1 Kings 3
Сулаймон Эгамиздан донолик сўрайди
1Сулаймон Миср шоҳи — фиръавннинг қизларидан бирига уйланиб, фиръавн билан алоқасини мустаҳкамлади, хотинини эса Қуддусдаги Довуд қалъасига олиб келди. У ўз саройини, Эгамизнинг уйини ва Қуддус атрофидаги деворни битиргунга қадар, хотини ўша ерда яшади. 2Халқ ҳали ҳам турли жойлардаги саждагоҳларда ▼▼ саждагоҳ — ибронийча матнда бамах, яъни “тепалик”. Канъон худоларига топинадиган жойлар бамах деб аталарди. Одатда бу саждагоҳлар тепаликларда жойлашган бўлиб, у ерда Канъон худоларининг тасвирлари ва қурбонликлар келтириш учун қурбонгоҳ бўларди. Баъзи бир пайтларда одамлар мана шу маҳаллий саждагоҳларда Эгамизга сажда қилардилар.
қурбонлик қилиб юрарди, чунки ўша кунларгача Эгамизга атаб бир уй қурилмаган эди. 3Сулаймон Эгамизни севарди, шунинг учун отаси Довуднинг кўрсатмалари бўйича юрарди. Лекин у ҳам саждагоҳларда қурбонлик қилар ва тутатқи тутатарди. 4Шоҳ қурбонлик қилиш учун Гивонга ▼▼ Гивон — Қуддусдан қарийб 6 километр шимоли–ғарбда жойлашган шаҳар. Ўша даврда Муқаддас чодир Қуддусда жойлашган эди (2 Солномалар 1:2-6 га қаранг).
кетди. Чунки энг асосий саждагоҳ ўша ерда эди. Сулаймон илгари ҳам ўша қурбонгоҳда минглаб куйдириладиган қурбонликлар келтирган эди. 5Сулаймон Гивонда кечаси туш кўрди. Тушида Эгамиз зоҳир бўлди. Худо унга: — Тила тилагингни! — деди. 6Сулаймон айтди: — Эй Худойим! Отам Довуд Сенинг қулинг эди. Отам Сенга содиқ бўлиб, солиҳлик билан, тўғри кўнгил билан юргани учун унга улуғ севгингни кўрсатдинг. Отамга марҳамат қилиб, бугун унинг тахтига ўтирмоғи учун унга бир ўғил ато этдинг. 7Эй Эгам Худо, энди бу қулингни отам Довуд ўрнига шоҳ қилдинг. Мен эса бир ёш боладайман, кўп нарсага ақлим етмайди, нима қилишимни ҳам билмайман. 8Энди мен, қулинг, Ўзинг танлаб олган халқни бошқаришим лозим. Кўплигидан бу халқни ҳисоблаб чиқишнинг имкони ҳам йўқ. 9Энди халқингга шоҳлик қилишим учун менга ақл–идрок бергин, токи яхшилик билан ёмонликнинг фарқига борайин. Бинобарин, Сенинг шу қадар беҳисоб халқингга ким ҳукмронлик қила олади?! 10Сулаймон сўраган нарсалар Раббийга маъқул бўлди. 11Сўнг Худо унга деди: — Сен ўзинг учун узоқ умр сўрамадинг, ўзинг учун бойлик истамадинг, душманларингнинг жонини сўрамадинг. Аксинча, тўғри ҳукм этмоқ учун ўзингга ақл–идрок сўрадинг. 12Ўзингнинг сўраганингга кўра, сенга донишмандлик ва ақл–идрок ато қиламан. Сендан аввал ўзингга ўхшагани дунёга келмаган эди, бундан сўнг ҳам сенга ўхшагани дунёга келмас. 13Яна ўзинг сўрамаган нарсаларни — бойлик ва шон–шуҳратни ҳам бераман: умринг бўйи шоҳлар орасида сенга тенг келадигани бўлмас. 14Сен ҳам отанг Довуд сингари, Менинг йўлларимдан юрсанг, фармонларимга, амрларимга риоя қилсанг, умрингни янада узайтираман. 15Сулаймон уйғониб кетди, ҳаммаси туш эди. Шундан кейин у Қуддусга келди ва Эгамизнинг Аҳд сандиғи ▼▼ Эгамизнинг Аҳд сандиғи — ўша даврда Аҳд сандиғи Қуддус шаҳрида, Довуд томонидан ўрнатилган махсус чодирда сақланар эди (2 Шоҳлар 6:12-17 га қаранг).
олдида туриб, куйдириладиган қурбонликларни ва тинчлик қурбонликларини келтирди, ҳамма аъёнларига зиёфат берди. Сулаймоннинг донишмандлигидан бир лавҳа
16Бир куни иккита фоҳиша хотин шоҳнинг ҳузурига келиб, унинг олдига киришди. 17Хотинлардан бири гап бошлади: — Ҳазрати олийлари! Мен мана бу аёл билан бир уйда яшайман. У билан уйда қолганимда, менинг кўзим ёриди. 18Шундан кейин, учинчи куни бу аёл ҳам фарзанд кўрди. Хуллас, биз бирга эдик. Уйда фақат икковимиз, бошқа одам йўқ эди. 19Манави хотин кечаси боласини босиб олган экан, боласи ўлиб қолибди. 20Ярим кечаси туриб, мен ухлаб ётганимда, ўғлимни бағримдан олиб, ўзининг ёнига қўйибди. Нобуд бўлган боласини эса менинг ёнимга ётқизиб қўйибди. 21Боламни эмизиш учун саҳарда турсам, у жонсиз ётган экан. Фақат тонг ёришгандагина менинг ўғлим эмаслигини билдим. 22Иккинчи хотин эса: — Йўқ, тириги — менинг ўғлим, ўлган бола — сеники! — деди. Биринчиси эса: — Йўқ, ўлган бола — сеники, тириги — меники! — деди. Шундай қилиб, улар шоҳ ҳузурида можаро қилишди. 23Ниҳоят, шоҳ деди: — Бирингиз: “Тириги — менинг ўғлим, нобуд бўлгани — сеники”, деяпсиз. Иккинчингиз эса: “Йўқ, нобуд бўлгани — сеники, тириги — меники”, деяпсиз. 24Шундан кейин шоҳ: — Менга бир қилич олиб келинглар! — деб буюрди. Шоҳга қилич олиб келишди. 25— Тирик болани иккига бўлинглар. Ярмини бирига, ярмини эса иккинчисига беринглар! — деб буюрди. 26Шу заҳоти боласи тирик қолган аёл шоҳга деди: — Ҳазрати олийлари! Тирик қолган болани манави аёлга бераверинг! Уни ўлдирмасангиз бўлди! Бу аёлнинг фарзанди учун жони ачирди. Наригиси эса: — Менга ҳам бўлмасин, сенга ҳам, иккига бўлаверинглар! — деди. 27Шу онда шоҳ: — Тўхтанглар, болани ўлдирманглар! — деди. — Болани раҳмдил аёлга беринглар, онаси ўшадир. 28Шоҳ чиқарган бу ҳукмни бутун Исроил халқи эшитди. Шундан кейин шоҳдан ҳайиқадиган бўлдилар, чунки эътибор берсалар, адолатли ҳукм қилиш учун Худо унга донишмандлик ато қилган экан.
Copyright information for
UznUzbC