1 Samuel 25
Шомуилнинг ўлими
1Шу орада Шомуил оламдан ўтди. Бутун Исроил халқи йиғилишиб, Шомуилга аза тутди. Уни ўз она шаҳри Рамада дафн қилишди.Довуд ва Обигайл
Шундан кейин Довуд Порон чўлига кетди. 2Моюн шаҳрида бир бой–бадавлат одам яшар, мол–мулки Кармил шаҳри ▼▼ Кармил шаҳри — Хеврондан қарийб 11 километр жанубда жойлашган.
яқинидаги ерда бўлиб, уч мингта қўйи, мингта эчкиси бор эди. Бу пайтда у Кармилда қўйларининг жунини қирқаётган эди. 3Ўша одамнинг исми Навол, хотинининг исми эса Обигайл эди. Аёл ақл–фаросатли ва чиройли эди. Эри Холиб уруғидан бўлиб, қўрс, феъл–атвори ёмон одам эди. 4Довуд даштда юрганда, Навол қўйларининг жунини қирқяпти деган хабарни эшитиб қолди. 5Довуд йигитларидан ўнтасини Кармилга — Наволнинг ҳузурига жўнатаётиб, уларга деди: 6— Наволга мендан салом айтиб, шу гапларимни етказинглар: “Умринг узоқ бўлсин! Сенга, хонадонингга, қарамоғингдаги ҳар бир одамга тинчлик–омонлик бўлсин. 7Қўйларингнинг жунини қирқаётганингни эшитдим. Чўпонларинг биз билан бирга эди. Уларни хафа қилмадик, Кармилда бўлган кунларида ҳеч нарсаси йўқолмади. 8Хизматкорларингдан сўраб кўрсанг, ўзлари ҳам сенга айтиб беришади. Шунинг учун одамларимга илтифот кўрсат, сенинг ҳузурингга зиёфат куни ▼▼ зиёфат куни — қўйларнинг жунини қирқиш байрам сифатида нишонланар эди.
келдик. Бу қулларингга ва ўғлинг Довудга қўлингдан келганча марҳамат қилиб, ёрдам кўрсат.” 9Довуднинг одамлари Навол ҳузурига бориб, Довуднинг номидан унга шу гапларни етказишди ва жавоб кута бошлашди. 10Навол эса Довуднинг одамларига шундай жавоб берди: — Довуд дегани ким ўзи?! Эссайнинг ўғли бўлса, нима қипти?! Шу кунларда ўз хўжайинларидан қочиб кетаётган қуллар жуда кўпайиб кетди–да! 11Нонимни, сувимни, жун қирқаётган одамларим учун сўйган қўйларимнинг гўштини олиб, аллақайдан келган одамларга берайми?! 12Довуднинг одамлари келган йўлига қайтиб кетишди. Наволнинг ҳамма айтганларини Довудга етказишди. 13— Ҳамма қиличини белига боғласин! — деб амр берди Довуд одамларига. Довуднинг ўзи ҳам, одамлари ҳам қиличларини белларига боғлашди. Тўрт юзга яқин одам Довуд билан бирга кетди. Икки юзтаси эса анжомлар ёнида қолди. 14Наволнинг хизматкорларидан бири унинг хотини Обигайлга деди: — Довуд хўжайинимиз Наволга салом йўллаб, даштдан хабарчилар жўнатган экан, лекин Навол уларни ҳақорат қилди. 15У одамлар эса бизга кўп яхши муносабатда бўлишган эди. Даштда улар билан қолган пайтларимизда бизни ҳеч хафа қилишмасди, бирор нарсамиз ҳам йўқолмасди. 16Қўйларимизни боқиб юрганимизда, ҳар доим — кечаю кундуз бизни ҳимоя қилишарди. 17Энди нима қилиш лозимлигини ўзингиз яхшилаб ўйланг. Чунки хўжайинимизнинг ва унинг бутун хонадонининг бошига фалокат хавф солиб турибди. Хўжайинимиз эса шу қадар баджаҳлки, бирор кимса унга бир оғиз гап айта олмайди. 18Обигайл вақтни бой бермай, икки юзта нон, икки меш шароб, бешта қўйнинг пиширилган гўштини, икки тоғора ▼▼ икки тоғора — ибронийча матнда беш сеха, тахминан 37 килога тўғри келади.
қовурилган буғдой, юз ҳовуч майиз ва икки юз ҳовуч анжир қоқини ▼▼ …ҳовуч майиз…ҳовуч анжир қоқи… — қадимги пайтларда одамлар узум ва анжирларни қуритгандан кейин, қоқиларни ҳовучларида қаттиқ сиқиб, думалоқ шакл берганлар. Шу тариқа қоқилар узоқ вақт сақланган ва кундалик истеъмол қилинадиган егулик бўлган.
олиб эшакларга юклади. 19Сўнг хизматкорларига: — Сизлар мендан олдин юринглар, мен орқаларингиздан бораман, — деди. Эри Наволга эса ҳеч нарса демади. 20Обигайл эшакка миниб, тоғнинг ёлғизоёқ йўлларидан тушиб келаётганда, унга томон келаётган Довуднинг одамларига дуч келиб қолди. 21Довуд шу гапларни айтаётган экан: — Бу одамнинг даштдаги мол–ҳолини беҳудага қўриқлабман–да. Унинг қўтонидан бирор қўй йўқолмади–ю, оқибатда у менинг яхшилигимга ёмонлик билан жавоб қайтарди. 22Агар эрталабгача унга қарашли эркак зотидан бирортасини тирик қолдирсам, Худо менинг жазоимни берсин ▼▼ …Худо менинг жазоимни берсин… — қадимий юнонча таржимадан. Ибронийча матнда …Худо душманларимнинг жазосини берсин….
