‏ 2 Chronicles 26

Яҳудо шоҳи Уззиё

1Шундан кейин Яҳудо халқи ўн олти ёшли Уззиёни отаси Эмозиёнинг ўрнига шоҳ қилди. 2Эмозиёнинг вафотидан сўнг, Уззиё илгарилари Яҳудога қарашли бўлган Элет шаҳрини
Элет шаҳри — Синай ярим оролининг шарқида, Қизил денгизнинг шимолий қирғоғидаги бандаргоҳ шаҳар.
қўлга киритиб, қайтадан қурди.

3Уззиё шоҳ бўлганда, ўн олти ёшда эди. У Қуддусда эллик икки йил ҳукмронлик қилди. Онаси Қуддуслик бўлиб, исми Ёхолиё эди. 4Уззиё ҳам, отаси Эмозиё каби, Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди. 5Закариё ҳаётлиги даврида Уззиё Худога интиларди, Закариё унга Худонинг йўлидан юришни ўргатарди
…Закариё унга Худонинг йўлидан юришни ўргатарди — баъзи иброний қўлёзмаларидан, қадимий юнонча ва сурёнийча таржималардан. Ибронийча матнда …Закариё Худонинг ваҳийларини таъбирловчи эди.
. Уззиё Эгамизга интилган пайтда, Худо унга ҳузур–ҳаловат бағишлади.

6Уззиё Филистларга қарши уруш бошлаб, Гат, Ёбнах ва Ашдод шаҳарларининг деворларини бузиб ташлади. У Ашдод ҳудудида ва Филистларга қарашли бошқа жойларда шаҳарлар қурди. 7У Филистларга, Гур–Баалда яшайдиган Арабларга ва Мавунларга қарши уруш қилганда, Худо унга мадад берди. 8Мавун халқи
Мавун халқи — қадимий юнонча таржимадан. Ибронийча матнда Оммонликлар.
Уззиёга ўлпон тўлайдиган бўлди. У ниҳоятда кучайиб кетганидан, шуҳрати Миср чегарасигача ёйилди.
9Бундан ташқари, Уззиё Қуддусдаги Бурчак дарвозаси, Сойлик дарвозаси ва деворнинг қайрилган жойларида миноралар қуриб, бу минораларни мустаҳкамлади. 10У саҳрода мудофаа қўрғонларини қурдирди. Яҳудо қир этакларида ва текисликларда боқилган подалари кўп бўлгани учун, кўплаб сардобалар қаздирди. Деҳқончиликка ихлос қўйгани учун адирлару унумдор ерларда экинлар эктириб, узумзорлар барпо қилди. У ерда ишлайдиган деҳқону боғбонлари бор эди.

11Уззиёнинг моҳир жангчилардан ташкил топган лашкари бор эди. Бу жангчиларни котиб Явиёл ва унинг ёрдамчиси Масиё сафарбар қилиб, уларни бўлинмаларга бўлган эди. Котиб Явиёл билан Масиё Ханониёнинг қўли остида иш олиб борар эдилар. Ханониё шоҳнинг аъёни эди. 12Бу сараланган жангчиларга 2600 уруғбоши қўмондонлик қиларди. 13Уларнинг қўли остида жами 307.500 баҳодир жангчи бўлиб, бу катта лашкар шоҳни душманларидан ҳимоя қилар эди. 14Уззиё бутун лашкарни қалқонлар, найзалар, дубулғалар, совутлар, камонлар ва сопқон тошлари билан таъминлаган эди. 15У Қуддусдаги миноралар устига ва шаҳар девори бурчакларига олимлари кашф этган ўқ отадиган қуроллар ва катта тошларни улоқтирадиган қуролларни ўрнатди. Худо унга ёрдам бергани учун у ниҳоятда қудратли бўлиб, шуҳрати ҳар ёққа таралди.

Шоҳ Уззиё такаббурлиги учун жазоланади

16Уззиё кучайиб кетгандан кейин, ҳалокатга олиб борадиган киборликка берилди. У Эгамизнинг Маъбадига кириб, тутатқи қурбонгоҳида тутатқи тутатди, шу йўсин ўзининг Эгаси Худога итоатсизлик қилди. 17Руҳоний Озариё Эгамизнинг саксонта жасур руҳонийси билан бирга Уззиёнинг кетидан борди. 18Улар шоҳ Уззиёга танбеҳ бериб дейишди:

— Эй шоҳимиз! Эгамизга тутатқи тутатиш сизнинг ишингиз эмас. Бу Ҳорун наслидан бўлган руҳонийларнинг ишидир
Бу Ҳорун наслидан бўлган руҳонийларнинг ишидир — Чиқиш 30:1-10, Саҳрода 16:39-40 га қаранг.
. Тутатқи тутатишга улар бағишланганлар. Қани бўлинг, бу муқаддас жойдан чиқиб кетинг! Сиз ўзбошимчалик қилдингиз. Бу қилмишингиз учун Парвардигор Эгамиз сизни юксалтирармиди?!

19Уззиё ўша пайтда қўлидаги оловкураги билан тутатқи тутатишга тайёр бўлиб турган эди. У руҳонийларнинг танбеҳидан қаттиқ ғазабланган эди, шу заҳотиёқ пешанасига яра тошди
…яра тошди — бу ибора ибронийчада ҳар хил тери касалликларига нисбатан ишлатилган сўзнинг таржимасидир (шу бобнинг 20, 21, 23–оятларида ҳам бор). Одатда бу ибора мохов касаллигига ишора деб тушунилади. Тери касалликларидан бирортасига йўлиққан киши ҳаром ҳисобланар эди. Хаста одам касаллигини бошқаларга юқтирмаслиги ва уларни ҳаром қилмаслиги учун, бошқалардан ажратиб қўйилар эди (Левилар 13:45-46 га қаранг).
. Бу ҳодиса Эгамизнинг уйидаги тутатқи қурбонгоҳи олдида, руҳонийларнинг кўз ўнгида содир бўлди.
20Олий руҳоний Озариё билан бошқа руҳонийлар шоҳ пешанасидаги қўрқинчли яраларни кўришгач, шоҳни ташқарига олиб чиқишга шошилдилар. Шоҳнинг ўзи ҳам ташқарига отланди, чунки Эгамиз уни жазолаган эди. 21Уззиё умрининг охиригача тери касаллигидан тузалмади. У алоҳида бир уйда ёлғиз яшади. Эгамизнинг уйига кириш унга ман этилган эди. Юртдаги халқни ҳам, шоҳ саройини ҳам ўғли Йўтом бошқарарди.

22Уззиёнинг бошқа ишларини бошдан охиргача Омиз ўғли Ишаё пайғамбар ёзиб қолдирган. 23Уззиё оламдан ўтиб, шоҳлар қабристонининг бир четига дафн қилинди. Бироқ тери касаллигига чалингани учун уни шоҳлар хилхонасига қўймадилар. Унинг ўрнига ўғли Йўтом шоҳ бўлди.
Copyright information for UznUzbC