‏ 1 Samuel 28

1Ўша кунларда Филистлар Исроил лашкари билан уруш қилмоқчи бўлиб, лашкарларини тўплашди. Охиш Довудга:

— Билиб қўй, сен одамларинг билан албатта мен томонда жанг қиласан, — деб таъкидлади.

2— Мен қулингизман, ўшанда нималар қилишимни ўзингиз кўрасиз, — деди Довуд.

— Яхши, — деди Охиш, — сен доимо менинг шахсий қўриқчим бўлиб қоласан.

Шоул арвоҳдан маслаҳат сўрайди

3Шомуил оламдан ўтганда, бутун Исроил халқи унга аза тутган ва уни ўз шаҳри Рамага дафн қилишган эди. Шоул эса арвоҳ чақирувчиларни ва фолбинларни юртдан йўқотиб юборган эди.

4Шу орада Филистлар тўпланиб, Шунам шаҳрига бориб қароргоҳ қуришди. Шоул ҳам жамики Исроил қўшинини йиғиб, Гилбова тоғида
Гилбова тоғи — Жалила кўлидан қарийб 32 километр жануби–ғарбда жойлашган.
қароргоҳ қурди.
5Шоул Филистлар қўшинини кўрди–ю, қаттиқ қўрқиб кетди, уни ваҳима босди. 6Шоул “Нима қилай?” деб Эгамизнинг хоҳиш–иродасини билмоқчи бўлган эди, У Шоулга на тушида, на руҳонийлар
руҳонийлар — ибронийча матнда Урим, руҳонийларга ишора. Шоҳ бирор муҳим қарор чиқаришдан олдин, Худонинг хоҳишини билиш учун руҳонийларга мурожаат қиларди. Бундай ҳолларда руҳонийлар Урим ва Туммим деган муқаддас нарсалардан фойдаланишарди. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун Чиқиш 28:15 нинг иккинчи изоҳига қаранг. Худо Ўз хоҳиш–иродасини одамларга баъзан пайғамбарлар ёки тушлар орқали билдирган (14:36 ва 2 Шоҳлар 2:1 га қаранг).
ва на пайғамбарлар орқали жавоб берди.
7Шундан кейин Шоул аъёнларига:

— Менга бирорта арвоҳ чақирадиган аёлни топиб келинглар, унинг олдига бориб маслаҳат солайин, — деб фармон берди.

— Эн–Дўрда
Эн–Дўр — Гилбова тоғидан қарийб 16 километр шимолда жойлашган шаҳар.
бир арвоҳ чақирадиган аёл бор, — деди аъёнлар.
8Шоул бошқача кийимлар кийиб, қиёфасини ўзгартирди ва икки кишини эргаштириб, кеч кирганда, ўша аёлникига борди.

— Илтимос қиламан, мен учун руҳларга маслаҳат сол, сенга кимнинг номини айтсам, ўша одамни чақириб бер, — деди.
9Аёл шоҳга шундай жавоб берди:

— Шоул нималар қилганини, арвоҳ чақирадиганларни ва фолбинларни юртдан йўқотиб юборганини биласан–ку. Шундай экан, нимага мени нобуд қилмоқ учун тузоқ қўйяпсан?

10— Худо ҳақи, бундан сенга заррача ёмонлик келмайди, — деб онт ичди Шоул.

11Шундан сўнг аёл:

— Сенга кимни чақириб берайин? — деб сўради.

— Менга Шомуилни чақириб бер! — деди Шоул.

12Аёл Шомуилни кўргач, қаттиқ бақириб юборди. Сўнг Шоулга қараб, деди:

— Сиз шоҳ Шоулсиз–ку! Нега мени алдадингиз?

13— Қўрқма! — деди шоҳ аёлга, — нимани кўряпсан?

— Ер остидан
Ер остидан… — бу ерда Шеўл, яъни ўликлар диёри назарда тутилган. 2:6 изоҳига қаранг.
чиқаётган бир арвоҳни кўряпман, — деб жавоб берди аёл.

14— Нимага ўхшайди? — сўради Шоул.

— Ридо кийган кексароқ одам юқорига чиқяпти, — деди аёл. Шу заҳоти Шоул билдики, у одам Шомуил. Мук тушиб унга таъзим қилди.

15— Нимага мени чақириб безовта қилдинг? — сўради Шомуил.

— Мен жуда қийналиб кетдим, — деди Шоул. — Филистлар менга ҳужум қилишмоқчи. Худо эса мени тарк этди. Менга на пайғамбарлар орқали, на тушимда жавоб беряпти. Энди нима қилай, айтинг, шунга сизни чақирган эдим.

16— Эгамиз сени тарк этиб, сенга душман бўлган экан, энди нимага мендан сўраяпсан? — деди Шомуил. 17— Эгамиз мен орқали айтганини қилди. Шоҳликни сенинг қўлингдан тортиб олиб, Довудга берди. 18Чунки сен Эгамизнинг амрига итоат этмадинг, Унинг алангаланган ғазабини сен Омолек халқига сочмадинг. Ана шунинг учун Эгамиз бугун шу кунларни бошингга соляпти. 19У сени ҳам, Исроил халқини ҳам Филистлар қўлига беради. Эртага сен ва ўғилларинг менинг ёнимда бўласизлар
…менинг ёнимда бўласизлар — ҳалок бўлиб, ўликлар диёрига — Шеўлга келасизлар, демоқчи.
. Эгамиз бутун Исроил қўшинини ҳам Филистлар қўлига топширади.

20Шоул бирдан муккаси билан ерга тушди. Шомуилнинг гапларидан қаттиқ қўрқиб кетди, силласи қуриди. У бир кеча–кундуз туз тотмаган эди. 21Аёл Шоулга яқинлашди–да, унинг қаттиқ қўрқиб кетганини кўриб шундай деди:

— Бу чўрингиз ҳам сизнинг гапларингизни эшитди, жонимни хатарга қўйиб бўлса–да, истагингизни бажо келтирдим.
22Энди бу чўрингизнинг гапларини эшитинг. Олдингизга озгина нон–пон қўяман, ейсиз. Ҳали йўл юрасиз, нон–пон еб олсангиз, дармон бўлади.

23— Емайман! — деб рад этди Шоул.

Лекин аъёнлари ҳам, аёл ҳам уни кўндиришга кўп ҳаракат қилишди. Охири, Шоул уларнинг айтганини қилишга рози бўлди. Ётган еридан туриб, тўшакка ўтирди.
24Аёлнинг уйида боқувдаги бир бузоғи бор эди. Аёл уни тезда сўйди. Ун олди–да, хамир қориб, хамиртурушсиз нон ёпди. 25Таомларни Шоул билан аъёнлари олдига қўйди. Улар еб–ичиб, ўша куни тунда туриб жўнаб кетишди.
Copyright information for UznUzbC