1 Samuel 14
Йўнатаннинг мардона иши
1Ўша куни Шоулнинг ўғли Йўнатан ёшгина қуролбардорига: — Юр, нариги томондаги Филистларнинг қўнолғаси турган жойга ўтамиз, — деди. Аммо бу ҳақда отасига ҳеч нарса айтмади. 2Шоул Гиво шаҳри яқинидаги Мигронда бир анор дарахти тагида ўтирар, ёнида олти юзтача одамдан иборат лашкари бор эди. 3Эфод кўтариб юрган руҳоний Охиё ҳам ўша ерда эди. Охиёнинг отаси — Охитоб, Охитобнинг акаси — Ихабод эди. Ихабод — Финхазнинг ўғли, Финхаз эса Шилўда Эгамизнинг руҳонийси бўлиб хизмат қилган Элахнинг ўғли эди. Одамлар Йўнатаннинг кетганини сезмай қолган эдилар. 4Йўнатан Филистлар қўнолғасига довон орқали ўтмоқчи бўлди. Довоннинг ҳар икки томонида иккита баланд чўққи бор эди. Бириси — Бозаз, бошқаси Санех деб аталарди. 5Чўққилардан бири шимол томонда бўлиб, Михмашга, иккинчиси жанубда бўлиб, Гивога қараган эди. 6Йўнатан ёш қуролбардорига: — Юр, ўша суннатсизларнинг қўнолғаси томонга ўтайлик, Эгамиз бизга ёрдам беради, — деди. — У кўпчилик билан ҳам, озчилик билан ҳам ғалабага эриштираверади. Чунки Эгамиз учун тўсқинлик йўқ. 7— Сиз нима десангиз, шу–да, — деди қуролбардор. — Бўпти, борамиз. Кўнглингизга нима маъқул келса, мен ҳам сиз билан биргаман. 8— Биз анави одамларга ўзимизни кўрсатамиз, — деди Йўнатан. — Агар улар бизни кўргач: 9“Ёнингизга боргунимизча, ўша ерда тўхтаб туринглар”, деб айтса, айтган жойида тўхтаб турамиз, уларнинг олдига бормаймиз. 10Борди–ю: “Ёнимизга келинглар”, деса борамиз. Ана шунда Эгамиз Филистларни бизнинг қўлимизга берганини биламиз, бизга аломат шу бўлади. 11Иккови Филистларга кўриниш берган эди, Филистлар: — Қаранглар, ибронийлар яширинган хандақларидан чиқа бошлашди! — деб қолди. 12Сўнг Филистлар Йўнатан билан қуролбардорига: — Бу ёққа келинглар–чи, бир гаплашиб қўяйлик, — деб бақиришди. Йўнатан қуролбардорига: — Орқамдан юр, Эгамиз уларни Исроил халқининг қўлига берди, — деди. 13Йўнатан тирмашиб қир тепасига чиқа бошлади. Қуролбардори ҳам унга эргашди. Олдидан келган Филистларни Йўнатан, орқадан келганини қуролбардори ўлдираверди. 14Йўнатан билан қуролбардори биринчи ҳужумдаёқ кичкина майдонда ▼▼ кичкина майдон — ибронийча матнда ярим бўйинтуруқ, яъни бир жуфт ҳўкиз бир кунда шудгор қиладиган даланинг ярмига тўғри келадиган ер бўлаги (тахминан 0,2 гектар).
йигирматача сипоҳни ўлдиришди. 15Ҳаммани — қароргоҳдаги ва қирдаги одамларни ваҳима босди. Сипоҳлар, ҳатто илғорлар ▼▼ илғорлар — 13:17 изоҳига қаранг.
ҳам дағ–дағ титрарди. Бирдан ер тебранди. Бу Худо юборган даҳшат эди. Филистлар устидан ғалаба
16Шоулнинг Бенямин ҳудудидаги Гиво шаҳрида ўрнашган кузатувчилари Филистларнинг югур–югурини кўриб қолишди. 17Шоул ёнидаги одамларга: — Билинглар–чи, орамизда ким йўқ экан, — деди. Йўқлама қилган эдилар, Йўнатан билан унинг қуролбардори йўқлиги маълум бўлди. 18Шоул Охиёга: — Худонинг Сандиғини олиб кел, — деди. (Ўша пайтда Худонинг Сандиғи Исроил халқи билан эди ▼▼ Худонинг Сандиғини олиб кел…Исроил халқи билан эди — ибронийча матндан. Қадимги юнонча таржимада Эфодни олиб кел, — деди. Ўша пайтда у эфодни Исроил халқи олдида кўтариб юрарди.