, ҳатто ундан баттарроғига дучор қилсин! 23Обигайл Довудни кўрибоқ эшакдан тушди. Довудга таъзим қилиб, ерга мук тушди. 24Унинг оёқларига бош уриб ёлворди: — Тўрам, мен айбдорман, айб менда. Ижозат беринг, бу чўрингиз сизга бир оғиз гап айтсин, айтганларимга қулоқ солинг. 25Ёлвораман, тўрам! Ўша баттол Наволга эътибор бермасинлар. Унинг феъл–атвори худди исмининг ўзи. Навол — ақлсиз дегани. Мен, чўрингиз, тўрам юборган одамларни кўрмабман. 26Энди, тўрам, Эгамиз сизнинг қон тўкишингизга, ўз қўлингиз билан қасос олмоғингизга изн бермаган. Худо шоҳид! Тўғрисини айтай, ғанимларингиз, қолаверса, тўрамга қасд қилган ҳамманинг бошига Наволнинг куни тушсин. 27Тўрам, мен, чўрингиз, сизга мана бу инъомларни келтирдим. Энди булар сизга эргашиб хизмат қилаётган одамларингизга берилсин. 28Бу чўрингизнинг гуноҳидан ўтинг. Эгамиз албатта тўрамнинг хонадонини мустаҳкам қилади, чунки тўрам Эгамиз учун жанг қиляпти. Умрингиз охиригача сиз томондан бирон–бир ҳақсизлик бўлмасин. 29Биронтаси ортингиздан тушиб, жонингизга қасд қилса, ҳаётингизни Эгангиз Худо Ўз паноҳида асрасин. Ғанимларингизни эса палахмондан отилган тошдай улоқтириб юборсин. 30Эгамиз тўрамга ваъда қилган барча эзгуликларни бажо келтириб, сизни Исроилнинг йўлбошчиси қиладиган кун келади, албатта. 31Ўшанда ўзим учун ўч олиб, беҳудага қон тўкдим, деб пушаймон бўлмагайсиз. Эгамиз тўрамга барака берганда, бу чўрисини унутмасин. 32— Бугун сени мен билан учраштирган Исроил халқининг Худоси — Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! — деди Довуд. 33— Ақлингга балли, барака топ! Бугун мени қон тўкишдан, ўз қўлим билан ўч олишдан сақлаб қолдинг, бунинг учун сени Худо ёрлақасин. 34Исроил халқининг Худоси — Эгамиз сенга ёмонлик қилишимнинг олдини олди. Агар сен мени тезда учратиб қолмаганингда, Худо ҳақи, кун чиққунча Наволга қарашли эркак зотидан бирортаси тирик қолмаган бўларди! 35Довуд Обигайл олиб келган ҳадяларни олди. Кейин: — Эсон–омон уйингга бор, билиб қўй, гапларингга қулоқ солиб, арзингга эътибор бердим, — деди. 36Обигайл Наволнинг ёнига қайтиб келди. Навол уйида шоҳона зиёфат уюштирган, маст, жуда вақти чоғ эди. Обигайл эса эрталабгача унга бир оғиз гап айтмади. 37Эртасига эрталаб Навол ўзига келгач, хотини унга бўлиб ўтган воқеаларни айтиб берди. Ўша заҳотиёқ Наволнинг юраги музлаб, шол бўлиб қолди. 38Ўн кунлардан кейин Эгамиз Наволнинг жонини олди. 39Худо Наволнинг жонини олганини Довуд эшитди. — Навол мени ҳақорат қилган эди, Эгамизнинг Ўзи мени оқлади, бу қулини ёмонлик қилмоқдан асради. Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! У Наволнинг ёмонлигини ўзининг бошига солибди, — деди. Шундан сўнг Довуд Обигайлнинг олдига хабарчилар жўнатиб, унга уйланмоқчи эканлигини билдирди. 40Довуд юборган хабарчилар Кармилга — Обигайлнинг ҳузурига бориб: — Довуднинг сенга уйланиш истаги бор, шуни билдириш учун бизни юборди, — дедилар. 41Обигайл ўрнидан турди, боши ерга теккудай бўлиб таъзим қилди–да: — Мен тўрамга хизмат қилмоққа ва тўрамнинг хизматкорлари оёқларини ювишга тайёрман, — деб жавоб берди. 42Обигайл тезда ўрнидан туриб, эшакка минди. Ёнига бешта чўрисини олиб, Довуднинг хабарчилари орқасидан йўлга тушди. Шундай қилиб, Обигайл Довудга турмушга чиқди. 43Довуд Йизриллик Охинавамга ҳам уйланган эди. Шу тариқа Довуд икки хотинлик бўлди. 44Довуднинг биринчи хотини Михални ▼▼ Михал — 18:20-27 га қаранг.
эса отаси Шоул Палтига бериб юборган эди. Палти Галимлик Лайиш деганнинг ўғли эди.
Copyright information for
UznUzbC