‏ 2 Chronicles 23

Оталиёга қарши исён

1Еттинчи йили руҳоний Ёҳайидо қўрқмай ҳаракатга тушди. У қуйидаги юзбошилар билан аҳд қилди: Ерохам ўғли Озариё, Ёҳуханон ўғли Исмоил, Обид ўғли Озариё, Одаё ўғли Масиё ва Зихри ўғли Элишафат. 2Улар Яҳудо юртини кезиб чиқдилар, Яҳудонинг ҳамма шаҳарларидан левиларни ва Исроил уруғбошиларини йиғиб, Қуддусга олиб келдилар. 3Келганларнинг ҳаммаси Худонинг уйига йиғилиб, ўша ерда шоҳ билан аҳд қилдилар. Ёҳайидо уларга шундай деди:

— Мана шоҳнинг ўғли! Эгамизнинг Довуд ўғиллари ҳақида берган ваъдасига мувофиқ, бу ўғил ҳукмронлик қилсин.
4Энди сизлар бундай қиласизлар: Шаббат куни хизмат қиладиган руҳоний ва левиларнинг учдан бир қисми дарвозаларни қўриқласин. 5Учдан бири — шоҳнинг уйида, учдан бири эса Асос дарвозасида бўлсин. Халқ оммаси Эгамиз уйининг ҳовлиларида турсин. 6Эгамизнинг уйига руҳонийлар билан хизматдаги левилардан бошқа ҳеч ким кирмасин. Фақат улар кира оладилар, чунки улар муқаддасдирлар. Қолган одамлар Эгамизнинг кўрсатмаларига риоя қилиб, ташқарида қолсинлар. 7Левилар қўлида қуроли билан шоҳни ҳар томондан ўраб олсинлар, Эгамизнинг уйига ким кирса ўлдирилсин. Шоҳ кирганда ҳам, чиққанда ҳам, унга ҳамроҳ бўлинглар.

8Левилар ва бутун Яҳудо халқи руҳоний Ёҳайидонинг амрларини сўзсиз бажардилар. Ҳар бир юзбоши Шаббат куни хизматини бошлаган ва хизматини тугатган қўриқчиларини олиб қолди, чунки ўша куни Ёҳайидо қўриқчиларининг бирорта бўлинмасига кетишга ижозат бермаган эди. 9Руҳоний Ёҳайидо Худонинг уйида турган шоҳ Довуднинг найзаларини ҳамда катта ва кичик қалқонларини юзбошиларга тарқатди. 10Шоҳни қўриқлаш учун уйнинг жануб томонидан шимол томонигача, қурбонгоҳнинг ва уйнинг атрофига одамларни жангга шай ҳолда жойлаштирди. 11Ёҳайидо Йўшни ташқарига олиб чиқиб, бошига тож кийдирди. Унга шоҳлик қонунларини
шоҳлик қонунлари — ёки шоҳлик муҳри. Бу ўринда ишлатилган ибронийча сўз қонунларнинг бир нусхасини (Қонунлар 17:18-19 га қаранг) ёки шоҳлик муҳри бўлган узукни билдиради. Бундай муҳр шоҳ ҳокимиятининг рамзи эди.
берди. Йўш шоҳ деб эълон қилинди. Ёҳайидо ва унинг ўғиллари Йўшнинг бошига мой суртишди, сўнгра: “Шоҳимизнинг умрлари узоқ бўлсин!” дея ҳайқиришди.

Оталиё ўлдирилади

12Оталиё югураётган ва шоҳни олқишлаётган халқнинг шовқин–суронини эшитгач, Эгамизнинг уйига, у ерда йиғилганларнинг ёнига борди. 13Қарасаки, одатга кўра, Эгамизнинг уйига кираверишдаги устун олдида шоҳ турибди, шоҳнинг атрофини лашкарбошилар, карнайчилар ўраб олган. Юртнинг бутун халқи шод–хуррам, карнай чаляпти, қўшиқчилар мусиқа асбоблари жўрлигида байрам ўтказяпти. Шунда Оталиё ғазабдан либосларини йиртиб: “Хоинлик! Хоинлик!” деб бақирди. 14Руҳоний Ёҳайидо юзбошиларни чақириб: “У хотинни бу ердан олиб чиқиб кетинглар, кимки унга эргашса, қиличдан ўтказинглар”, деб буйруқ берди. Руҳоний ўша аёлнинг Эгамиз уйида ўлдирилишини истамади. 15Оталиё ушланди ва саройнинг От дарвозасига келтирилиб, ўша ерда қатл қилинди.

Руҳоний Ёҳайидонинг ислоҳотлари

16Руҳоний Ёҳайидо халқ, шоҳ ва Эгамиз орасида “Биз Эгамизнинг халқи бўламиз” деб аҳд тузди. 17Сўнг бутун халқ Баалнинг уйига бориб, уни бузиб ташлади, у ердаги қурбонгоҳларни ва Баалнинг тасвирларини синдирди, Баалнинг руҳонийси Маттонни эса қурбонгоҳларнинг рўпарасида ўлдирди.

18Ёҳайидо Довуд берган кўрсатмаларга риоя қилган ҳолда, Эгамиз уйининг назоратини леви руҳонийларига топширди. Уларга, Мусонинг қонунида ёзилганидай, Эгамизга куйдириладиган қурбонликлар келтиришни ва Довуд амр этгандай, шод–хуррамлик билан қўшиқ айтишни буюрди. 19Ҳеч ким Эгамизнинг уйига ҳаром бўлиб кирмасин деб, дарвозага соқчиларни жойлаштирди. 20Сўнгра юзбошиларни, аслзодаларни, халқ йўлбошчиларини ва жамики халқни ёнига олиб, шоҳни Эгамизнинг уйидан олиб чиқди. Улар Юқори дарвозадан ўтиб, шоҳни саройга олиб келдилар ва тахтга ўтқаздилар 21Оталиё ўлдирилгани учун юрт халқи севинди. Қуддус осойишта бўлиб қолди.
Copyright information for UznUzbC