.) 19Шоул руҳоний билан гаплашаётган пайтда Филистларнинг қароргоҳидаги ғала–ғовур роса авжига чиқди. Шунинг учун Шоул руҳонийга: — Керак эмас, қўявер! — деди. 20Ўша заҳоти Шоул ва ёнидаги сипоҳларининг ҳаммаси бирга уруш майдонига кетишди. У ерда катта ғалаён бўлаётган эди, ҳамма бир–бирига қилич соларди. 21Шунда илгари Филистлар томонда бўлган ва уларнинг қароргоҳига келган ибронийлар ҳам сафдан чиқиб, энди Шоул билан Йўнатаннинг сипоҳларига — Исроил сипоҳларига қўшилиб олишди. 22Эфрайим қирларида яшириниб олганлар ҳам Филистларнинг қочаётганини эшитиб, уларни жанг майдонидан қувлай бошлади. 23Шундай қилиб, ўша куни Исроил лашкарини Эгамиз ғалабага эриштирди. Шоул лашкарига онт ичиради
Уруш Байт–Обуннинг нариги томонларигача ёйилди. 24Ўша куни Исроил лашкари жуда ҳам ҳолдан тойди, чунки Шоул лашкарига онт ичириб, шундай деган эди: “Душманларимиздан ўч олмагунимизча, оқшомга қадар ким бир луқма таом еса, лаънати бўлсин!” Шунинг учун бирор кимса ҳеч нарса емади. 25– 26Лашкар ўрмонга борганда, ерда оқиб ётган асални кўрди, лекин Шоул ичирган қасамдан қўрқиб, бирортаси асалга қўл теккизмади. 27Йўнатан эса отасининг лашкарига онт ичирганидан бехабар эди. Қўлидаги таёғини узатиб, таёқ учини асалари инига ботирди. Асалдан озгина татиб кўрган эди, кўзлари чақнаб кетди. 28Шу заҳоти сипоҳлардан бири Йўнатанга: — Отангиз лашкарга, бугун ким таом еса, лаънати бўлсин, деб онт ичирган эди, шунинг учун одамлар ҳолдан тойган, — деди. 29— Отам одамларни оғир аҳволга солиб қўйди, — деди Йўнатан. — Қаранглар, мана бу асалдан бир оз татиб кўрган эдим, кўзларим чарақлаб кетди. 30Бугун лашкаримиз ғанимлардан тортиб олган таомлардан тўйиб есайди, жуда яхши бўларди. Ўшанда Филистларни мағлуб қилиш янада осон бўлармиди?! 31Ўша куни Исроил лашкари Михмаш билан Ойжавлон ▼▼ Ойжавлон — Михмашдан қарийб 32 километр ғарбда жойлашган.
оралиғидаги Филистларни мағлуб қилди. Қорни очган Исроил лашкари шу қадар ҳолдан тойдики, 32охири улардан ўлжа қилиб олинган чорваларга ташланишдан ўзга чора қолмади. Қўй, мол, бузоқларни шу ернинг ўзидаёқ сўйиб, қонини оқизмасдан еяверишди. 33— Қаранг, лашкарингиз гўштни қони билан еб, Эгамизга қарши гуноҳ иш қиляпти! ▼▼ …гўштни қони билан еб…гуноҳ иш қиляпти — Таврот қонуни бўйича, Исроил халқи сўйилган молнинг қонини чиқаргандан сўнггина, гўштини пишириб тановул қилишлари лозим эди (Ибтидо 9:4, Левилар 17:11, Қонунлар 12:23 га қаранг).
— деб аҳволни Шоулга маълум қилишди. — Хоинлик қилдингизлар, ҳозироқ катта бир тошни бу ерга юмалатиб олиб келинглар! — деди Шоул. 34Сўнг қўшиб қўйди: — Лашкар орасида юриб айтинглар, ҳар бир одам молини, қўйини менинг ҳузуримга олиб келиб, шу ерда ▼▼ …шу ерда… — Шоул келтирган катта тошнинг устида (шу бобнинг 33–оятига қаранг). Мол–қўйларни тош устида сўйиб, қонини ерга оқизиш учун шундай қилинган эди.
