‏ 1 Kings 1

Шоҳ Довуд кексаяди

1Шоҳ Довуд анча қариб қолди
…анча қариб қолди — тахминан 70 ёшларда эди.
. Уни кўрпа–тўшаклар билан ўраб ташлашса ҳам, ҳеч исимас эди.
2Шунда аъёнлари Довудга айтишди:

— Ҳазрати олийлари учун ёш, бокира қиз қидириб топсак. Ўша қиз шоҳимиз олдида бўлсин, парвариш қилсин, шоҳимизнинг қучоғида ётсин. Ана шунда шоҳ ҳазратлари исийдилар.

3Шундай қилиб, бутун Исроил ҳудуди бўйлаб чиройли, бўйи етган қизни қидирдилар. Ниҳоят, Шунамлик
Шунам — Жалила кўлининг жанубий қирғоғидан қарийб 26 километр жануби–шарқда жойлашган шаҳар.
Обиша исмли қизни топиб, шоҳ ҳузурига олиб келишди.
4Қиз ғоятда гўзал эди. У шоҳни парвариш қилиб, унинг хизматида бўлди. Лекин шоҳ қизга яқинлашмади.

Одониё тахтга даъвогар бўлади

5Абсалом вафот этгандан кейин, Хаггитнинг Довуддан кўрган ўғли Одониё “Мен шоҳ бўламан”
“Мен шоҳ бўламан” — Абсаломнинг ўлимидан кейин Довуднинг тўнғич ўғли бўлиб қолган Одониё тахтга даъвогар эди. Ўша давр одатига кўра тўнғич ўғиллар тахт вориси бўлишарди.
, деб ўзини жуда катта тутадиган бўлиб қолди. У ўзига жанг аравалари, чавандозлар ва элликта қўриқчи олди.
6Отаси эса “Нима учун сен бундай қиляпсан?” деб ҳеч қачон уни тергамади. Одониё Абсаломдан кейингиси бўлиб, жуда чиройли йигит эди. 7У Зеруя ўғли Йўаб ва руҳоний Абуатарга маслаҳат солди. Иккови ҳам Одониё тарафига ўтдилар. 8Лекин руҳоний Зодўх, Ёҳайидо ўғли Бинаё, Натан пайғамбар, Шимах, Рей ва Довуднинг қўриқчилари Одониё томонга ўтмадилар. 9Одониё Эн–Рўғол булоғи
Эн–Рўғол булоғи — Қуддусдан жануби–шарқда, Қидрон сойлигида жойлашган.
бўйидаги Зўхалат тоши ёнида қўй, буқа ва боқилган бузоқларни қурбонлик қилиб, ҳамма ака–укаларини — шоҳ ўғилларини, шоҳга қарашли барча Яҳудо аъёнларини таклиф қилди
…қурбонлик қилиб…таклиф қилди — Одониё тахтга даъвогарлигини байрам қилиб нишонлаган.
.
10Натан пайғамбарни, Бинаёни, шоҳнинг қўриқчиларини, укаси Сулаймонни эса таклиф қилмади.

Сулаймон тахтга ўтиради

11Шундан сўнг Натан Сулаймоннинг онаси Ботшевага деди:

— Хаггитнинг ўғли Одониё ўзини ўзи шоҳ қилганини, Довуд ҳазратлари эса бу аҳволдан бехабар эканини эшитмадингми?
12Энди мен сенга шундай маслаҳат бераман: сен ўзингнинг ва ўғлинг Сулаймоннинг ҳаётини қутқар. 13Шоҳ Довуд саройига бориб, унинг ҳузурига киргин. Шоҳга шундай деб айт: “Шоҳ ҳазратлари бу чўрисига, ўғлинг Сулаймон шоҳ бўлади, мендан кейин тахтга у ўтиради, деб ваъда бермаганмидилар?! Нимага энди Одониё шоҳ бўлиб қолди?” 14Сен у ерда шоҳ билан суҳбатни давом эттираётганингда, мен орқангдан кириб, сенинг гапингни қўллаб–қувватлайман.

15Ботшева бориб, шоҳ Довуднинг хонасига кирди: шоҳ жуда мункиллаб қолган, Шунамлик Обиша эса унинг хизматини қилаётган эди. 16Ботшева шоҳга эгилиб таъзим қилди.

