2 Chronicles 31
Шоҳ Ҳизқиёнинг ислоҳотлари
1Байрам тугагандан кейин, ўша ердаги бутун халойиқ Яҳудо, Бенямин, Эфрайим ва Манаше ҳудудидаги шаҳарларга бориб, бутсимон тошларни парчалаб ташладилар, Ашеранинг ▼▼ Ашера — 14:3 нинг иккинчи изоҳига қаранг.
устунларини кесдилар, саждагоҳлар ▼▼ саждагоҳлар — 11:15 нинг биринчи изоҳига қаранг.
ва қурбонгоҳларни вайрон қилдилар. Биттасини ҳам қолдирмадилар. Шундан кейин ҳаммалари ўз шаҳарларига, ўзларининг мулкига қайтдилар. 2Ҳизқиё руҳонийларни ва левиларни гуруҳларга бўлди. Ҳар бир гуруҳга қуйидаги вазифаларни тақсимлаб берди: Эгамизнинг Маъбади ҳовлисида куйдириладиган қурбонликларни ва тинчлик қурбонликларини назр қилиш, у ерда хизмат қилиб, ҳамду сано ва мадҳиялар айтиш. 3Эгамизнинг қонунига кўра, ҳар куни эрталаб ва кечқурун, Шаббат кунлари, янги ой шодиёналари ва тайинланган байрам кунлари куйдириладиган қурбонликлар келтирилиши лозим эди. Шоҳ Ҳизқиё ўзининг шахсий мулкидан бу қурбонликлар учун ҳайвонларни берди. 4У Қуддусда яшаган халққа: “Руҳонийлар ва левиларга тегишли улушни беринглар, токи улар ўзларини тўлиқ Эгамизнинг қонунларини бажаришга бағишласинлар”, деб фармон берди. 5Фармон берилгач, халқ буғдойнинг, шароб, зайтун мойи, асал ва далада етиштирилган донларнинг биринчи ҳосилидан мўл қилиб олиб келдилар. Улар олиб келган ҳамма нарсанинг ушри ▼▼ ушр — ҳар қандай даромаднинг ўндан бир қисми. Левилар 27:30-33, Қонунлар 14:22-29, 26:12-13 га қаранг.
ниҳоятда мўл эди. 6Яҳудо шаҳарларида яшаган Исроил ва Яҳудо халқи мол–қўйларининг ушрини ҳамда Эгаси Худога атаб бағишланган инъомларнинг ушрини олиб келиб, уюм–уюм қилдилар. 7Халқ инъомлар олиб келишни учинчи ойда ▼▼ учинчи ой — иброний календарининг Шавон ойи назарда тутилган. Ҳозирги календарга кўра, бу ой тахминан майнинг ўртасидан бошланади.
бошлаб, еттинчи ойда ▼▼ еттинчи ой — иброний календарининг Тишри ойи назарда тутилган (Тишри ойи Итаним ойи деб ҳам аталади). Ҳозирги календарга кўра, бу ой тахминан сентябрнинг ўртасидан бошланади.
тугатди. 8Ҳизқиё ва унинг аъёнлари келиб уюм–уюм инъомларни кўришгач, Эгамизга ҳамду сано айтиб, Исроил халқини дуо қилишди. 9Ҳизқиё руҳонийлар ва левилардан бу инъомлар ҳақида сўраганда, 10Зодўх хонадонидан бўлган олий руҳоний Озариё Ҳизқиёга шундай жавоб берди: “Халқ инъомларни Эгамизнинг уйига олиб кела бошлаганидан бери, озуқамиз етарли. Жуда кўп ортиб қолгани ҳам бор. Ҳа, Эгамиз Ўз халқига барака берди, ортганининг кўплигини бир кўриб қўйинг.” 11Шунда Ҳизқиёнинг буйруғига биноан, Эгамиз уйининг омборхоналари тайёрланди. 12Бу омборхоналарга ҳамма ҳадялар, ушрлар ва бағишланган инъомлар қўйилди. Буларга назоратчи қилиб леви Хонаниё, унинг ёрдамчиси қилиб укаси Шимах тайинланди. 13Уларнинг қўли остида қуйидаги ўн нафар леви ишлайдиган бўлди: Ёхиёл, Озазиё, Нахат, Осойил, Яримўт, Йўзабад, Элиёл, Йисмахиё, Махат ва Бинаё. Буларнинг ҳаммаси шоҳ Ҳизқиё ва олий руҳоний Озариё томонидан тайинланган эдилар. 14Кори Маъбаднинг шарқий дарвозаси дарвозабони бўлиб, Худога кўнгилдан қилинган назрлар учун масъул эди. Кори леви Йимнахнинг ўғли эди. Унинг вазифаси Эгамизга аталган инъомларни ва энг муқаддас назрларни руҳонийлар ва левиларга бўлиб бериш эди. 15Унинг содиқ ёрдамчилари Эден, Минёмин, Ешува, Шамаё, Эмориё ва Шаханиё эдилар. Улар руҳонийларга қарашли шаҳарларда хизмат қилиб, у ердаги руҳонийларнинг оилаларига гуруҳлари бўйича улуш тақсимлаб беришар эди. Ёшу қарига бир хил улуш ажратишарди: 16Эгамизнинг уйидаги хизматни гуруҳлари бўйича бажарадиган ҳамма эркакларга, шунингдек, насабномада номлари қайд этилган уч ва ундан юқори ёшдаги ўғил болаларга улуш беришарди. 17Улар хонадонлари бўйича рўйхатга олинган руҳонийларга, шунингдек, йигирма ва ундан юқори ёшдаги левиларга улуш ажратишарди. Левиларнинг рўйхати бажарадиган вазифалари ва гуруҳлари асосида тузилган эди. 18Насабномада номлари қайд этилган ҳамма эркакларнинг оилаларига — хотини, ўғил–қизлари, чақалоқларига ҳам улуш бериларди. Зотан, улар ўзларини пок сақлашда садоқат кўрсатар эдилар. 19Шаҳарларнинг четларида истиқомат қилган, Ҳорун наслидан бўлган руҳонийларга келсак, уларга ҳам улуш тарқатадиган одамлар тайинланган эди. Бу одамлар руҳоний уруғидан бўлган ҳар бир эркак зотига ва рўйхатга олинган ҳар бир левига улуш беришар эди. 20Шу йўсинда, Ҳизқиё бутун Яҳудо бўйлаб улуш тарқатиш вазифасини уддалади. У Эгаси Худо олдида яхши, тўғри ва ҳалол ишлар қилди. 21Маъбад хизматига, Худонинг қонунлари ва амрларига оид қилган ҳар бир ишини Худога интилган ҳолда, чин юракдан қилгани учун кўп муваффақиятга эришди.
Copyright information for
UznUzbC