‏ 1 Kings 13

1Ерибом қурбонгоҳнинг ёнида қурбонлик куйдирмоқчи бўлиб турган пайтда, бир пайғамбар, Эгамизнинг амрига кўра, Яҳудодан Байтилга келди. 2Пайғамбар Эгамизнинг амри билан қурбонгоҳга нидо қилди:

— Қурбонгоҳ, эй қурбонгоҳ! Эгамиз шундай айтар: “Довуд хонадонида бир ўғил фарзанд дунёга келар, Унинг исми Йўшиё
Йўшиё — Яҳудо шоҳи Йўшиё, милоддан олдинги 640-609 йилларда ҳукмронлик қилган (4 Шоҳлар 22:1-23:30 га қаранг).
бўлар. Саждагоҳларда қурбонлик куйдирадиган руҳонийларни сенинг устингда қурбон қилар. Сенинг устингда инсон суякларини ёқар.”

3Пайғамбар ўша куниёқ бунинг аломати тўғрисида айтди:

— Эгамиз айтган аломат қуйидагича бўлади: қурбонгоҳ ёрилиб кетар, устидаги кул тўкилар.

4Пайғамбарнинг Байтилдаги қурбонгоҳга айтган бу сўзларини Ерибом эшитгач, қурбонгоҳдан унга томон қўлини узатиб: “Ушланглар уни!” — деди. Ерибомнинг пайғамбарга қарши чўзилган қўли эса қуриб, ёғочдай қотиб қолди. Унинг қўли букилмайдиган бўлиб қолди. 5Эгамизнинг пайғамбар орқали айтган аломати бажо бўлди: қурбонгоҳ ёрилиб, устидаги кул тўкилиб кетди. 6Шунда шоҳ пайғамбарга деди:

— Илтижо қиламан, Эгангиз Худога мен учун ёлвориб, ибодат қилинг, токи қўлим аввалги ҳолига келсин.

Пайғамбар Эгамизга ибодат қилган эди, шоҳнинг қўли аввалги ҳолига келиб, букиладиган бўлди.
7Шоҳ пайғамбарга яна айтди:

— Мен билан юр уйимга, тамадди қилиб ол, сенга ҳадялар берай.

8Пайғамбар шоҳга деди:

— Бойлигингнинг ярмини берсанг ҳам, сен билан бормайман, бу ерда нон ҳам емайман, сув ҳам ичмайман.
9Эгамиз менга: “Нон емайсан, сув ичмайсан, борган йўлингдан қайтмайсан”, деб амр берган.

10Шундан кейин пайғамбар Байтилга келган йўлидан қайтмай, бошқа йўлдан кетди.

Байтиллик кекса пайғамбар

11Байтилда кекса бир пайғамбар яшарди. Унинг ўғиллари келиб, Яҳудолик пайғамбарнинг шу куни Байтилда қилган ишлари ҳақида оталарига айтиб бердилар. Пайғамбарнинг шоҳга айтган сўзларини ҳам оталарига баён қилдилар. 12Отаси ўғилларидан: “Ўша одам қайси йўлдан кетди?” — деб сўради.

Яҳудодан келган пайғамбарнинг қайси йўлдан кетганини унга ўғиллари кўрсатдилар.
13Шунда кекса пайғамбар ўғилларига: “Эшагимни эгарланглар!” — деди. Ўғиллари пайғамбарнинг эшагини эгарлаб бердилар, у эшагига миниб жўнади.

14Кекса пайғамбар Яҳудолик пайғамбарнинг изидан кетди ва ниҳоят уни топди. Яҳудолик пайғамбар эман дарахти остида ўтирган экан. Кекса пайғамбар ундан:

— Яҳудодан келган пайғамбар сенмисан? — деб сўради.

— Ҳа, менман, — жавоб берди у.
15Кекса пайғамбар унга:

— Мен билан юр уйимга, тамадди қилиб ол, — деди.
16У эса кекса пайғамбарга:

— Сен билан бирга қайтиб боролмайман, — деди. — Бу ерда сен билан бирга нон ҳам емайман, сув ҳам ичмайман.
17Эгамиз менга: “У ерда нон ҳам емайсан, сув ҳам ичмайсан, борган йўлингдан қайтмайсан”, деб амр берган.

