‏ 2 Kings 13

Исроил шоҳи Ёҳухоз

1Яҳудо шоҳи Йўш ҳукмронлигининг йигирма учинчи йилида Ёҳухоз Самарияда Исроил тахтига ўтирди ва ўн етти йил ҳукмронлик қилди. Ёҳухоз Ёҳунинг ўғли эди. 2Ёҳухоз Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилди ва Исроилни гуноҳга ботирган Набат ўғли Ерибомнинг қилган гуноҳларига эргашди. У қабиҳ йўлидан асло қайтмади.

3Шунинг учун Эгамиз Исроилдан ғазабланди ва Исроил халқини узоқ вақт Орам шоҳи Хазайил билан Хазайилнинг ўғли Банҳададнинг қўлига бериб қўйди. 4Шу сабабдан Ёҳухоз Эгамизга илтижо қилган эди, Эгамиз унинг илтижоларини эшитди. Исроил халқи чеккан азоб–уқубатларни, Орам шоҳи уларни сиқувга олганини Эгамиз кўриб турарди. 5Эгамиз Исроилга бир қутқарувчи
…бир қутқарувчи… — ким назарда тутилгани маълум эмас.
юборгандан кейин, улар Орам халқининг зулмидан халос бўлди ва олдингидай тинчгина яшайверди.
6Аммо халқ Ерибом хонадони Исроилга олиб кирган гуноҳларга эргашаверди, бу гуноҳлардан қайтмади. Ашерага
Ашера — Канъондаги халқлар сажда қилган ҳосилдорлик худоси бўлиб, аёл қиёфасида тасаввур қилинган. Унинг эркак жуфти Баал эди. Ашеранинг тасвирлари баланд устун шаклида бўлиб, ёғочдан ясалган эди.
аталган устун ҳали ҳам Самарияда турган эди.
7Орам шоҳи Ёҳухознинг лашкарини қириб, кулини кўкка совурган эди. Ёҳухознинг элликта отлиқ сипоҳи, ўнта жанг араваси, ўн мингта пиёда сипоҳидан бошқа кучи қолмаган эди. 8Ёҳухознинг бошқа ишлари, бутун фаолияти ва унинг қаҳрамонликлари “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган. 9Ёҳухоз оламдан ўтди. У Самарияда ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Ёҳўш
Ёҳўш — ибронийча матнда бу исмнинг бошқа варианти Йўш (шу бобнинг 10, 12, 13, 14, 25–оятларида ҳам бор).
шоҳ бўлди.

Исроил шоҳи Ёҳўш

10Яҳудо шоҳи Йўш ҳукмронлигининг ўттиз еттинчи йилида Ёҳўш Самарияда Исроил тахтига ўтирди ва ўн олти йил ҳукмронлик қилди. Ёҳўш Ёҳухознинг ўғли эди. 11У Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилди. Исроилни гуноҳга ботирган Набат ўғли Ерибом қилган жамики гуноҳларга эргашди, бу гуноҳлардан қайтмади.

12Ёҳўшнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти, Яҳудо шоҳи Эмозиё билан жанг қилганда кўрсатган қаҳрамонликлари “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган. 13Ёҳўш оламдан ўтиб, Самарияда ота–боболари — Исроил шоҳлари ёнига дафн қилинди. Ўрнига ўғли Ёрубом шоҳ бўлди.

Элишайнинг ўлими

14Элишай тузалмас хасталикка йўлиққанда, Исроил шоҳи Ёҳўш уни зиёрат қилгани бориб: “Отам! Отам! — деб йиғлаган эди. — Сиз Исроилнинг қудратли ҳимоячисисиз–ку! Исроилнинг жанг араваси ва отлиқ лашкари кабисиз!
Отам! Отам! …Сиз Исроилнинг қудратли ҳимоячисисиз–ку! Исроилнинг жанг араваси ва отлиқ лашкари кабисиз! — Элишай шу сўзлар билан Илёсга мурожаат қилган эди (2:12 га қаранг).
Бизни ташлаб кетманг!”

15Ўшанда Элишай шоҳга: “Ёйинг билан ўқларингни ол!” деди. Шоҳ ёйи билан ўқларини олди. 16Элишай: “Ёйни ҳозирла!” деб шоҳга буюрди. Шоҳ ёйни ҳозирлагач, Элишай қўлларини шоҳнинг қўллари устига қўйди. 17Сўнгра унга: “Шарқ томондаги деразани оч!” деб буюрди. Шоҳ деразани очгандан кейин, Элишай: “Ўқни от!” деди. Шоҳ ўқни отди.

— Бу ўқ Эгамиз берадиган нажот аломатидир, у сени Орам лашкари устидан зафарга эриштиради, — деди Элишай. — Сен Орам лашкарини Офоқда йўқ қиласан.

18Кейин Элишай шоҳга: “Қолган ўқларни ол!” деб буюрди. Исроил шоҳи ўқларни олгач, Элишай унга: “Ўқларни ерга ур!” деди. Шоҳ ўқларни уч марта ерга уриб, тўхтаб қолди. 19Шунда пайғамбар шоҳдан аччиқланди:

— Беш–олти марта уришинг лозим эди, ўшанда Орам лашкарини тамомила мағлуб қилган бўлардинг. Энди эса уларни уч мартагина мағлуб этасан, холос.

20Шундан кейин Элишай вафот этди, уни дафн қилдилар. Ҳар йили баҳорда Мўабдан босқинчилар Исроил ерларига бостириб келарди. 21Бир сафар Исроил одамлари бир марҳумни дафн қилаётган эдилар, Мўаблик босқинчиларни кўрдилар–у, жасадни Элишайнинг хилхонасига ташлаб қочдилар. Жасад Элишайнинг суякларига текканда тирилиб кетди ва оёққа турди.

Исроил билан Орам ўртасидаги уруш

22Орам шоҳи Хазайил Ёҳухознинг бутун шоҳлиги даврида Исроил халқига зулм ўтказиб келган эди. 23Аммо Эгамиз Исроил халқига раҳм–шафқат кўрсатиб, Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб билан қилган аҳдига кўра, Исроил халқига юз бурган эди. Эгамиз ҳозиргача
…ҳозиргача… — шу китоб ёзилган вақтга ишора.
Исроил халқини Ўз ҳузуридан қувиб чиқармади ва уларнинг қирилиб кетишига йўл қўймади.

24Орам шоҳи Хазайил вафот этгач, ўрнига ўғли Банҳадад шоҳ бўлди. 25Сўнгра Ёҳўш отаси Ёҳухоз шоҳлиги даврида бой берган шаҳарларни Хазайилнинг ўғли Банҳададдан қайтариб олди. Банҳададни уч марта мағлуб қилиб, Исроил шаҳарларига бошқатдан эгалик қилди.
Copyright information for UznUzbC