2 Chronicles 13
Абиё билан Ерибом ўртасидаги уруш
1Исроил шоҳи Ерибом ҳукмронлик қилаётганига ўн саккиз йил бўлганда, Абиё Яҳудога шоҳ бўлди. 2У Қуддусда уч йил шоҳлик қилди. Онасининг исми Махо ▼▼ Махо — ибронийча матнда бу исмнинг бошқа варианти Михиё. Унинг Махо деган шакли 3 Шоҳлар 15:2 дан олинган (яна 11:20 га қаранг).
бўлиб, Гиволик Уриёлнинг қизи эди. Абиё билан Ерибом ўртасида уруш бўлди. 3Абиё сараланган одамлардан ташкил топган 400.000 нафар ботир жангчисини урушга бошлади. Ерибом эса Абиёга қарши 800.000 нафар сараланган баҳодир жангчини саф торттирди. 4Абиё Эфрайим қирларидаги Заморайим тоғи ён бағрига чиқиб, гапирди:“Эй Ерибом ва бутун Исроил халқи, гапимни эшитинг! 5Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шоҳ Довуд билан қатъий аҳд тузиб, Исроил устидан ҳукмронлик қилишни то абад унга ва унинг наслига топширган. Наҳотки буни билмасангиз?! 6Шундай бўлса–да, Набат ўғли Ерибом Довуд ўғли Сулаймоннинг хизматида бўла туриб, ўз хўжайинига қарши бош кўтарди. 7Атрофига бир гуруҳ аллақандай ярамас одамларни тўплаб, Сулаймон ўғли Рахабомга қарши фитна уюштирди. Рахабом ўша пайтда ёш, тажрибасиз бўлгани учун уларга қаршилик кўрсата олмади.8Энди эса сизлар Довуд насли қўлидаги Эгамизнинг шоҳлигига қарши уруш қилмоқчисизлар. Ҳа, сизлар кўпчиликсиз. Ерибом худолар сифатида ясаттириб берган олтин бузоқлар ▼
▼ Ерибом…ясаттириб берган олтин бузоқлар… — 3 Шоҳлар 12:26-30 га қаранг.
ҳам ёнингизда. 9Сизлар Ҳоруннинг наслидан бўлган Эгамизнинг руҳонийларини ва левиларни қувиб юбордингизлар. Бегона халқлардан ўрнак олиб, оддий одамларни руҳоний қилиб тайинладингизлар. Қойил–э! Ёш буқаси ёки еттита қўчқори бўлган ҳар ким сохта худоларингизга руҳонийлик қила олади–я!10Лекин Худойимиз Эгамиздир, биз Ундан юз ўгирмадик. Эгамизга хизмат қилаётган руҳонийларимиз Ҳорун наслидандир. Левилар уларга хизматда ёрдам беришяпти. 11Улар ҳар куни эрталаб ва кечқурун Эгамизга куйдириладиган қурбонликлар аташади, хушбўй тутатқилар тутатишади, покланган хонтахтага муқаддас нонлар қўйишади, ҳар оқшом олтин чироқпоядаги мойчироқларни ёқишади. Ҳа, биз Эгамиз Худонинг талабларини бажарамиз, сизлар эса Уни тарк этдингизлар. 12Худо биз билан биргадир, У бизнинг йўлбошчимиздир. Унинг руҳонийлари карнайлар чалиб, сизларга қарши жангга даъват қилади. Эй Исроил халқи! Ота–боболарингизнинг Худоси — Эгамизга қарши жанг қилманг, сиз барибир муваффақиятга эришмайсиз!”
13Шу орада Ерибом билдирмай сипоҳларининг бир қисмини Яҳудо лашкарининг орқа томонига пистирма қўйиш учун жўнатди. Сипоҳларининг асосий қисми эса Яҳудо лашкарининг олд томонида саф тортган эди. 14Яҳудо лашкари қарашса, қуршовда қолишибди. Улар Эгамиздан ёрдам сўраб ёлворишди, руҳонийлар карнайларини чалишди. 15Яҳудо лашкари овози борича ҳайқиришди. Уларнинг жанговар ҳайқириғи остида Худо Ерибомни ҳамда бутун Исроил лашкарини Абиё ва Яҳудо халқи олдида мағлуб қилди. 16Исроил лашкари Яҳудо лашкари олдига тушиб қочишди. Худо Исроил лашкарини Яҳудо лашкарининг қўлига берди. 17Абиё ва унинг лашкари уларга оғир талафот етказдилар. Исроил лашкарининг 500.000 нафар сараланган сипоҳи қурбон бўлди. 18Яҳудо лашкари ота–боболарининг Худоси — Эгамизга таянгани учун жангда Исроил лашкарини мағлуб қилиб, ғалабага эришган эди. 19Абиё Ерибомни таъқиб қилиб, Байтил, Яшоно ва Эфрўн шаҳарларини ҳамда ўша шаҳарлар атрофидаги қишлоқларни қўлга киритди. 20Ерибом Абиё даврида олдинги қудратини тиклай олмади. Эгамиз шоҳ Ерибомнинг жонини олиб, уни ҳалок қилди. 21Абиё эса кучайиб бораверди. У ўн тўртта хотинга уйланиб, йигирма иккита ўғил ва ўн олтита қиз кўрди. 22Абиёнинг бошқа ишлари, унинг фаолияти ва тутган йўллари Йиддо пайғамбарнинг тарихида баён этилган.
Copyright information for
UznUzbC