‏ 1 Samuel 5

Аҳд сандиғи Ашдод ва Эхронга сурилади

1Филистлар Худонинг Сандиғини қўлга киритганларидан кейин, уни Эванзордан Ашдод шаҳрига
Ашдод шаҳри — Филистларнинг бешта шаҳридан биттаси (6:17 га қаранг).
олиб кетишди.
2Уни Филистларнинг худоси Дўғон уйига олиб бориб, Дўғон ҳайкали ёнига жойлаштиришди. 3Ашдодликлар эртасига саҳарда туриб қарашса, Дўғон Эгамизнинг Сандиғи олдида юзи билан ерга ағдарилиб ётган экан. Шунда Дўғонни кўтариб, жойига турғизиб қўйишди.

4Эртасига яна саҳарда туриб қарашса, Дўғон Эгамизнинг Сандиғи олдида юзи билан ерга ағнаб ётган экан. Бу сафар Дўғоннинг боши билан иккала қўли синиб, остонада ётган, фақат гавдаси бутун қолган экан, холос. 5Шунинг учун Дўғон руҳонийлари ва Дўғон уйига келиб сажда қилувчиларнинг бирортаси бугунгача
бугунгача — шу китоб ёзилган вақтга ишора.
Ашдоддаги бу жойнинг остонасини босмайди, улар остонани ҳатлаб, ичкарига киришади.

6Эгамиз Ашдод аҳолисини ва унинг атрофидаги қишлоқлар аҳолисини қаттиқ жазолади. Уларни чипқонга гирифтор қилиб, катта кулфат келтирди. 7Ашдодликлар бўлиб турган воқеаларни кўргач:

— Исроил Худосининг Сандиғи энди биз билан қолмасин, чунки у ўзимизга ҳам, худойимиз Дўғонга ҳам оғир кулфат келтирди, — дейишди.
8Сўнгра хабарчилар жўнатиб, ҳамма Филист бекларини чақиртириб келишди:

— Исроил Худосининг Сандиғини нима қиламиз? — деб сўрашди Ашдодликлар.

— Исроил Худосининг Сандиғи Гатга юборилсин, — дейишди Филист беклари.

Шундай қилиб, Исроил Худосининг Сандиғи Гат шаҳрига жўнатиб юборилди.
9Аммо Сандиқ у ерга келтирилгандан кейин, Эгамиз ўша шаҳарга ҳам бало–қазо келтирди. Шаҳарни қаттиқ ваҳима босди. Эгамиз бутун шаҳар аҳолисини, каттаю кичикни яна чипқонга мубтало қилди. 10Шундан кейин Исроил Худосининг Сандиғини Эхрон шаҳрига жўнатишди.

Худонинг Сандиғи Эхронга кирар–кирмас, Эхронликлар:

— Ўзимизни ва халқимизни қириб ташлагани Исроил Худосининг Сандиғини бизга олиб келишди! — деб шовқин солдилар.
11Хабарчилар жўнатиб, Филистларнинг ҳамма бекларини тўплаб, шундай дедилар:

— Исроил Худосининг Сандиғини келган жойига қайтариб юборинглар, тағин ўзимиз ҳам, халқимиз ҳам қирилиб кетмайлик.

Шаҳарнинг ҳар тарафида ўлим ваҳимаси ҳукм сурарди. Худо уларга оғир жазо юборган эди.
12Омон қолганларнинг ҳаммасига эса чипқон чиқди. Шаҳар аҳлининг оҳу фиғони кўкларга ўрлади.
Copyright information for UznUzbC