1 Samuel 8
Исроил халқи бир шоҳ талаб қилади
1Шомуил кексайгач, ўғилларини Исроилга ҳакам қилиб тайинлаган эди. 2Тўнғич ўғлининг оти Йўэл, иккинчи ўғлининг оти Абиё эди. Бершеба шаҳрида ▼▼ Бершеба шаҳри — Исроилнинг жанубий қисмида, Шимўн қабиласи ҳудудида жойлашган.
шу ўғиллари ҳакам эдилар. 3Аммо ўғиллари Шомуилнинг йўлидан юришмади. Улар тама қилар, пора олар, бир ёқлама ҳукм чиқарардилар. 4Бир куни Исроилнинг ҳамма оқсоқоллари тўпланишиб, Рамага — Шомуилнинг ҳузурига боришди 5ва унга шундай дейишди: — Мана, сиз кексайдингиз, ўғилларингиз эса сизнинг йўлингиздан юришмаяпти. Энди бошқа халқларда бўлганидай, устимиздан ҳукмронлик қиладиган бир шоҳ тайинланг. 6Исроил оқсоқолларининг “Устимиздан ҳукмронлик қиладиган бир шоҳ тайинланг” деган гаплари Шомуилга ёқмади. Шунинг учун у Эгамизга ибодат қилган эди, 7Эгамиз Шомуилга шундай жавоб берди: — Халқ сенга нима айтса, ҳамма гапига қулоқ сол. Улар сени рад этишмади, ўзларининг шоҳи сифатида Мени рад этишди. 8Уларни Мисрдан олиб чиққан кунимдан буён Менга нима қилган бўлсалар, сенга ҳам шундай қилишаётир: улар Мени тарк этиб, бошқа худоларга сажда қилишди. 9Энди уларнинг гапига қулоқ сол. Фақат уларни жиддий огоҳлантириб қўй, ўзлари устидан ҳукмронлик қиладиган шоҳнинг ҳуқуқи ва муомаласини очиқчасига айт. 10Ўзлари учун шоҳ талаб қилаётган халққа Шомуил Эгамизнинг ҳамма айтганларини етказди: 11— Сизларга ҳукмронлик қиладиган шоҳнинг ҳуқуқи ва муомаласи қуйидагича бўлади: шоҳ ўғилларингизни мажбурлаб жанг араваларида ва сувори лашкари сафида хизмат қилишга олади. Баъзиларини ўзига қўриқчи қилиб тайинлайди, улар шоҳнинг жанг аравалари олдида югуришади. 12Шоҳ баъзиларини мингбоши, баъзиларини элликбоши этиб тайинлайди. Қай бирини шоҳ ўз даласини экиш–ўришга, яна бошқасини эса жанг қуролларини ва жанг араваларининг асбоб–ускуналарини ясашга мажбур этади. 13Қизларингизни пардозчи, ошпаз, новвой қилиб олади. 14Энг яхши далаларингизни, узумзорларингизни, зайтунзорларингизни олиб, ўзининг аъёнларига беради. 15Донингизнинг, узумларингизнинг ўндан бирини олиб, сарой амалдорлари билан бошқа аъёнларига тақсимлаб беради. 16Қул ва чўриларингизни, энг сара ҳўкизларингизни ▼▼ ҳўкизларингиз — қадимий юнонча таржимадан. Ибронийча матнда йигитларингиз.
, энг сара эшакларингизни олиб, ўзининг иши учун фойдаланади. 17Қўй ва эчки сурувларингизнинг ҳам ўндан бирини тортиб олади. Ўзларингиз ҳам унга қул бўлиб қоласизлар. 18Вақти келиб, ўзларингиз истаган шоҳ дастидан фарёд қиласизлар. Лекин ўша пайтда Эгамиз сизларга жавоб бермайди. 19Барибир халқ Шомуилнинг гапини эшитишни истамади: — Йўқ, устимиздан бир шоҳ бўлсин, 20ўшанда биз ҳам ҳамма халқлар сингари бўламиз. Шоҳимиз бизга ҳукмронлик қилсин, олдимизда бориб, урушларимизда бош бўлсин, — дейишди. 21Шомуил халқнинг ҳамма гапини тинглади, сўнг уларнинг гапларини Эгамизга айтди. 22Эгамиз Шомуилга: — Уларнинг гапига қулоқ сол, устиларидан шоҳ тайинла, — деб амр берди. Шомуил Исроил халқига: — Ҳар ким ўз шаҳрига қайтсин, — деди.
Copyright information for
UznUzbC