2 Chronicles 24
Яҳудо шоҳи Йўш
1Йўш шоҳ бўлганда, етти ёшда эди. У Қуддусда қирқ йил ҳукмронлик қилди. Онаси Бершеба шаҳридан бўлиб, исми Зибиёх эди. 2Руҳоний Ёҳайидо ҳаётлигида Йўш Эгамизнинг олдида тўғри ишлар қилди. 3Ёҳайидо Йўшга иккита хотин олиб берди. Улар Йўшга ўғил–қизлар туғиб беришди. 4Орадан бир оз вақт ўтгач, Йўш Эгамизнинг уйини тузатишга қарор қилди. 5У руҳонийларни ва левиларни тўплаб, уларга айтди: — Яҳудо шаҳарларига бориб, Худойингизнинг уйини тузатиш учун жамики Исроил халқидан йилига тўланадиган солиқни йиғиб келинглар. Бу ишни тезлик билан бажаринглар. Лекин левилар бу ишни орқага сурдилар. 6Шунда шоҳ олий руҳоний Ёҳайидони чақиртириб, ундан сўради: — Нимага сиз левиларни солиқ йиғиб келишлари учун жўнатмадингиз? Эгамизнинг қули Мусо Муқаддас аҳд чодирининг ▼▼ Муқаддас аҳд чодири — ибронийча матнда Гувоҳлик чодири, Муқаддас чодирнинг яна бир номи. Ибронийча матндаги иборанинг гувоҳлик сўзи ўнта амр ёзилган иккита тош лавҳага ишора қилади. Бу тош лавҳалар Худо ва Унинг халқи ўртасида тузилган аҳднинг далили, яъни тошга битилган гувоҳлик бўлиб хизмат қиларди. Мусо даврида бу икки тош лавҳа Муқаддас чодирдаги Аҳд сандиғининг ичида сақланарди (Чиқиш 40:20 га қаранг).
харажатларини қоплаш учун бу солиқни Исроил жамоасига солган–ку. 7Қабиҳ аёл Оталиёнинг издошлари Худонинг уйига бостириб кириб, у ердаги Эгамизга бағишланган ашёларни Баалнинг сажда маросимлари учун ишлатган эдилар. 8Шоҳнинг буйруғи билан бир қути ясалиб, Эгамиз уйи дарвозасининг ташқи томонига ўрнатилди. 9“Худонинг қули Мусо саҳрода Исроил халқига солган солиқни Эгамизга олиб келинглар”, деб Яҳудо ва Қуддус бўйлаб эълон қилинди. 10Жамики йўлбошчилар ва халқ бажонидил солиқ пулларини олиб келиб, қутини тўлдиравердилар. 11Қутида кўп пул йиғилгандан кейин, левилар қутини шоҳ аъёнларига олиб боришар эди. Шоҳнинг мирзаси билан олий руҳонийнинг ёрдамчиси қутини бўшатиб, уни ўз жойига қайтариб қўйишар эди. Улар ҳар куни шундай қилишарди. Шу тариқа кўп миқдорда кумуш тўплашди. 12Шоҳ ва Ёҳайидо бу кумушларни Эгамизнинг уйидаги ишларнинг бошида турган одамларга берди. Улар эса бу кумушга Эгамизнинг уйини тузатиш учун тош терувчилар, дурадгорлар, темир ва бронзага ишлов берадиган усталарни ёлладилар. 13Ҳаммалари чин юракдан меҳнат қилишди, Худонинг уйини олдинги ҳолатида тиклаб, мустаҳкамлашди. 14Улар ҳамма ишларни тугатишгач, қолган кумушларни шоҳ билан Ёҳайидога беришди. Бу кумушлардан Эгамизнинг уйи учун буюмлар — хизматда ва қурбонликлар куйдиришда ишлатиладиган идишлар, шунингдек, олтин ва кумуш анжомлар ясалди. Руҳоний Ёҳайидо даврида Эгамизнинг уйида доимо куйдириладиган қурбонликлар келтириларди. Руҳоний Ёҳайидонинг сиёсати бекор қилинади
15Ёҳайидо роса кексайиб, бир юз ўттиз ёшида вафот этди. 16У Исроил халқи, Худо ва Худонинг уйи учун қилган хизматлари эвазига Довуд қалъасида шоҳлар ёнига дафн қилинди. 17Ёҳайидонинг вафотидан кейин Яҳудо аъёнлари шоҳ ҳузурига келишиб, унга таъзим қилдилар. Шоҳ уларнинг маслаҳатларига қулоқ солди. 18Натижада халқ ота–боболарининг Худоси — Эгамизнинг уйини тарк этиб, Ашеранинг ▼▼ Ашера — 14:3 нинг иккинчи изоҳига қаранг.
