша ерда сақланадиган бўлсин.”
Copyright information for UznUzbC