— Тила тилагингни, — деди шоҳ.
17Ботшева унга деди:

— Шоҳ ҳазратлари! Бу чўрингизга ўз Эгангиз Худо номи билан онт ичиб “Мендан кейин ўғлинг Сулаймон шоҳ бўлади, мендан кейин тахтга у ўтиради”, деб ваъда берган эдингиз–ку.
18Энди эса Одониё шоҳ бўлиб қолибди. Шоҳ ҳазратлари эса бу ҳақда ҳеч нарса билмайдилар. 19У бир талай буқа, боқилган бузоқ ва қўйлар сўйиб, шоҳимизнинг ҳамма ўғилларини, руҳоний Абуатарни, лашкарбоши Йўабни таклиф қилибди. Қулингиз Сулаймонни эса таклиф қилмабди. 20Шоҳ ҳазратлари! Жамики Исроил халқининг кўзлари сизга қадалган, ўзингиздан кейин тахтга ким ўтиришини сиз эълон қилишингизни кутишяпти. 21Акс ҳолда, шоҳ ҳазратлари оламдан ўтиб, ота–боболари ёнига кетганларида, мен ва ўғлим Сулаймон хиёнаткордай бўлиб қоламиз.

22Ботшева шоҳ билан гаплашаётганда, Натан пайғамбар етиб келди. 23Шунда шоҳга: “Натан пайғамбар шу ердалар, сизни кўрмоқчилар”, деб хабар беришди. Натан шоҳ ҳузурига кирди–ю, ер ўпиб унга таъзим қилди. Ботшева эса чиқиб кетди. 24Кейин Натан шоҳга деди:

— Шоҳ ҳазратлари! Сиз “Мендан кейин Одониё шоҳ бўлади, мендан кейин тахтга у ўтиради”, деб айтган эдингизми?
25У бугун чиқибоқ бир талай буқа, боқилган бузоқ, қўйлар сўйиб, шоҳнинг ҳамма ўғилларини, қўшинингизнинг лашкарбошиларини ва руҳоний Абуатарни таклиф қилди. Ҳаммалари Одониёнинг ҳузурида еб–ичиб ўтиришибди, “Яшасин шоҳ Одониё!” деб бақиришяпти. 26Мен, қулингизни, руҳоний Зодўхни, Ёҳайидо ўғли Бинаёни ва қулингиз Сулаймонни эса таклиф қилмади. 27Буларнинг ҳаммаси шоҳ ҳазратларининг хоҳишига кўра бўлдими? Шоҳ ҳазратлари ўзларидан кейин тахтга ким ўтириши ҳақида биз, қулларига нега аён қилмадилар?

28Шунда Довуд: “Ботшевани менга чақиринглар!” — деди. Ботшева кириб, шоҳ қаршисида турди. Натан чиқиб кетди. 29Шоҳ онт ичиб Ботшевага айтди:

— Мени ҳар қандай балолардан доимо сақлаб келган Худойим шоҳид!
30Мен Исроил халқининг Худоси — Эгамиз номи билан онт ичиб, сенга “Ўғлинг Сулаймон шоҳ бўлади, мендан кейин тахтга у ўтиради”, деб ваъда берган эдим. Ўша онтимни бугун адо этаман.

31Ботшева ер ўпиб, шоҳга таъзим қилди:

— Шоҳимиз Довуд ҳазратлари дунё тургунча турсинлар!

32— Руҳоний Зодўхни, Натан пайғамбарни, Ёҳайидо ўғли Бинаёни менинг ҳузуримга таклиф қилинглар! — деди шоҳ Довуд. Улар шоҳ ҳузурига кириб келдилар. 33Шундан сўнг шоҳ уларга:

— Ёнингизга шоҳингизнинг қўриқчиларини олинглар, — деди. — Ўғлим Сулаймонни менинг хачиримга ўтқазиб, Гихўн булоғига
Гихўн булоғи — Эн–Рўғол булоғининг яқинида, булоқнинг шимолида жойлашган (шу бобнинг 9, 41–оятларига қаранг). Бу булоқ Қуддуснинг асосий сув манбаи эди.
олиб боринглар.
34У ерда руҳоний Зодўх ва Натан пайғамбар Сулаймоннинг бошига мой суртиб, уни Исроил шоҳи қилсинлар. Кейин бурғу чалиб, баланд овоз билан: “Яшасин шоҳ Сулаймон!” деб айтинглар. 35Сўнг унинг орқасидан қайтиб келинглар. У келгач, менинг тахтимга ўтирсин, менинг ўрнимга шоҳ бўлсин. Мен уни Исроил ва Яҳудонинг
Исроил ва Яҳудо — бу оятда “Исроил” деган ном шимолий қабилалардан ташкил топган халққа нисбатан ишлатилган, “Яҳудо” номи эса жанубий қабилалардан ташкил топган халққа нисбатан ишлатилган. Довуднинг ўғли Сулаймон ҳам, Довуд сингари, барча қабилалар устидан ҳукмронлик қилган.
ҳукмдори қилиб тайинладим.

36Бинаё шоҳга қарата:

— Омин! Шоҳимиз ҳазратларининг Худоси — Эгамизнинг амри ҳам шундай бўлсин! — деди.
37— Эгамиз доимо шоҳ ҳазратлари билан бўлган эди. Бундан кейин У Сулаймонга ёр бўлсин, Сулаймоннинг тахтини шоҳимиз Довуд ҳазратлари тахтидан ҳам юксак қилсин.

