‏ 1 Kings 2

Довуднинг Сулаймонга васияти

1Довуднинг умри охирлаб бораётган эди. У ўғли Сулаймонга шундай деб васият қилди:

2— Энди менинг ҳам умрим охирлаб боряпти. Сен қатъий иродали, мардонавор бўл. 3Эганг Худо қўйган талабларни бажар. Мусонинг Таврот китобида ёзилганидай, Унинг йўлидан юриб, фармон ва амрларига, қонун–қоидалари ва шартларига риоя қил. Шунда нима қилсанг ҳам, қаерга борсанг ҳам, ҳар доим барака топасан. 4Эгамиз мен ҳақимда айтган мана бу ваъдасини адо этади: “Агар ўғилларинг Менинг олдимда ўз йўлларидан адашмай, бутун қалби билан, жону дили билан содиқ бўлиб юрсалар, сенинг наслингдан бўлган эркак зоти то абад Исроил тахтида ўтиради.” 5Яна Зеруя ўғли Йўаб менга нима қилганини сен биласан. У Исроилнинг иккита лашкарбошисини — Нар ўғли Абнур билан Этер ўғли Эмосани ўлдириб, тинчлик пайтида уруш давридагидай қон тўкди
У Исроилнинг иккита лашкарбошисини…қон тўкди — 2 Шоҳлар 3:22-27, 20:7-10 га қаранг.
. Чориғидан тортиб, белигача урушдагидай қонга булғанди.
6Йўаб ажалидан беш кун бурун ўлсин, ўликлар диёрига
ўликлар диёри — ибронийча матнда Шеўл. Қадимда Исроил халқи Шеўлни ер остидаги тубсиз чуқурлик, марҳумлар борадиган қоронғи жой деб тушунарди.
тинчгина кирмасин. Шунга ақлингни ишлат.
7Гиладлик Борзулайнинг ўғилларига садоқатли бўл. Улар сенинг дастурхонингдан таом ейдиганлар орасида бўлсин. Чунки мен аканг Абсаломдан қочиб юрганимда, улар менинг олдимда ҳозиру нозир бўлишди
Чунки…улар менинг олдимда ҳозиру нозир бўлишди — 2 Шоҳлар 17:27-29 га қаранг.
.
8Эсингда бўлсин: ёнингда Бенямин қабиласидан Бохуримлик Гера ўғли Шимах ҳам бор. Моханайимга қочиб ўтаётганимда, у мени ёмон қарғаган эди
Моханайимга қочиб ўтаётганимда, у мени ёмон қарғаган эди — 2 Шоҳлар 16:5-13 га қаранг.
. Лекин кейинроқ у мени кутиб олиш учун Иордан дарёси бўйига чиқди. Мен Эгамиз номи билан онт ичиб, унга: “Сени ўлдирмайман”, деган эдим
Лекин кейинроқ…онт ичиб, унга: “Сени ўлдирмайман”, деган эдим — 2 Шоҳлар 19:16-23 га қаранг.
.
9Лекин сен уни айбсиз деб билма. Сен ақлли одамсан, нима қилишни ўзинг биласан. У қариб қолган бўлса ҳам, ўлдирилиши керак.

Довуднинг ўлими

10Ниҳоят, Довуд оламдан ўтиб, Довуд қалъасида, ота–боболари ёнига дафн қилинди. 11Довуд Исроилда қирқ йил шоҳлик қилди: шундан етти йили Хевронда, ўттиз уч йили Қуддусда ўтди. 12Шундай қилиб, Сулаймон отаси Довуд ўрнига тахтга ўтирди. Унинг шоҳлиги мустаҳкам бўлди.

Одониёнинг ўлими

13Хаггитнинг ўғли Одониё Сулаймоннинг онаси Ботшева ҳузурига келди.

— Тинчликми, бу ерга яхшилик билан келдингми? — деб сўради Ботшева.

— Ҳа, яхшилик билан, — деди Одониё.
14— Сизда гапим бор эди.

— Гапиравер, — деди Ботшева.

15Одониё гап бошлади:

— Яхши биласиз, мен шоҳ бўлишим керак эди
…мен шоҳ бўлишим керак эди — Одониё Сулаймондан катта эди (шу бобнинг 22–оятига қаранг).
. Бутун Исроил халқи менга, бўлажак шоҳ, деб кўз тикиб турган эди. Лекин шоҳлик қўлдан кетди, Эгамизнинг хоҳиши билан укамга насиб қилган экан.
16Энди сиздан бир ўтинчим бор, фақат йўқ деманг.

