‏ 1 Kings 16

1Эгамиз Исроил шоҳи Башога Хонин ўғли Ёҳу орқали шу сўзларни аён қилган эди:

2— Сени Мен тупроқ остидан чиқариб юксалтирдим. Сени халқим Исроилнинг ҳукмдори қилдим. Сен эса Ерибомнинг йўлидан кетиб, халқим Исроилни гуноҳга ботирдинг. Гуноҳларингиз Мени ғазаблантирди. 3Мана кўрасан, Набат ўғли Ерибом хонадони сингари, сенинг оилангни ҳам илдизидан қуритаман. 4Сенинг хонадонингдан бўлган одам шаҳарда ўлса кўппакларга ем бўлар, қирда ўлса кўкдаги қушларга ем бўлар.

5Башонинг бошқа ишлари, фаолияти, қаҳрамонликлари “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзиб қолдирилган. 6Башо ҳам оламдан ўтиб, Тирзада ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Элох шоҳ бўлди. 7Хонин ўғли Ёҳу орқали Башога ва унинг хонадонига Эгамиз Ўзининг сўзларини аён қилган эди. Башо Эгамиз олдида Ерибом хонадони каби қабиҳликлар қилгани ва Ерибомнинг хонадонини қириб ташлагани учун Эгамиз ундан ғазабланди.

Исроил шоҳи Элох

8Осо Яҳудога шоҳлик қилаётганига йигирма олти йил бўлганда, Элох Исроил шоҳи бўлди. Элох Башонинг ўғли эди. У Тирзада истиқомат қилиб, икки йил ҳукмронлик қилди. 9Лекин жанг араваларининг ярмига қўмондон бўлган Зимри унга суиқасд уюштирди. Элох Тирзада турган пайтда Тирзадаги бош вазири Арзонинг уйида ичиб маст бўлиб қолди. 10Шунда Зимри ичкарига кирди–ю, уни ўлдирди. Сўнг Зимри шоҳ бўлиб олди. Осо Яҳудода шоҳлик қилаётганига йигирма етти йил бўлганда, шу воқеа юз берди.

11Зимри шоҳ бўлиб тахтга ўтиргач, Башо хонадонини битта қўймай қириб ташлади. Башонинг қариндош–уруғидан ҳам, ёр–биродарларидан ҳам биронта эркак зоти тирик қолмади. 12Эгамизнинг Ёҳу пайғамбар орқали айтган сўзларига кўра, Зимри Башо хонадонини йўқ қилди. 13Башо билан унинг ўғли Элохнинг гуноҳлари кўп бўлиб, улар Исроил халқини гуноҳга ботирган, ўзларининг бутлари билан Исроил халқининг Худоси — Эгамизни ғазаблантиргани учун шу ҳодисалар юз берган эди. 14Элохнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзиб қолдирилган.

Исроил шоҳи Зимри

15Осо Яҳудога шоҳлик қилаётганига йигирма етти йил бўлганда, Зимри ҳам Тирзада етти кун Исроилга шоҳ бўлди. Исроил лашкари шу пайтда Гибитон шаҳрини қамал қилиб турган эди. Бу шаҳар Филистларники эди. 16“Зимри шоҳга суиқасд уюштирибди, шоҳни ўлдирибди” деган хабарни лашкар Гибитонни қамал қилиб турган ерда эшитди. Халқ лашкарбоши Омрини қароргоҳда ўша куниёқ Исроил шоҳи қилиб кўтарди. 17Омри Исроил лашкарини бошлаб Гибитондан чиқиб келди ва Тирзани қамал қилди. 18Зимри эса шаҳарнинг қўлдан кетганини кўрди–ю, шоҳ саройининг ички қалъасига кирди. Кейин орқасидан шоҳ саройига ўт қўйиб юбориб, ўзи ҳам нобуд бўлди. 19Зимри гуноҳ қилгани учун шу ҳодисалар юз берган эди. У Ерибомнинг йўлидан юриб, Эгамиз олдида қабиҳликлар қилган ва Исроил халқини гуноҳга бошлаган эди. 20Зимрининг бошқа ишлари, хоинлиги “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзиб қолдирилган.

