1 Samuel 17
Гўлиёт Исроил халқини олишувга чақиради
1Филистлар, жанг қиламиз деб, лашкарини тўплаб, Яҳудо ҳудудидаги Сўху шаҳрида йиғилишди. Сўху билан Озикаҳ шаҳарлари ▼▼ Сўху билан Озикаҳ шаҳарлари — Сўху Исроил халқига қарашли, Озикаҳ эса Филистларнинг қўли остида эди.
орасидаги Эфес–Даммим деган жойда қароргоҳ қуришди. 2Шоул ҳам Исроил лашкарини тўплади. Элох водийсида қароргоҳ қуриб, Филистларга қарши жангга тайёрланди. 3Бир тепаликни Филистлар, бошқа тепаликни Исроил лашкари эгаллади. Иккала томоннинг ўртаси водий эди. 4Филистлар сафидан Гўлиёт деган бир паҳлавон ўртага чиқди. У Гат шаҳридан эди. Бўйи олти тирсагу бир қарич ▼▼ олти тирсагу бир қарич — ибронийча матндан, тахминан 3 метрга тўғри келади. Қумрон қўлёзмаларида ва қадимий юнонча таржимада тўрт тирсагу бир қарич, тахминан 2 метрга тўғри келади. Баъзи қадимги қўлёзмаларда 4 ва 6 сонларини тасвирлайдиган ибронийча ҳарфлар бир–бирига жуда ўхшайди.
бўлиб, 5бошига бронза қалпоқ, устига бронза совут кийиб олган эди. Совутнинг оғирлиги уч ярим пуд ▼▼ уч ярим пуд — ибронийча матнда беш минг шақал, тахминан 57 килога тўғри келади.
эди. 6Болдирлари бронза зирҳлар билан ўралган эди. Елкасида отиладиган бронза найзани кўтариб юрарди. 7Қўлидаги найзанинг сопи эса тўқувчи дастгоҳининг ходасидай келар, найза учидаги темирнинг оғирлиги ярим пуд ▼▼ ярим пуд — ибронийча матнда олти юз шақал, тахминан 8,5 килога тўғри келади.
эди. Гўлиётнинг олдида қуролбардори унинг катта қалқонини кўтариб юрарди. 8Гўлиёт ўрнида турганича, Исроил қароргоҳига қараб ҳайқирди: — Биз билан уришгани саф тортдингизларми?! Мен Филистман, сизлар Шоулнинг қулларимисиз, ахир?! Орангиздан бирортангизни танланглар–чи, у менинг олдимга келсин. 9Агар у мен билан олишиб, мени енгиб ўлдира олса, Филистлар сизларнинг қулингиз бўлади. Борди–ю, мен ғолиб келиб, уни ўлдирсам, сизлар бизнинг қулимиз бўласизлар, бизга бўйсунасизлар. 10Сўнг ўша Филист гапида давом этди: — Бугун Исроил лашкарини шарманда қиламан. Қани, бирортасини чиқаринг олдимга! Мен билан олишиб кўрсин! 11Шоул ва барча Исроил лашкари Филистнинг гапларини эшитгач, қаттиқ қўрқиб, ваҳимага тушиб қолдилар. Довуд жанг майдонида
12Довуд Яҳудо ҳудудидаги Байтлаҳм шаҳридан — Эфратлик ▼▼ Эфрат — Байтлаҳм шаҳри атрофидаги ерлар.
Эссай деган одамнинг ўғли эди. Эссайнинг саккизта ўғли бор эди. Шоулнинг шоҳлиги даврида Эссай анча кексайиб қолган эди. 13Эссайнинг катта ўғилларидан учтаси Шоул билан бирга урушга кетган эди. Урушга кетган тўнғич ўғлининг оти Элиёб, ўртанчасиники Абунадав, учинчисиники Шаммох эди. 14Довуд кенжа ўғил эди. Унинг учта катта акаси эса Шоул билан бирга эди. 15Шу пайтда Довуд вақти–вақти билан Шоулнинг олдидан Байтлаҳмга отасининг қўйларини боққани келиб турарди. 16Филист Гўлиёт қирқ кун мобайнида эртаю кеч ўртага чиқиб урушга даъват қилди. 17Эссай бир куни ўғли Довудга шундай деди: — Мана бу қовурилган бир тоғора ▼▼ бир тоғора — ибронийча матнда бир эфа, тахминан 22 литрга тўғри келади.
