1 Chronicles 17
Натан пайғамбар шоҳ Довудга хабар беради
1Довуд ўз саройига ўрнашиб олгач, Натан пайғамбарга деди: — Қаранг, мен садр ёғочидан қурилган уйда яшаяпман, Эгамизнинг Аҳд сандиғи эса чодирда турибди. 2— Кўнглингда нима бўлса, шуни қилавер, Худо сен билан, — деди Натан. 3Ўша куни кечаси Натанга Эгамизнинг сўзи аён бўлди: 4“Қулим Довуднинг олдига боргин–да, унга шу гапларни етказ: «Эгам шундай демоқда: истиқомат қилишим учун уйни Менга сен қурмайсан. 5Исроил халқини Мисрдан олиб чиққанимдан то шу кунгача бирор уйда яшаган эмасман. У ердан–бу ерга кўчиб юрдим, чодирда маскан қилдим. 6Мен ҳеч қачон Исроил халқининг ҳакамларига ▼▼ ҳакамлар — Исроил йўлбошчилари баъзан ҳакамлар деб аталган. Исроил халқи душманларига қарши уруш очганда, ҳакамлар лашкарбоши сифатида хизмат қиларди. Шунингдек, ҳакамлар қози вазифасини, айрим ҳолларда диний вазифаларни ҳам бажарар эдилар.
шикоят қилмадим. Халқимга чўпонлик қилиш вазифасини уларнинг зиммасига юклаган бўлсам–да, ҳеч қачон уларнинг бирортасига: ‘Нима учун Менга садр дарахти ёғочидан уй қуриб бермадингизлар?’ деб айтмадим.»7Энди қулим Довудга айт: «Сарвари Олам шундай демоқда: Мен сени яйловлардаги қўй суруви орасидан танлаб олиб, халқим Исроилга ҳукмдор қилдим. 8Қаерга борсанг, сен билан бўлдим, ҳужум қилганингда, ҳамма ғанимларингни йўқ қилдим. Энди сенинг номингни оламдаги улуғ одамларнинг номи сингари машҳур қиламан. 9– 10Халқим Исроилга илк ҳакамларни тайинлаганимдан буён виждонсиз одамлар халқимни эзиб келдилар. Энди халқим Исроил учун бир юрт тайин этиб, уларни ўша ерга ўтқазаман. Улар ўз юртида истиқомат қилишади, бошқа беҳаловат бўлишмайди. Ҳамма ғанимларингни сенга бўйсундираман. Мен, Эганг, сен учун бир хонадон барпо этаман, деб айтмоқдаман. 11Сен оламдан ўтиб, ота–боболаринг ёнига дафн қилинганингдан кейин ҳам, Мен ўғилларингдан бирини, пушти камарингдан бино бўлган фарзандингни шоҳ қилиб, унинг шоҳлигини мустаҳкамлайман. 12Менга атаб уйни у қуради. Мен эса унинг тахтини то абад мустаҳкам қиламан. 13Мен унга ота бўламан, у эса Менга ўғил бўлади. Мен сендан олдинги шоҳни марҳаматимдан маҳрум қилган эдим. Лекин ўғлингдан ҳеч қачон марҳаматимни дариғ тутмайман. 14Мен уни Ўз хонадоним ва шоҳлигим устига абадий ўтқазаман, унинг тахти то абад мустаҳкам бўлади.»”
15Худо аён қилганларнинг ҳаммасини Натан Довудга айтди.
Довуд шукрона айтиб ибодат қилади
16Шундан кейин шоҳ Довуд Эгамизнинг ҳузурида ўтириб ▼▼ …Эгамизнинг ҳузурида ўтириб… — Довуд Қуддусда Аҳд сандиғини қўйган махсус чодирда ўтирган бўлиши мумкин (15:1, 16:1 га қаранг). Аҳд сандиғи Худо Ўз халқи орасида эканлигининг рамзи эди.
, шундай ибодат қилди:“Эй Парвардигор Эгам! Мен ким бўлибман, хонадоним нима бўлибдики, Сен мени бу қадар улуғладинг?! 17Бунинг устига, эй Худо, Сен келажак замонда юз берадиган воқеаларни хабар қилдинг. Бу қулингнинг хонадони учун кўп ваъда бердинг. Назарингда мени улуғ одамдай билдинг ▼▼ Назарингда мени улуғ одамдай билдинг… — ёки Инсон билишни истаган нарсани Сен менга аён этдинг….
, эй Парвардигор Эгам! 18Сен бу қулингни шуҳратга эриштирдинг, Сенга бундан ортиқ нима ҳам дея олардим?! Ахир, бу қулингни биласан–ку. 19Эй Эгам, Сен бу қулингнинг ҳақи–ҳурмати учун Ўз хоҳишингга мувофиқ, шундай улуғвор иш қилдинг. Бу буюк ваъдаларингни бизга аён қилдинг.20Сенга ўхшаган бошқа худо ҳақида ҳеч қачон эшитмаганмиз. Сенинг асло ўхшашинг йўқ. Эй Эгам, Сендан ўзга Худо йўқ! 21Халқинг Исроилга ўхшаши йўқ! Эй Худойим, бошқа қайси халқни Сен қулликдан халос қилиб, Ўзингнинг халқинг қилдинг?! Сен Ўз халқингни Мисрдан олиб чиқиб, бутун оламга шуҳратингни ёйдинг. Буюк ва ажойиб ишларинг орқали халқинг олдидан бегона халқларни қувдинг. 22Халқинг Исроилни то абад Ўзингнинг халқинг қилдинг. Эй Эгам, Сен уларнинг Худоси бўлдинг.
23Эй Эгам! Бу қулингга ва унинг хонадонига қарата айтган сўзингда то абад тур, берган ваъдангни бажар, 24токи одамлар, Сарвари Олам — Исроил халқининг Худоси экан, деб номингни то абад мақтаб юрсинлар. Ҳа, қулинг Довуднинг хонадонини Ўзинг ҳар доим мустаҳкам қилгин. 25Зотан, Сен, эй Худойим, бу қулингга, сенинг хонадонингни барпо этаман, деб аён этгансан! Шу сабабдан бу қулинг Сенга ибодат қилишга журъат этди. 26Эй Эгам! Сен Худосан. Сен бу қулингга ана шундай эзгу нарсаларни ваъда қилгансан. 27Агар Ўзинг маъқул кўрсанг, бу қулингнинг хонадонига марҳамат қилгин, токи Сенинг ҳузурингда то абад турсин. Зотан, Сен марҳамат қилган хонадон, эй Эгам, то абад марҳаматга сазовор бўлғай.”
Copyright information for
UznUzbC