сўйиб, есин. Гўштни қони билан еб, Эгамизга қарши гуноҳ иш қилманглар. Ўша куни кечаси ҳар бир одам молини олиб келиб, Шоулнинг олдида сўйди. 35Шоул Эгамизга атаб бир қурбонгоҳ қурди. Бу Шоулнинг Эгамизга атаб қурган илк қурбонгоҳи эди. 36Кейин Шоул одамларига айтди: — Қани, шу кеча Филистларни бир қувайлик. Тонг отгунча молларини тортиб оламиз, бирортасини соғ қолдирмаймиз. — Бир оғиз сўзингиз, — деб жавоб беришди одамлар. — Аввал Худонинг хоҳиш–иродасини билайлик ▼▼ …Худонинг хоҳиш–иродасини билайлик… — шоҳ бирор муҳим қарор чиқаришдан олдин, Худонинг хоҳишини билиш учун руҳонийларга мурожаат қиларди. Бундай ҳолларда руҳонийлар Урим ва Туммим деган муқаддас нарсалардан фойдаланишарди. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун Чиқиш 28:15 нинг иккинчи изоҳига қаранг. Худо Ўз хоҳиш–иродасини одамларга баъзан пайғамбарлар ёки тушлар орқали билдирган (28:6 ва 2 Шоҳлар 2:1 га қаранг).
, — деб қолди руҳоний. 37Шоул Худодан: — Филистларга ҳужум қилаверайми? Уларни Исроил лашкарининг қўлига тутиб берасанми? — деб сўради. Лекин Худо ўша куни жавоб бермади. 38Шундан сўнг Шоул деди: — Исроилнинг ҳамма лашкарбошилари шу ерга келишсин, бугун қандай гуноҳ қилинганини билиб оламиз. 39Исроилга нажот берадиган Худо шоҳид! Гуноҳ қилган ўғлим Йўнатан бўлиб чиқса ҳам, албатта ўлдирилади. Бирон кимсадан садо чиқмади. 40Шоул ўз одамларига буюрди: — Сизлар бир томонда туринглар, ўғлим Йўнатан билан мен бошқа томонда турамиз. — Бир оғиз сўзингиз, — деб жавоб берди одамлар. 41Шоул Исроил халқининг Худоси — Эгамизга: — Эй Эгам! Айбсизни ўзинг оқла! — деб илтижо қилди. Сўнг қуръа ташланди ▼▼ …қуръа ташланди… — 10:20 изоҳига қаранг.
, қуръа Йўнатан билан Шоулга тушди, одамларнинг ҳаммаси эса оқланди. 42— Энди мен билан ўғлим Йўнатан орасига қуръа ташланг, — деди Шоул. Бу сафар қуръа Йўнатанга тушди. 43Шоул Йўнатандан: — Менга айт–чи, нима қилдинг? — деб сўради. — Мен қўлимдаги таёқнинг учини асалга ботириб олиб, озгина татиб кўрган эдим, энди мен ўлимимга розиман, — деб жавоб берди Йўнатан. 44— Йўнатан, агар сени ўлдиртирмасам, Худонинг қаҳрига учрай, ҳатто ундан баттарроғига учрай, — деди Шоул. 45Аммо одамлар Шоулга эътироз билдирди: — Исроилни улуғ зафарга эриштирган Йўнатанни ўлдирмоқчимисиз? Асло! Худо шоҳид! Сочининг бир толасига ҳам зарар етмайди. У бугун нима қилган бўлса, Худонинг мадади билан қилди. Шундай қилиб, одамлар Йўнатанни ўлимдан қутқариб қолди. 46Шундан сўнг Шоул Филистларни таъқиб қилмади. Филистлар эса ўз ерларига қайтиб кетишди. Шоулнинг эришган ғалабалари
47Шоул Исроил шоҳи бўлгандан кейин атрофидаги барча душманлари — Мўаб, Оммон, Эдом халқлари, Зўво шоҳлари ва Филистлар билан уруш қилди. Қаерга борса, ғалаба қилди. 48Мардона жанг қилиб Омолек халқини мағлуб қилди, Исроил халқини талончиларнинг қўлидан халос қилди.Шоулнинг оиласи
49Шоулнинг Йўнатандан бошқа Ишбосит ▼▼ Ишбосит — ибронийча матнда бу исмнинг бошқа варианти Йишви.
ва Малкишува исмли ўғиллари бор эди. Унинг икки қизи ҳам бўлиб, каттасининг исми Мерав, кичкинасиники Михал эди. 50Хотини Охинавам эди. У Охимас деганнинг қизи эди. Шоулнинг амакиси Нарнинг ўғли Абнур лашкарбоши эди. 51Абнурнинг отаси Нар ва Шоулнинг отаси Киш ака–ука эдилар. Нар ва Кишнинг отаси Абил эди. 52Шоул даврида Филистлар билан доимо қақшатқич уруш бўлар эди. Шоул қаерда мард ёки жанг қилишга моҳир одамни кўрса, ўз қўшинига оларди.
Copyright information for
UznUzbC