— Гапир, — деди Ботшева.

17— Илтимосим шуки, — деди Одониё, — шоҳ Сулаймон билан гаплашсангиз, Шунамлик Обишани менга хотинликка берса. Сиз айтсангиз, йўқ демайди.

18— Яхши, мен шоҳга сен тўғрингда айтиб кўрай–чи, — деди Ботшева.

19Ботшева, Одониё ҳақида гаплашай деб, шоҳ Сулаймон ҳузурига кетди. Шоҳ унга пешвоз чиқиб, таъзим қилди, кейин яна тахтига ўтирди. Шоҳнинг онаси учун ҳам тахт қўйиб беришди. Ботшева шоҳнинг ўнг томонига
шоҳнинг ўнг томони — ўнг томон мурувват ва барака ўрни деб ҳисобланган.
ўтирди.

20— Сенга битта кичкинагина илтимосим бор, қайтармагин, — деди Ботшева.

— Сўранг, онажон, тилагингиз бажо бўлар, — деди шоҳ.

21— Шунамлик Обишани аканг Одониёга хотинликка берсанг, — деди Ботшева.

22Сулаймон кинояли оҳангда онасига деди:

— Нимага Одониё учун сиз фақат Шунамлик Обишани сўраяпсиз? Одониё акам бўлгандан кейин, у учун шоҳликни ҳам сўрайверинг. Ахир, руҳоний Абуатар, Зеруя ўғли Йўаб унинг тарафини олишларини биласиз–ку!

23Шоҳ Сулаймон Эгамиз номи билан онт ичиб, шундай деди:

— Агар Одониёни шу гапи учун ўлдирмасам, Худо мени ҳар қандай жазога мубтало қилсин, ундан ҳам баттарроғига дучор қилсин.
24Отам Довуднинг тахтига мени ўтқазиб, куч–қудратимни оширган ва Ўзи айтганидай, менинг сулоламни яратган Худо шоҳид! Одониё шу бугуноқ ўлдирилади!

25Шоҳ Сулаймон Бинаёни жўнатди. Бинаё Одониёни ўлдирди.

Абуатарнинг бадарға қилиниши ва Йўабнинг ўлдирилиши

26Руҳоний Абуатарга эса Сулаймон шу гапларни айтди:

— Сен Онотўтга
Онотўт — Қуддусдан қарийб 5 километр шимоли–шарқда жойлашган левиларга қарашли шаҳар (Ёшуа 21:1-3, 18 га қаранг).
— ўзингнинг ерингга жўнаб қол! Сен аслида ўлимга лойиқсан! Лекин сен отам Довуднинг олдида Эгамиз Раббийнинг Сандиғини олиб борган эдинг, отам билан бирга ҳар нарсага бардош берган эдинг. Шунинг учун ҳозир сени ўлдирмайман!

27Сулаймон Абуатарни Эгамизнинг руҳонийлигидан маҳрум қилди. Шундай қилиб, Эгамизнинг Шилўда Элах хонадони ҳақида айтган сўзлари бажо бўлди
Шундай қилиб, Эгамизнинг…айтган сўзлари бажо бўлди — 1 Шоҳлар 2:27-36 га қаранг. Абуатар Элахнинг кичик ўғли Финхазнинг эвараси эди.
.

28Бу хабарни Йўаб ҳам эшитди. Абсаломга эргашмаган бўлса ҳам, Одониё исён кўтарганда, Йўаб унга қўшилган эди. Одониёнинг ўлими ҳақида эшитган Йўаб Эгамизнинг Муқаддас чодирига қочиб борди ва қурбонгоҳнинг бурчагидан ушлаб олди
…қурбонгоҳнинг бурчагидан ушлаб олди — 1:50 изоҳига қаранг.
.
29“Йўаб Эгамизнинг Чодирига қочиб кетибди, қурбонгоҳ ёнида экан” деган хабарни Сулаймонга етказишди. Сулаймон ўша заҳоти Бинаёни жўнатиб: “Бор, уни ўлдириб кел”, деб буюрди. 30Бинаё Эгамизнинг Чодирига келиб, Йўабга: “Шоҳимиз сени, Чодирдан чиқсин, деяптилар”, деб хабар берди. Йўаб эса: “Йўқ, мен шу ерда ўлишни истайман”, деб жавоб қилди. Бинаё: “Йўаб менга шундай–шундай деди”, деб шоҳга етказди. 31Шоҳ Бинаёга:

