‏ 1 Samuel 9

Шомуил Шоулни қарши олади

1Бенямин қабиласида Киш деган бир одам бор эди. Киш — Абилнинг ўғли, Абил — Зарорнинг ўғли эди. Зарор — Бахуратнинг, Бахурат — Офиёхнинг ўғли эди. Бенямин қабиласидан бўлган Киш анча обрўли одам эди. 2Унинг Шоул деган ёш, чиройли бир ўғли бор эди. Исроил халқи орасида Шоулдан чиройли одам йўқ эди. Ҳар қандай одамнинг бўйи унинг елкасидан келарди.

3Бир куни Кишнинг эшаклари йўқолиб қолди. Киш ўғли Шоулга:

— Хизматкорлардан бирини ёнингга олгин–да, бориб, эшакларни топиб кел, — деди.

4Шоул Эфрайим қирларини, сўнг Шолишо ерларини айланиб чиқди. Аммо эшакларни топа олмади. Кейин Шалим ерларига ўтди, эшаклар у ерда ҳам йўқ экан. Сўнгра Бенямин ҳудудини кезиб чиқди, эшакларни у ердан ҳам топа олмади.

5Зуф деган жойга боришгач, Шоул ёнидаги хизматкорига:

— Бўлди энди, орқага қайтамиз, бўлмаса, эшаклар қолиб, отам биздан хавотирланади, — деди.

6— Энди бундай қилсак, — деди хизматкори, — шу шаҳарда бир пайғамбар бор, у обрўли одам. Ҳамма айтганлари вожиб бўлади. Ўша одамникига борсак, балки борадиган йўлимизни у бизга кўрсатар.

7— Агар борсак, унга нима олиб борамиз? — деб сўради Шоул. — Тўрваларимиздаги нон тугади. Пайғамбарга олиб борадиган бирор ҳадямиз йўқ. Нимамиз қолди?

8— Мана, менда бир кумуш танга
бир кумуш танга — ибронийча матнда чорак шақал кумуш, тахминан 3 граммга тўғри келади.
бор, — деди хизматкор. — Буни пайғамбарга бераман, у бизга борадиган йўлимизни кўрсатади.

9(Қадимда Исроилда кимдир Худонинг хоҳиш–иродасини билмоқчи бўлса, “Қани, валийга борамиз”, дерди. Бугунги пайғамбар ўша вақтда валий дейиларди.)

10Шоул хизматкорига:

— Маъқул, қани, кетдик, — деди. Шундай қилиб, улар пайғамбар яшайдиган шаҳарга жўнадилар.
11Шаҳар тепаликда жойлашган эди. Улар шаҳарга борадиган қия йўлдан кетаётганларида, қудуқдан сув олишга келган қизларга дуч келишди. Улар қизлардан:

— Валий шу ердами? — деб сўрашди.
12Қизлар жавоб беришди:

— Ҳа, ана олдингизда! Фақат тезроқ боринглар, шаҳримизга бугун келдилар. Бугун тепаликдаги саждагоҳда халқ қурбонлик келтиради.
13Шаҳарга киришингиз биланоқ, уни топасизлар. У саждагоҳга таом ейишга келмоқда. Валий келиб, қурбонликни табаррук қилмагунча, халқ таом емайди. У келгандан кейингина таклиф қилинганлар таом ейди. Ҳозир борсангиз, уни дарров топасизлар.

14Шоул билан хизматкори шаҳарга келишди. Шаҳарга кирганларида, саждагоҳга чиқишга тараддуд кўраётган Шомуил улар томонга келаётган экан.

15Шоул келмасдан бир кун олдин, Эгамиз Шомуилга шуни аён қилган эди: 16“Эртага шу вақтда сенинг олдингга Бенямин юртидан биттасини юбораман. Унинг бошига мой суртиб танла. У халқим Исроилнинг ҳукмдори бўлсин. Халқимни Филистлар қўлидан у қутқаради. Халқимнинг аҳволига назар солдим, уларнинг оҳу фиғони Менга етиб келди.”

17Шомуил Шоулни кўргач, Эгамиз унга: “Ана Мен сенга айтган одам, Менинг халқимга у раҳнамолик қилади”, — деди. 18Шоул шаҳар дарвозаси олдида Шомуилга яқинлашиб сўради:

— Марҳамат қилиб айтинг–чи, валийнинг уйи қаерда?

19— Валий менман, — деди Шомуил. — Мендан олдин саждагоҳга чиқ. Бугун мен билан бирга таом ейсизлар. Эртага эрталаб дилингдаги ҳамма нарсани сенга айтиб, кейин ўзим кузатиб қўяман. 20Исроил халқининг умиди сендан ва сенинг хонадонингдан эканини ўзинг билишинг зарур. Уч кун олдин йўқолган эшакларинг учун қайғурма. Улар топилди.

21— Мен Исроил қабиласининг энг кичиги бўлган Бенямин қабиласиданман–ку! Мен мансуб бўлган уруғ Бенямин қабиласининг ҳамма уруғидан энг кичиги бўлса, менга нима учун бундай гапларни айтяпсиз? — деди Шоул.

22Шомуил Шоул билан хизматкорини ўша ердаги хонага олиб борди. Чақирилганлар тахминан ўттизтача эди. Энг тўрига Шоул билан хизматкорини ўтқазди. 23Кейин ошпазга:

— Мен сенга, бир четга олиб қўй, деб улуш берган эдим–ку, ўша улушни келтир, — деди.
24Ошпаз ўнг сон гўштини олиб келиб, Шоулнинг олдига қўйди.

— Мана, сен учун ажратиб қўйилган улуш, марҳамат, егин! — деди Шомуил. — Бу улушни белгиланган кунда ўзим чақирган халқим билан бирга ейсан, деб сенга сақлаб қўйган эдим.

Ўша куни Шоул Шомуил билан таом еди.
25Сўнгра улар саждагоҳдан шаҳарга тушишди. Шомуил уйининг томида Шоул билан суҳбатлашди.

Шомуил Шоулни ҳукмдор этиб тайинлайди

26Саҳар пайти Шомуил том устида ётган
…том устида ётган… — у вақтларда уйларнинг томи текис бўлгани учун, одамлар кўпинча томга чиқиб ётишарди.
Шоулни чақириб:

— Бўла қол! Сени кузатиб қўяман, — деди.

Шоул ўрнидан туриб, Шомуил билан бирга ташқарига чиқди.
27Шаҳар чеккасига яқинлашганларида, Шомуил Шоулга деди:

— Хизматкорингга айт, у биздан олдинроқ юрсин. Сен орқароқда қол, сенга Худонинг каломини айтаман.
Copyright information for UznUzbC