1 Chronicles 19
Довуд Оммон ва Орам халқларини мағлуб қилади
1Орадан бир қанча вақт ўтгач, Оммон ▼▼ Оммон — бу юрт Иордан дарёсининг шарқ томонида жойлашган эди.
шоҳи Нахош оламдан ўтиб, ўрнига ўғли Ханун шоҳ бўлди. 2Довуд: “Нахош менга содиқ эди, мен ҳам унинг ўғли Ханунга содиқ бўлайин”, деб кўнглидан ўтказди. Шундай қилиб, Довуд Ханунга отасининг вафоти муносабати билан тасалли бериш учун ўз элчиларини жўнатди. Довуднинг элчилари Ханунга тасалли бергани Оммон юртига боришгач, 3Оммон беклари Ханунга шундай деб ўргатишди: “Довуд бу одамларини отангиз ҳурмати учун жўнатган, деб ўйлайсизми? Йўқ, бу элчилар сизнинг ҳузурингизга ёмон ният билан келишган, улар юртни кузатиб, текшириб, кейин қўлга киритишмоқчи.” 4Шу гапдан сўнг Ханун Довуднинг элчиларини ушлади, уларнинг соқолларини қирдириб, кийимларини сонларигача кестириб, орқага қайтариб юборди. 5Элчилар қайтиб кетишди. Довуд бу воқеани эшитди–ю, элчиларини кутиб олиш учун одамлар жўнатди. Элчилар жуда шармандали аҳволда қолган эдилар. Шоҳ ўша элчиларига: “Соқолингиз ўсгунча Ерихода қолинглар, кейин менинг олдимга қайтиб келинглар”, деб айттириб юборди. 6Оммон халқи: “Энди Довуднинг ғазабига дучор бўлдик”, деб ўйладилар. Шунинг учун Ханун ва Оммон халқи Орам–Нахрайимдан, Орам–Маходан ва Зўво шоҳликларидан ▼▼ …Орам–Нахрайимдан, Орам–Маходан ва Зўво шоҳликларидан… — Исроилдан шимолда ва шимоли–шарқда жойлашган иттифоқдош шоҳликлар.
жанг аравалари ва отлиқлар ёллаш учун 2000 пуд ▼▼ 2000 пуд — ибронийча матнда 1000 талант, тахминан 34 тоннага тўғри келади.
кумуш юбордилар. 7Ханун 32.000 та жанг аравасини ва Махо шаҳри шоҳини лашкари билан ёллади. Махо шоҳи келиб, Мидаво шаҳри ▼▼ Мидаво шаҳри — Ўлик денгизнинг шимолий қирғоғидан қарийб 20 километр шарқда жойлашган.
ёнида қароргоҳ қурди. Оммон халқи ҳам ўз шаҳарларидан чиқиб, жангга отланди. 8Довуд бу хабарни эшитди–ю, лашкарбоши Йўаб бошчилигида қўриқчиларининг ҳаммасини урушга сафарбар қилди. 9Оммон лашкари шаҳар ▼▼ шаҳар — Оммон юртининг пойтахти Рабба назарда тутилган бўлиши мумкин (шу бобнинг 15–оятига ва 20:1 га қаранг).
дарвозаси олдида Довудга қарши саф тортди. Ёрдамга келган шоҳлар ҳам ялангликда алоҳида саф тортдилар. 10Йўаб ғаним тўдалари орқаю олдиндан ҳужум қилаётганини кўрди. У Исроилнинг сараланган сипоҳларидан танлаб олди–да, Орам лашкарига қарши саф торттирди. 11Қолганларига эса укаси Абушайни бош қилиб, Оммонларга қарши шай қилиб қўйди. 12Йўаб Абушайга: — Орам лашкари мендан устун келса, сен ёрдамга келасан, — деди. — Борди–ю, Оммонлар сендан баланд келса, мен ёрдамга бораман. 13Бардам бўл! Халқимиз ва Худойимизнинг шаҳарлари учун мардларча кураш олиб борайлик. Эгамизнинг хоҳиш–иродаси бажо бўлсин. 14Йўаб бошчилигидаги сипоҳлар Орам лашкарига қарши ташландилар. Орам лашкари эса уларнинг олдига тушиб қочиб қолди. 15Уларнинг қочганини кўрган Оммонлар ҳам Йўабнинг укаси Абушайдан қочиб, шаҳарга беркиндилар. Шундан кейин Йўаб Қуддусга қайтиб кетди. 16Орам лашкари Исроил лашкаридан енгилганини англаб етгач, хабарчилар юбориб, Фурот дарёсининг нариги томонида турган ўз лашкарини чақиртириб келдилар. Уларга лашкарбоши қилиб, шоҳ Ҳададзар лашкарининг қўмондони Шўвахни ▼▼ Шўвах — ибронийча матнда бу исмнинг бошқа варианти Шўфах. Унинг Шўвах деган шакли 2 Шоҳлар 10:16 дан олинган.
тайинладилар. 17Довуд бу воқеани эшитиб, жамики Исроил лашкарини йиғди. Иордан дарёсини кечиб ўтиб, Орам лашкарига қарши саф тортди. Орам лашкари ҳужумга ўтди. 18Аммо улар бу сафар ҳам Исроил лашкарининг олдига тушиб қочиб қолишди. Довуд Орам лашкарининг 7000 нафар жанг араваси аравакашини ва 40.000 нафар сипоҳини ўлдирди. Ҳададзарнинг лашкарбошиси Шўвах ҳам Довуднинг қўлидан ҳалок бўлди. 19Шундай қилиб, Ҳададзарнинг қўли остидаги шоҳлар Исроилдан мағлуб бўлиб, Довуд билан сулҳ тузишга мажбур бўлишди. Улар Довудга қарам бўлиб қолишди. Шундан кейин Орам халқи Оммон халқига ёрдам беришдан бош тортадиган бўлди.
Copyright information for
UznUzbC