Исроил шоҳи Омри

21Энди Исроил халқи иккига бўлиниб қолди. Халқнинг ярми: “Гинат ўғли Тивнахни шоҳ қиламиз”, деб унга эргашди, ярми эса Омрининг этагини тутди. 22Омрининг этагини тутган халқ Тивнахга эргашган халқ устидан ғолиб келди, Тивнах эса ўлди. Омри шоҳ бўлиб қолди. 23Осо Яҳудога шоҳлик қилаётганига ўттиз бир йил бўлганда, Омри Исроил шоҳи бўлди. У ҳаммаси бўлиб ўн икки йил ҳукмронлик қилди. Олти йили Тирзада ўтди. 24У Шамер исмли одамдан тўрт пуд
тўрт пуд — ибронийча матнда икки талант, тахминан 68 килога тўғри келади.
кумушга тепаликни сотиб олиб, у ерга шаҳар қурдирди. Шаҳарни тепаликнинг олдинги эгаси Шамернинг исми билан Самария деб атади.

25Омри ҳам Эгамиз олдида қабиҳликлар қилди. У шу даражада қабиҳлик қилдики, аввал ўтган шоҳларнинг бирортаси Омричалик қабиҳлик қилмаган эди. 26Омри ҳам Исроил халқини гуноҳга ботирган Набат ўғли Ерибомнинг йўлидан кетди. Омри халқни бутпарастликка бошлаб, Исроил халқининг Худоси — Эгамизни ғазаблантирди. 27Омрининг бошқа ишлари, кўрсатган қаҳрамонликлари “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзиб қолдирилган. 28Ниҳоят, Омри оламдан ўтиб, Самарияда ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Ахаб шоҳ бўлди.

Исроил шоҳи Ахаб

29Осо Яҳудога шоҳлик қилаётганига ўттиз саккиз йил бўлганда, Ахаб Исроил шоҳи бўлди. Ахаб Омрининг ўғли эди. У Самарияда туриб, йигирма икки йил давомида Исроилни бошқарди. 30Ахаб Эгамиз олдида шундай қабиҳликлар қилдики, олдин ўтган шоҳларнинг бирортаси ҳам шунчалик қабиҳлик қилмаган эди. 31Ҳатто Набат ўғли Ерибомнинг гуноҳларига шерик бўлгани камлик қилгандай, Сидонликлар
Сидон — Финикияда муҳим аҳамиятга эга бўлган шаҳар. Бу шаҳар Исроилдан шимолда, Ўрта ер денгизи бўйида жойлашган эди. Бугунги кунда бу шаҳар Ливан мамлакатининг жанубий ҳудудини ташкил қилади.
шоҳи Этбаалнинг қизи Изабелга уйланиб, Баалга сажда қилиб, хизмат қила бошлади.
32Самарияда Баалга атаб қурган уйда қурбонгоҳ ҳам барпо қилди. 33Ахаб, бунинг устига, Ашерага
Ашера — 14:15 изоҳига қаранг.
атаб устун ясади. У ўзидан аввал ўтган ҳамма Исроил шоҳларидан зиёда гуноҳ қилиб, Исроил халқининг Худоси — Эгамизни ғазаблантирди.

34Ахаб шоҳлик қилган даврда Байтиллик Хиёл Ерихо шаҳрини қайтадан қурди. Эгамизнинг Нун ўғли Ёшуа орқали қилган башорати
Эгамизнинг…Ёшуа орқали қилган башорати… — Ёшуа 6:25 га қаранг.
бажо бўлди. Хиёл тўнғич ўғли Абурамнинг жони эвазига шаҳарнинг пойдеворини ётқизди. Кичик ўғли Сахувнинг жони эвазига
…жони эвазига…жони эвазига… — бу ибора Хиёлнинг ўғиллари Ёшуанинг айтган лаънати туфайли ўлганлигига ишора қилаётган бўлиши мумкин. Ёки шаҳарни қайта қураётган пайтда маҳаллий худолардан мадад сўраб, уларнинг ҳимояси остида бўлиш учун Хиёл ўз ўғилларини ўша худоларга қурбонлик қилганига ҳам ишора қилаётган бўлиши мумкин.
эса шаҳар дарвозасини ўрнатди.
Copyright information for UznUzbC