‏ 1 Samuel 29

Филистлар Довудга ишонмайди

1Филистлар ҳамма сипоҳларини Офоққа
Офоқ — Исроилнинг шимоли–шарқий чегарасига туташ бўлган, Филистлар назорат қилиб турган ерларга қарашли шаҳар.
йиғди. Исроил лашкари эса Йизрилдаги булоқ ёнида қароргоҳ қуриб, жойлашиб олган эдилар.
2Филист беклари юз ва минг кишилик гуруҳлардан иборат бўлган қўшин билан боришарди. Довуд ва унинг одамлари эса шоҳ Охиш билан бирга орқада келаётган эдилар. 3Филист лашкарбошилари:

— Анави ибронийлар бу ерда нима қилиб юрибди? — деб сўраган эдилар, Охиш шундай жавоб берди:

— Бу одам Исроил шоҳи Шоулнинг хизматкори Довуд бўлади. Неча ой–йиллардан бери ёнимда юрибди. Мен томонга ўтгандан буён ундан бирор ёмонлик кўрмадим.

4Лекин Филист лашкарбошилари Охишга:

— Бу одамни орқасига қайтариб юборинг! — дейишди жаҳл билан. — Сиз унга ажратиб берган жойга бораверсин. Биз билан урушга боришига йўл қўйманг! Жанг вақтида бизга қарши чиқиши мумкин. У олдинги хўжайинига ўзини қандай қилиб яхши кўрсатишини биласизми? Одамларимизнинг бошини унга тутиб беришдан бошқа яхши йўл топа олармиди?!
5Ҳалиги: “Шоул мингларчасини ўлдирди, Довуд эса ўн мингларчасини”, деб куйлаб ўйнаб қўшиқ айтган эдилар–ку. Бу ўша Довуд–да.

6Охиш Довудни ёнига чақириб, деди:

— Худо ҳақи, сен яхши одамсан. Ҳузуримга келганингдан бери бирон номаъқул иш қилганингни кўрмадим. Мен билан бирга урушга боришингни истардим–у, аммо бекларимиз урушга боришингни маъқул кўришмаяпти.
7Майли, бу сафар орқангга қайт, тинчгина кет, тағин Филист бекларининг кўзи олдида бирорта номаъқул иш қилиб қўймагин.

8— Ахир, мен нима қилдим?! — деди Довуд. — Ҳузурингизга келганимдан бери мендан бирор айб топмадингиз–ку! Энди шоҳ ҳазратларининг ғанимларига қарши урушга нима учун бормаслигим керак экан?!

9— Биламан, — деди Охиш, — сен менинг назаримда Худонинг фариштасидай поксан. Лекин Филист лашкарбошилари, биз билан урушга бормасин, дейишяпти. 10Энди сен одамларинг билан эрталаб туринглар–да, тонг отар–отмас жўнанглар.

11Шундай қилиб, Довуд одамлари билан эрта тонгда туриб, Филистлар ҳудудига қараб йўл олди. Филистлар эса Йизрилга
Йизрил — Офоқдан қарийб 120 километр масофада жойлашган шаҳар.
жўнашди.
Copyright information for UznUzbC