‏ 2 Corinthians 10

Павлусга Худо берган ҳокимият

1Масиҳнинг Ўзи кўрсатган мулойимлик ва меҳрибонлик билан сизлардан илтижо қиламан. Баъзилар мен ҳақимда: “Павлус шахсан орамизда бўлганда мўмин–у, узоқда бўлганда эса жуда жасур экан–а!” деб айтаётган экан. 2Баъзилар мени бўшанг одам, деб айтаётган экан. Мен албатта бундай одамларга қаттиқ муомала қиламан. Сизлардан ўтинаман, сизларга қаттиқ гапиришга мени мажбур қилманглар. 3Биз инсон бўлиб, бу дунёда яшасак ҳам, башарий куч билан жанг қилмаймиз. 4Бизнинг қурол–аслаҳаларимиз башарий манфаат учун эмас, балки илоҳий манфаат учун ишлатилади. Бизнинг қурол–аслаҳаларимиз бу дунёнинг қурол–аслаҳаларидай эмас. Худонинг қудрати билан бу қурол–аслаҳаларимиз қалъадай мустаҳкам бўлган инсоний ўй–хаёлларни ҳамда қуруқ сафсаталарни йўқ қилишга қодир. 5Худони таниб–билишга тўсқинлик қилаётган такаббурона дунёқарашга биз барҳам берамиз. Ҳар қандай ўй–хаёлни Масиҳга бўйсундириб, асир қиламиз. 6Шундай қилиб, ўзларингиз ҳам тўла бўйсунганингиздан кейин, биз биргаликда ҳар хил итоатсизликни жазолашга тайёр бўламиз.

7Сизлар менинг ҳаворий эканлигимни наҳотки билмасангизлар?!
Сизлар менинг ҳаворий эканлигимни наҳотки билмасангизлар?! — юнонча матнда Кўз олдингизда бўлганларга қаранг! ёки Сизлар ташқи қиёфага қараб баҳо беряпсизлар.
Агар бирортаси ишонч билан: “Мен Масиҳга тегишлиман”, деса, шуни ўйлаб кўрсин: у тегишли бўлган Масиҳга биз ҳам тегишлимиз!
8Эгамиз томонидан берилган ҳокимият ҳақида жуда кўп мақтансам ҳам, бундан ҳеч хижолат бўлмайман. Ахир, бу ҳокимият менга сизларнинг имонингизни вайрон қилиш учун эмас, балки мустаҳкамлаш учун берилган.

9 10 11Дарвоқе, баъзилар: “У мактубларида талабчан ва кучли, лекин шахсан биз билан бўлганда эса заиф, сўзлари ҳам таъсирсиз”, деб айтаётган экан. Бундай деб айтаётганлар шуни билиб қўйсинларки, мен фақатгина мактубларимда огоҳлантириб қолмаяпман. Мен мактубларимда қандай инсон эканлигимни кўрсатган бўлсам, ҳузурингизда бўлганимда ҳам шундай инсон эканлигимни ўз ҳаракатларим билан исботлайман.

Мақтанишу мақтанмаслик ҳақида

12Ўзларига юқори баҳо берадиган одамларнинг қаторига биз ўзимизни қўшмаймиз, ҳатто улар билан солиштирмаймиз. Улар ўзларини ўзлари билан ўлчаб, ўзларини ўзларига қиёс қиладилар. Бу қандай аҳмоқлик! 13Биз ҳаддан ташқари мақтанмаймиз. Худо бизга юклаган масъулият ва вазифа доирасидан чиқиб кетмаймиз. Сизлар ҳам бизнинг масъулиятимиз доирасига кирасизлар. 14Агар биз сизларга масъул бўлмаганимизда эди, сизларга қилган муомаламизда ҳаддимиздан ошган бўлардик. Аммо ўзларингиз биласиз–ку, биринчи бўлиб сизларга Масиҳнинг Хушхабарини келтирган бизмиз.

15Биз ҳаддимиздан ошиб, бошқаларнинг қилган меҳнати билан мақтанмаймиз. Умид қиламизки, имонингиз ошиб бораверади, шунда сизларнинг ёрдамингиз билан хизматимиз янада кўпаяди. 16Шундай қилиб, бошқаларнинг тайёр ишлари билан мақтанмай, сизлардан узоқроқ бўлган жойларга ҳам Хушхабарни етказайлик. 17Муқаддас битикларда ўргатилгандай, ким мақтанмоқчи бўлса, Эгамизнинг қилган ишлари билан мақтансин!
ким мақтанмоқчи бўлса, Эгамизнинг қилган ишлари билан мақтансин — Еремиё 9:24 га қаранг.
18Ўзини ўзи мақтаган одам эмас, балки Эгамизнинг мақтовига сазовор бўлган одамгина Унга мақбул бўлади.
Copyright information for UznUzbC