‏ 1 Samuel 18

1Шоул билан Довуднинг суҳбати энди тугаган ҳам эдики, Йўнатаннинг
Йўнатан — Шоулнинг тўнғич ўғли (14–бобга қаранг).
кўнгли Довудга боғланди, Йўнатан уни ўз жони каби азиз кўрди.
2Ўша кундан бошлаб Шоул Довудни ёнида олиб қолди, отасининг уйига қайтиб кетишига ижозат бермади. 3Йўнатан Довудни ўз жонидай азиз кўргани учун у билан аҳд қилди. 4Устидаги кийимини ечиб берди, совути, қиличи, камони ва камарини ҳам Довудга ҳадя қилди.

5Шоул Довудни қаерга жўнатмасин, Довуд муваффақиятга эришди. Шу боис Шоул унга қўшинидаги катта лавозимни берди. Бу воқеадан барча халқ ҳам, Шоулнинг хизматкорлари ҳам хушнуд бўлишди.

Шоул Довудга ҳасад қилади

6Довуд Гўлиётни ўлдиргандан кейин, жангчилар ўз уйларига қайтаётган эди. Исроилнинг ҳамма шаҳарларидан келган аёллар чилдирма ва торли мусиқа асбобларини чалиб, ўйин–кулги қилиб, шоҳ Шоулни кутиб олгани чиқишди. 7Яйраб–ўйнашаркан, шу қўшиқни айтишарди:

“Шоул мингларчасини ўлдирди,
Довуд эса ўн мингларчасини!”

8Бу сўзлар Шоулга оғир ботди, унинг ғашини келтирди. “Довудга ўн мингтасини, менга эса мингтасини беришди! Унга шоҳ бўлишдан бошқа яна нима қолди?!” деб ўйлади. 9Шундай қилиб, ўша кундан бошлаб Шоул Довудга ёмон кўз билан қарай бошлади.

10Эртаси куни Худо юборган ёвуз руҳ Шоулни қамраб олди, у ўз уйида жазавага тушди. Довуд ҳар галгидай яна лира чалиб ўтирар, Шоулнинг қўлида найза бор эди. 11У ўзича: “Довудни найза билан уриб деворга қоқиб қўяман”, деб найзани унга қаратиб отди. Лекин Довуд икки сафар ҳам унга чап бериб қутулиб қолди.

12Шоул Довуддан қўрқарди. Чунки Эгамиз Довуд билан бирга эди, Шоулни эса тарк этган эди. 13Шу сабабли Шоул ўз ёнидан Довудни узоқлаштирди, уни мингта сипоҳга бош этиб тайинлади. Довуд лашкарга бош бўлиб, жангга борарди. 14Эгамиз Довуд билан бўлгани учун, у ҳар қандай ишнинг уддасидан чиқарди. 15Довуднинг катта муваффақиятини кўриб, Шоул баттарроқ қўрқарди. 16Бутун Яҳудо ва Исроил халқи Довудни яхши кўрарди, чунки Довуд уларнинг олдинги сафида юриб, жангга борарди.

Довуд Шоулнинг қизига уйланади

17Бир кун Шоул Довудга деди:

— Тўнғич қизим Меравни сенга бераман. Фақат довюрак бўлиб, мен учун Эгамизнинг урушларига бош бўл.

Шоул: “Довуд менинг қўлим билан эмас, Филистларнинг қўли билан ўлдирилсин”, деб ўйларди.

18Довуд Шоулга:

— Мен ўзим ким бўлибман ёки Исроилда оилам, отам хонадони нима бўлибдики, шоҳга куёв бўлсам?! — деди.

19Шундай қилиб, Шоулнинг қизи Мерав Довудга узатиладиган бўлди. Лекин Шоул қизини, Довудга бермай, Махлалик Одриёлга узатди. 20Шоулнинг бошқа қизи Михал эса Довудга кўнгил қўйган эди. Буни эшитган Шоул хурсанд бўлди. 21“Довудга Михални бераман, қизимни бериб, Довудни тузоғимга илинтириб оламан, Филистлар эса уни ўлдиради”, деб ўйлади.

— Энди бу сафар қулай фурсат етди, менга куёв бўласан, — деди Довудга Шоул.

22Кейин Шоул аъёнларига:

— Довудга, шоҳ сендан хурсанд, ҳамма хизматкорлари ҳам сени яхши кўради, шоҳга куёв бўладиган пайтинг келди, деб яширинча айтинглар, — деди.

23Шоулнинг аъёнлари бу гапни Довудга етказишди. Довуд эса шундай жавоб қайтарди:

— Мен камбағал, арзимас бир одам бўлсам, шоҳга куёв бўлиш, сизлар айтгандай, осонми?!

24Аъёнлар, ўз навбатида, Довуднинг гапларини Шоулга етказишди. 25Шоул шундай амр берди:

— Довудга, шоҳ ғанимларидан ўч олмоқчи, шунинг учун қалинга юзта Филистнинг суннат терисидан
Филистнинг суннат териси — Филистлар, Исроил халқидан фарқли равишда, хатна қилинмасдилар. Қадимги вақтларда жангчилар ғанимларнинг нечтасини ўлдирганини кўрсатиш учун далил сифатида уларнинг танасидан бирорта аъзосини кесиб олишарди.
бошқа нарса истамайди, деб айтинглар.

Шоул шу йўсинда Довуднинг Филистлар қўлига тушиб нобуд бўлишини режалаштирган эди.

26Аъёнлар Шоулнинг айтганларини Довудга етказишди. Довуд, ўшанда шоҳга куёв бўлишга ҳақли бўлар эканман–да, деб севинди. Белгиланган кундан олдин, 27Довуд ва унинг одамлари бориб, икки юзта Филистни ўлдирди. Довуд ўлдирилган Филистларнинг суннат терисини битта ҳам қолдирмай, шоҳга келтириб бериб, шоҳнинг куёви деган номга муносиб ишларни бажарди. Шундан сўнг Шоул қизи Михални Довудга турмушга берди.

28Шоул энди аниқ билдики, Эгамиз Довуд билан бирга экан, қизи Михал ҳам Довудни севар экан. 29Шундай қилиб, Довуддан янада ҳадиксираб, умрининг охиригача унга душман бўлиб қолди.

30Филист беклари қачон ҳужум қилсалар, Довуд Шоулнинг бошқа лашкарбошиларига қараганда ортиқ зафарга эришарди. Шу сабабдан Довуд катта шуҳрат қозонди.
Copyright information for UznUzbC