буғдой билан анави ўнта нонни олгин–у, тезда қароргоҳга, акаларингнинг олдига жўна. 18Мана бу ўн бўлак пишлоқни эса мингбошига олиб бор. Акаларингнинг аҳволини бил ва яхши юрганларини билдирадиган бирорта нишона олиб кел. 19Акаларинг Шоул лашкари билан бирга Элох водийсида Филистларга қарши уришяптилар. 20Эртаси куни Довуд саҳарда турди. Сурувни бир чўпонга қолдирди. Отаси буюрганидай, озиқ–овқатларни олиб йўлга чиқди. Жанг майдонига етиб борган пайтда сипоҳлар жангга даъват қилиниб, қароргоҳдан уришгани чиқаётган эканлар. 21Исроил лашкари билан Филистлар бир–бирларига рўпара бўлиб, саф тортдилар. 22Довуд келтирган нарсаларини орқадаги қўриқчига қолдириб, сафга томон югурди. Акаларининг ёнига бориб, улар билан саломлашди. 23Довуд улар билан гаплашиб турганда, Гат шаҳридан бўлган Филист — паҳлавон Гўлиёт ўз лашкари сафидан ўртага чиқиб, олдинги гапларини такрорлади. Довуд унинг гапларини эшитди. 24Исроил лашкари Гўлиётни кўришди–ю, қаттиқ қўрқиб бирданига қочиб қолишди. 25Улар бир–бирларига шундай дердилар: — Анави одамга қаранглар! У Исроилни ҳақорат қиляпти. Ким уни ўлдирса, шоҳ унга катта бойлик ҳадя қилар экан, қизини ҳам берар экан. Ўша одамнинг ота хонадонини ҳам Исроилга солиқ тўлашдан озод қилар экан. 26Довуд ёнидагилардан сўради: — Бу Филистни ўлдириб, Исроилни шармандаликдан халос қилганга шоҳ нима беради? Бу суннатсиз Филист ким бўлибдики, барҳаёт Худонинг қўшинини ҳақорат қилади?! 27— Ўша одамни ким ўлдирса, фалон–фалон нарсалар тортиқ қилинади, — деб сипоҳлар олдинги гапларини такрорладилар. 28Тўнғич акаси Элиёб Довуднинг сипоҳлар билан гаплашиб турганини кўриб аччиқланди: — Бу ерда нима қилиб юрибсан? Ўша беш–олтитагина қўйимизни чўлда кимга қолдириб келдинг? Сенинг қанчалик манманлигингни, ниятинг ёмонлигини биламан. Сен фақат урушни томоша қилгани келгансан. 29— Мен нима қилибман?! Сўраб ҳам бўлмайдими?! — деди Довуд. 30Сўнгра бошқа сипоҳга қараб, яна ўша гапни сўради. Сипоҳлар аввалгидай бир хил жавоб беришди. 31Сипоҳлар Довуднинг гапларини эшитиб, Шоулга етказишди. Шоул Довудни чақиртирди. 32Довуд Шоулга деди: — Ўша Филистни деб ҳеч кимнинг руҳи тушмасин. Мен, қулингиз, бориб, у билан олишаман. 33— Тентаклик қилма, бу Филистга бас келолмайсан. Сен жуда ёшсан, у эса ёшлигидан бери жангчи, — деди Шоул. 34— Мен отамнинг сурувини боқардим, — деб жавоб берди Довуд. — Шер ёки айиқ келиб, сурувдан бирорта қўзини олиб қочса, 35орқасидан қувиб, унга ҳужум қилардим. Қўзини ўша ҳайвоннинг оғзидан тортиб олардим. Борди–ю, шер ёки айиқ менга ташланса, ёлидан ушлардим–у, уриб ўлдирардим. 36Мен шерни ҳам, айиқни ҳам ўлдирганман. Анави суннатсиз Филистнинг бошига ўшандай кунни соламан. Чунки у барҳаёт Худонинг қўшинини ҳақорат қилди. 37Мени шер, айиқнинг панжасидан халос қилган Эгамиз ўша Филистнинг қўлидан ҳам халос қилади. — Майли бор, Худо ёр бўлсин, — деди Шоул. 38Сўнг у ўзининг жанг кийимларини Довудга берди, бошига бронза қалпоқ, эгнига совут кийдирди. 39Довуд шоҳнинг совутларини кийиб, устидан қиличини боғлаб, юрмоқчи бўлди. Лекин у бунақа кийимларга кўникмаган эди. — Бу кийимлар билан юра олмаяпман, кўникмаганман, — деди Довуд Шоулга. Сўнг кийимларни ечиб ташлади. Довуд Гўлиётни ўлдиради