18Пайғамбар эса унга шундай деди:

— Мен ҳам сенга ўхшаган бир пайғамбарман, фаришта менга Эгамизнинг шу сўзларини айтди: “Уни йўлдан қайтариб, ўзинг билан бирга уйингга олиб кел, нон еб, сув ичиб олсин.”

Лекин кекса пайғамбар ёлғон гапираётган эди.

19Шундай қилиб, Яҳудолик пайғамбар кекса пайғамбар билан бирга қайтиб келди, унинг уйида тамадди қилди. 20Улар дастурхон атрофида ўтирганларида, кекса пайғамбарга Эгамиз шу сўзларни аён қилди. 21Кекса пайғамбар эса Яҳудолик пайғамбарга деди:

— Эгамиз шундай айтмоқда: “Сен Менинг сўзимга итоат қилмадинг! Мен, Эгангиз Худонинг амрига қарши чиқиб
22орқангга қайтдинг. Мен сенга нон ема, сув ичма, деб айтган ерда еб–ичдинг. Энди сенинг жасадинг ота–боболаринг хилхонасига дафн қилинмайди.”

23Яҳудолик пайғамбар тамадди қилиб бўлиши биланоқ, кекса пайғамбар унинг эшагини эгарлаб берди. 24Яҳудолик пайғамбар йўлда кетаётган эди, олдидан бир шер чиқиб қолди. Шер уни тилка–пора қилиб, жасадни йўлнинг устига ташлади. Эшак ҳам, шер ҳам жасаднинг олдида турарди. 25Шу ердан ўтиб кетаётган одамлар йўл ўртасидаги жасадни ва жасад ёнида турган шерни кўрдилар. Одамлар кекса пайғамбар яшайдиган шаҳарга бориб, кўрганларини айтдилар. 26Яҳудолик пайғамбарни йўлдан қайтариб келган кекса пайғамбар шу воқеани эшитиб деди:

— Эгамизнинг амрига итоат этмаган пайғамбар ўшадир. Шунинг учун Эгамиз шерни юборди ва шер уни тилка–пора қилиб ташлади. Эгамиз, айтганига биноан, уни ўлдирди.

27Кекса пайғамбар ўғилларига: “Эшагимни эгарланглар!” — деди. Ўғиллари эшакни эгарлаб бердилар. 28У бориб, йўл ўртасида ётган жасадни топди. Эшак ҳам, шер ҳам жасаднинг ёнида турар, шер жасадни емаган, эшакка ҳеч қандай зарар етказмаган эди. 29Кекса пайғамбар Яҳудолик пайғамбарнинг жасадини ердан кўтариб олиб, эшакка ортди ва орқасига қайтариб олиб кетди. Уни дафн қилиб, унга аза очай деб, шаҳарга келди. 30Жасадни ўзининг қабрига қўйгач: “Вой жигарим, вой жигарим!” деб қабр устида фарёд чекди. 31Яҳудолик пайғамбарни дафн қилгач, кекса пайғамбар ўғилларига:

— Вафот этганимдан сўнг мени ҳам Яҳудолик пайғамбар дафн қилинган хилхонага қўйинглар, — деди. — Суякларим унинг суяклари ёнида турсин.
32Эгамизнинг амрига кўра, Байтилдаги қурбонгоҳ ва Самария
Самария — бу воқеадан кейин тахминан 50 йил ўтгач, Самария шаҳри қурилган (16:23-24 га қаранг). Анча вақт ўтгандан кейингина Исроилга, яъни шимолий шоҳликка Самария номи берилган (4 Шоҳлар 17:24 га қаранг).
шаҳарларидаги ҳамма саждагоҳлар ҳақида унинг айтган сўзлари албатта бажо бўлади.

Ерибомнинг гуноҳ ишлари

33Бу ҳодисадан кейин ҳам Ерибом қабиҳ йўлдан қайтмади. Яна саждагоҳларга оддий халқдан руҳонийлар тайин этди. Кимни хоҳласа, ўшани руҳоний қилиб тайинлайверди. 34Бу гуноҳ ишлар Ерибом наслининг ер юзидан қирилиб, йўқолиб кетишига сабаб бўлди.
Copyright information for UznUzbC