‏ 2 Chronicles 12

Миср Яҳудо юртига ҳужум қилади

1Рахабом ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлаб, кучайиб кетгач, у билан бирга бутун халқ Эгамизнинг қонунларидан юз ўгирди. 2Улар Эгамизга қилган бевафолиги учун Рахабом ҳукмронлигининг бешинчи йилида
Рахабом ҳукмронлигининг бешинчи йили — тахминан милоддан олдинги 926 йил.
Миср шоҳи Шишах Қуддусга бостириб келди.
3Шишах ўзи билан 1200 та жанг аравасини, 60.000 нафар отлиқ лашкарни, шунингдек, Мисрдан Ливиялик, Сухотлик ва Ҳабашистонлик
Ҳабашистонлик — ибронийча матнда Кушлик. Куш деган жой Мисрдан жанубда бўлиб, ҳозирги Судан ва Эфиопия мамлакатларининг бир қисмини ўз ичига олган эди.
сон–саноқсиз қўшинни тортиб келди.
4Шишах Яҳудонинг мустаҳкам шаҳарларини қўлга киритиб, Қуддусгача етиб борди.

5Шунда Шамаё пайғамбар шоҳ Рахабомнинг ва Яҳудо лашкарбошиларининг олдига келди. Улар ўша пайтда Шишахдан қочиб, Қуддусга тўпланишган эди. Шамаё пайғамбар уларга деди:

— Эгамиз шундай демоқда: “Сизлар Мени тарк этдингиз, шунинг учун Мен ҳам сизларни тарк этиб, Шишахнинг қўлига бераман.”

6Шунда лашкарбошилар билан шоҳ ўз айбларини тан олиб: “Эгамиз адолатлидир”, дедилар. 7Улар айбларини тан олганларини Эгамиз кўргач, Шамаёга шу сўзларини аён қилди: “Улар гуноҳларига иқрор бўлдилар, шунинг учун уларни қириб ташламайман. Шишах ҳужум қилганда, уларни қисман халос этаман. Шишахнинг қўли орқали Қуддусга ғазабимни сочмайман. 8Бироқ уларни Шишахга қарам қилиб қўяман, шунда улар Менга хизмат қилиш билан бошқа юртларнинг шоҳларига хизмат қилиш орасидаги фарқни билиб оладилар.”

9Миср шоҳи Шишах Қуддусга бостириб келганда, Эгамизнинг уйидаги ва саройдаги хазиналарни тортиб олди, қўлига нима илинса, ҳаммасини олди. Сулаймон ясаттирган олтин қалқонларни ҳам олди. 10Шоҳ Рахабом олтин қалқонлар ўрнига бронза қалқонлар ясаттирди ва уларни шоҳ саройи дарвозасини қўриқлайдиган соқчилар бошлиқлари қўлига берди. 11Шоҳ Эгамизнинг уйига кирганда, соқчилар қалқонларни кўтариб боришар, кейин эса қалқонларни жойига элтиб қўйишарди. 12Рахабом ўз айбларини тан олгани учун Эгамиз ғазабидан тушиб, Яҳудо халқини тамомила қириб юбормади. Яҳудодаги аҳвол яхшиланди.

Рахабомнинг ҳукмронлиги

13Шоҳ Рахабом Қуддусда ҳукмронлик қилиб, кучайиб бораверди. У тахтга ўтирган пайтда қирқ бир ёшда эди. Унинг онаси Оммонлик бўлиб, исми Намах эди. Рахабом Қуддусда ўн етти йил шоҳлик қилди. Эгамиз ҳамма Исроил қабилаларининг шаҳарлари орасидан Қуддус шаҳрини Ўзига сажда қилишлари учун танлаб олган эди. 14Рахабом чин юракдан Эгамизга интилмагани учун қабиҳлик қилаверди.

15Рахабом билан Ерибом бутун умри давомида уришиб келдилар. Рахабомнинг бутун фаолияти бошдан охиргача Шамаё пайғамбар ва валий Йиддо ёзган насабномада баён этилган. 16Ниҳоят, Рахабом оламдан ўтиб, Довуд қалъасида, ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Абиё шоҳ бўлди.
Copyright information for UznUzbC