устунларига ва бутларга сиғина бошлади. Уларнинг бу гуноҳлари туфайли, Яҳудо ва Қуддус устига Эгамиз ғазабини сочди. 19У, халқимни қайтарай деб, олдиларига пайғамбарларни юборди. Бироқ халқ пайғамбарларнинг огоҳлантиришларига қулоқ солмади. 20Худонинг Руҳи руҳоний Ёҳайидонинг ўғли Закариёни қамраб олди. Закариё халқнинг олдида туриб, шундай деб айтди: — Худо шундай демоқда: “Нимага сизлар Менинг амрларимга итоат этмаяпсизлар? Шунинг учун роҳат–фароғатга эришолмайсизлар. Сизлар Мен, Эгангизни тарк этганларингиз учун, Мен ҳам сизларни тарк этаман.” 21Аъёнлар Закариёга қарши фитна уюштирдилар. Шоҳнинг фармони билан уни Эгамизнинг уйи ҳовлисида тошбўрон қилиб ўлдирдилар. 22Шоҳ Йўш Закариёнинг отаси Ёҳайидо кўрсатган садоқатини эсламади, аксинча, унинг ўғлини ўлдирди. Закариё жон бераётганда: “Эгамиз бу қилмишингизни кўриб, жазоингизни берсин”, деди. Шоҳ Йўш ҳукмронлигининг сўнгги даври
23Ўша йилнинг охирида ▼▼ йилнинг охири — ибронийча календарга кўра, баҳорнинг бошланишига — март ойининг ўртасига тўғри келади.
Орам лашкари Йўшга ҳужум қилди. Улар Яҳудо ва Қуддусни босиб олиб, ҳамма халқ йўлбошчиларини ўлдиришди, олган ҳамма ўлжаларини Дамашқ шоҳига жўнатишди. 24Гарчи Орам лашкари озчилик бўлса ҳам, Эгамиз уларнинг қўлига Яҳудонинг катта лашкарини топширганди. Чунки Яҳудо халқи ота–боболарининг Худоси — Эгамизни тарк этганди. Шундай қилиб, шоҳ Йўш жазосини олди. 25Йўш жангда оғир яраланди. Орам лашкари кетишлари биланоқ, Йўшнинг икки аъёни унга фитна уюштирдилар. Улар руҳоний Ёҳайидонинг ўлдирилган ўғли учун Йўшдан ўч олиб, уни ўз тўшагида ўлдирдилар. Йўшни Довуд қалъасига дафн қилдилар, бироқ шоҳлар қабрига уни қўймадилар. 26Йўшга фитна уюштирганлар Оммонлик Шимат деган аёлнинг ўғли Йўзабад ▼▼ Йўзабад — ибронийча матнда бу исмнинг бошқа варианти Забад. Унинг Йўзабад деган шакли 4 Шоҳлар 12:21 дан олинган.
ва Мўаблик Шўмер ▼▼ Шўмер — ибронийча матнда бу исмнинг бошқа варианти Шимрит. Унинг Шўмер деган шакли 4 Шоҳлар 12:21 дан олинган.
деган аёлнинг ўғли Ёҳузабад эдилар. 27Йўшнинг ўғиллари тўғрисидаги тўлиқ ахборот, Йўшга қарши айтилган кўп башоратлар ва Худонинг уйи тузатилгани тўғрисидаги маълумотлар “Шоҳлар китобига шарҳлар”да баён этилган. Йўшнинг ўрнига ўғли Эмозиё шоҳ бўлди.
Copyright information for
UznUzbC