40Довуд таёғини олиб, сойликдаги ирмоқдан бешта силлиқ тош териб олди. Тошларни ёнидаги чўпон халтасига солди–да, палахмонини олиб тўғри Гўлиётга томон юрди. 41Гўлиёт ҳам Довудга қараб юрди. Гўлиётнинг олдида қуролбардори қалқонини кўтариб борарди. 42Гўлиёт Довудга бошдан–оёқ разм солди. Чиройли, келишган йигит экан, деб ёшгина бўлгани учун уни менсимади. 43— Мен кўппакмидимки, устимга таёқ билан келяпсан? — деди–да, ўз худоларининг номи билан Довудга қарғиш ёғдирди. 44— Келавер, танангни кўкдаги қушларга, даштдаги йиртқичларга ем қиламан, — деди Филист. 45Довуд эса шундай жавоб қайтарди: — Сен қилич, найзаю ханжарлар билан устимга бостириб келяпсан. Мен эса сен ҳақоратлаган Исроил лашкарининг Худоси, Сарвари Оламнинг номи билан қуролланиб устингга бостириб боряпман. 46Бугуннинг ўзида Эгамиз сени менинг қўлимга беради. Сени ўлдириб, бошингни танангдан жудо қиламан. Бугуннинг ўзида Филист лашкарининг жасадларини кўкдаги қушларга, даштдаги йиртқичларга ем қиламан. Шунда Исроилда Худонинг борлигини бутун ер юзи билиб олади. 47Эгамиз қиличу найза билан нажот бермаслигини бутун жамоа билиб олади, чунки бу урушда Эгамизнинг Ўзи жанг қилади. У сизларни бизнинг қўлимизга беради. 48Гўлиёт Довудга ташланмоқчи бўлиб, тўғри унга қараб юрди. Довуд ҳам у билан олишиш учун Филистлар сафи томон тез югуриб кетди. 49Қўлини халтасига солиб, битта тошни олди–да, палахмонга солиб отди. Тош Филистнинг қоқ пешанасига тегиб ўйиб кирди. Филист юз тубан ерга йиқилди. 50Шундай қилиб, Довуд Филистни палахмону битта тош билан мағлуб қилди. Қўлида қилич бўлмаса ҳам, уни ўлдириб, ерга чўзилтириб ташлади. 51Сўнг югуриб борди–ю, Гўлиётни босиб олди. Унинг қиличини қинидан суғуриб олди–да, бошини кесиб ташлаб, бутунлай бир ёқли қилди. Филистлар ўзларининг паҳлавони Гўлиётнинг ўлганини кўриб, тумтарақай қоча бошладилар. 52Исроил билан Яҳудо лашкари қўзғалди–ю, наъра тортиб, Филистларни Гат ва Эхрон остоналаригача қувлаб борди. Шарайимдан Гат ва Эхрон шаҳарларигача борадиган йўлда Филистларнинг жасадлари чўзилиб қолди. 53Филистларни қувиб юборгандан кейин, Исроил лашкари орқага қайтиб Филистлар қароргоҳини талон–тарож қилди. 54Довуд Гўлиётнинг бошини олиб, Қуддусга келтирди, қурол–аслаҳасини эса ўз уйига қўйди.Довуд Шоулнинг ҳузурида
55Шоул Довуднинг Гўлиёт билан олишувга чиққанини кўрганда, лашкарбоши Абнурдан: — Абнур, бу йигитча ким? — деб сўради. — Тўғриси, шоҳим, билмайман, — деди Абнур. 56— Бўлмаса бил–чи, бу йигит кимнинг ўғли экан, — деб буюрди шоҳ Шоул. 57Довуд Гўлиётни ўлдириб, қароргоҳга энди кирган ҳам эдики, Абнур Довудни етаклаб Шоулнинг ҳузурига олиб келди. Гўлиётнинг кесилган боши ҳали Довуднинг қўлида эди. 58— Кимнинг ўғлисан, йигитча? — деб сўради Шоул. — Байтлаҳмлик қулингиз Эссайнинг ўғлиман, — деб жавоб берди Довуд.
Copyright information for
UznUzbC