— У нима деган бўлса, айтганини қил, — деди, — уни ўлдириб, дафн қил, токи Йўаб тўккан бегуноҳ қонларнинг жавобгарлиги менинг ва отам хонадонининг гарданида қолмасин.
32Эгамиз унинг қонини ўзининг бошига етказсин. У отам Довудга билдирмасдан, иккита солиҳ, ўзига қараганда яхши инсонни ўлдирган эди. Улардан бири Исроил лашкарбошиси Нар ўғли Абнур, иккинчиси эса Яҳудо лашкарбошиси Этер ўғли Эмоса
Абнур…Эмоса — 2 Шоҳлар 3:22-27, 20:7-10 га қаранг.
эди.
33Икковининг қони то абад Йўабнинг гарданида, унинг насли гарданида қолсин. Эгамиз Довудни, унинг наслини, хонадонини ва тож–тахтини то абад саломат қилсин!

34Сўнг Бинаё бориб, Йўабни ҳам ўлдирди. Йўаб чўл яқинидаги ўз уйида дафн қилинди. 35Шоҳ Сулаймон Йўабнинг ўрнига Бинаёни лашкарбоши, Абуатарнинг ўрнига Зодўхни руҳоний қилиб тайинлади.

Шимахнинг ўлими

36Шундан сўнг шоҳ одам юбориб, Шимахни чақиртириб келди ва унга шундай деди:

— Қуддусда ўзингга бир уй қур ва ўша ерда ўтир. У ердан ҳеч қаерга чиқма.
37Шуни билиб қўйки, ўша ердан чиқиб, Қидрон сойлигидан
Қидрон сойлиги — Қуддус шаҳридан шарқда жойлашган.
ўтсанг, ўша куниёқ ўлиминг муқаррардир. Ўзингнинг бошингни ўзинг ейсан.

38— Хўп бўлади, шоҳ ҳазратлари, гапингиз тўғри, — деди Шимах шоҳга. — Нима буюрсалар, мен, қулингиз, бажо айларман.

Шундай қилиб, Шимах узоқ вақт Қуддусда яшаб қолди.

39Лекин орадан уч йил ўтиб, бир воқеа юз берди: Шимахнинг икки қули Гат
Гат — Ўрта ер денгизи бўйида жойлашган бу шаҳар Филистларнинг бешта асосий шаҳридан бири эди.
шоҳи Охишнинг ёнига қочиб кетди. Шоҳ Охиш Махо деганнинг ўғли эди. Шимахга: “Қулларинг Гатда экан”, деб хабар бердилар.
40Шимах эшагини эгарлади ва қулларини излаб Гатга — Охиш ҳузурига йўл олди. У ерга бориб, қулларини қайтариб олиб келди. 41Шундан кейин Сулаймонга: “Шимах Қуддусдан Гатга бориб, яна қайтиб келибди”, деб хабар бердилар. 42Шоҳ Шимахни чақиртириб келиб, унга шундай деди:

— Сенга: “Билиб қўй, Қуддусдан чиқиб, бирор ерга борган кунингоқ ўлишинг муқаррар”, деб Эгамиз номи билан онт ичдириб, қаттиқ огоҳлантирмаганмидим?! Сен эса: “Хўп бўлади! Гапингиз тўғри” деган эдинг.
43Нега Эгамизга ичган онтингга ва менинг амримга итоат қилмадинг?

44Шоҳ яна Шимахга айтди:

— Отам Довудга қилган ёмонликларингни ўзинг биласан, юрагингда муҳрланиб қолган. Қилган ёмонликларинг учун сенга Эгамиздан қайтсин!
45Шоҳ Сулаймон эса Эгамизнинг марҳаматидан баҳраманд бўлсин, Довуднинг тож–тахти Эгамизнинг олдида то абад мустаҳкам турсин!

46Сўнг шоҳ Сулаймон Бинаёга амр берди, у чиқибоқ, Шимахни ўлдирди. Шундай қилиб, Сулаймоннинг шоҳлиги хавф–хатардан холи бўлиб, мустаҳкамланди.
Copyright information for UznUzbC