38Руҳоний Зодўх, Натан пайғамбар, Ёҳайидо ўғли Бинаё, шоҳнинг Харетлик ва Палатлик қўриқчилари
Харетлик ва Палатлик қўриқчилар — Довуд ёллаган бу муҳожир сипоҳлар шоҳнинг шахсий қўриқчилари бўлиб хизмат қилган.
Сулаймонни шоҳ Довуднинг хачирига ўтқазиб жўнадилар. Ниҳоят, уни Гихўн булоғига олиб келдилар.
39Руҳоний Зодўх чодирдан
чодир — Қуддусда Аҳд сандиғини вақтинча қолдириш учун Довуд ўрнаштирган чодир (2 Солномалар 1:2-6 га қаранг). Бу пайтда Қуддусдаги Маъбад ҳали қурилмаган, Муқаддас чодир Гивондаги саждагоҳда эди.
олиб келган мой солинган қўчқор шохини
қўчқор шохи — ҳайвоннинг ишлов берилган шохларидан баъзан идиш сифатида фойдаланилган.
олиб чиқди ва Сулаймоннинг бошига мой суртди. Кейин бурғу чалдилар. Шунда бутун халқ: “Яшасин шоҳ Сулаймон!” деб қичқирди.
40Халқ Сулаймонга эргашиб, най чалиб, ўйин–кулги қилиб кетди. Халқнинг қийқириғидан гўё ер титраб кетди.

41Одониё ва ҳамма таклиф қилинганлар таомни еб бўлар–бўлмас, шовқин–суронни эшитиб қолдилар. Йўаб бурғу овозини эшитиб: “Нимага бунчалик шовқин? Шаҳарни ларзага келтиради–я”, — деди. 42У гапини тугатмаган ҳам эдики, руҳоний Абуатарнинг ўғли Йўнатан кириб келди.

— Кел, — деди Одониё унга, — сен улуғ одамсан, яхши хабар олиб келяпсан–ов.

43— Йўқ, шоҳимиз Довуд ҳазратлари Сулаймонни шоҳ қилиб кўтардилар, — деб жавоб берди Йўнатан. 44— Шоҳ Довуд у билан бирга руҳоний Зодўхни ва Натан пайғамбарни, Бинаёни, ўзининг Харетлик ва Палатлик қўриқчиларини жўнатди. Улар Сулаймонни шоҳнинг хачирига ўтқазишди. 45Руҳоний Зодўх ва Натан пайғамбар Гихўн булоғида Сулаймоннинг бошига мой суртиб, уни шоҳ қилдилар. У ердан шод–хуррам бўлиб қайтиб келишди. Шунинг учун шаҳар ола–ғовур бўлиб қолди. Сизлар эшитаётган шовқин–суроннинг боиси шудир. 46Сулаймон шоҳлик тахтига ўтирибди. 47Шоҳнинг аъёнлари Довуд ҳазратларини табриклаш учун келиб шундай дейишди: “Сулаймоннинг номини Худойингиз сизнинг номингиздан ҳам кўпроқ улуғласин, унинг тахтини сизнинг тахтингиздан ҳам юксалтирсин.” Шоҳ эса тўшагида ётганича Худога сажда қилиб, 48шундай деди: “Исроил халқининг Худоси — Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! У бугун кўзларим очиқлигида зурриётимдан биттасини тахтга ўтқазди.”

49Одониёнинг меҳмонлари қўрқув ичида ўринларидан туриб, ҳаммаси ҳар ёққа тарқалиб кетдилар. 50Одониё ҳам Сулаймондан қўрққанидан ўрнидан турди–ю, қочиб бориб, қурбонгоҳнинг бурчагидан маҳкам ушлаб олди
…қурбонгоҳнинг бурчагидан маҳкам ушлаб олди — қурбонгоҳнинг тўртала бурчагининг учи ҳайвон шохи шаклида ясалган эди. Қурбонгоҳ муқаддас ҳисоблангани учун, унинг шохини ушлаб турган одамни ўлдириб бўлмас эди.
.

51Сулаймонга шу хабарни олиб келдилар: “Одониё шоҳ Сулаймондан қўрқяпти, у қурбонгоҳнинг бурчагини маҳкам ушлаб олиб, Сулаймон, бу қулимни ўлдирмайман, деб олдин менга сўз берсин, деяпти.”

52— Агар у менга содиқ бўлса, — деди Сулаймон, — бошидаги бир тола сочига ҳам зарар етмайди. Борди–ю, кўнглида ёмонлик бўлса, бошини оламан.

53Шоҳ Сулаймон одам юбориб, Одониёни қурбонгоҳдан олдириб келди. Одониё келиб, шоҳ Сулаймонга таъзим қилди. Шундан сўнг Сулаймон: “Бор, уйингга жўна!” — деди унга.
Copyright information for UznUzbC