‏ 2 Kings 2

Илёс осмонга олинади

1Эгамиз Илёсни қуюн ичида осмонга кўтариб кетадиган вақт келди. Илёс билан Элишай Гилгал шаҳридан
Гилгал шаҳри — Байтилдан қарийб 13 километр шимолда жойлашган.
чиқиб кетишаётганда,
2Илёс Элишайга:

— Сен шу ерда қол, Эгамиз менга, Байтил шаҳрига бор, деб амр қилган, — деди.

— Худо шоҳид! Онт ичиб айтаманки, сиздан ҳечам айрилмайман, — деди Элишай.

Сўнгра улар Байтилга жўнадилар.

3Байтилда пайғамбарлар гуруҳи Элишайга пешвоз чиқиб:

— Эгамиз бугун ҳазратингни олиб кетади, буни биласанми? — деб сўрадилар.

— Биламан, — деди Элишай, — лекин менга бу тўғрида гапирманглар.

4Кейин Илёс Элишайга:

— Сен шу ерда қол, Эгамиз менга, Ерихо шаҳрига бор, деб амр берган, — деди.

— Худо шоҳид! Онт ичиб айтаманки, сиздан ҳечам айрилмайман, — дея жавоб қайтарди Элишай. Сўнгра улар Ерихога келишди.

5Ерихода пайғамбарлар гуруҳи Элишайнинг олдига келиб, ундан:

— Эгамиз бугун ҳазратингни олиб кетади, буни биласанми? — деб сўрашди.

— Биламан, — деди Элишай, — лекин менга бу тўғрида гапирманглар.

6Кейин Илёс Элишайга:

— Сен шу ерда қол, Эгамиз менга, Иордан дарёсига бор, деб амр берган, — деди.

— Худо шоҳид! Онт ичиб айтаманки, сиздан ҳечам айрилмайман, — деди Элишай.

Шундай қилиб, икковлари жўнаб кетишди.

7Пайғамбарлардан элликтаси келиб, узоқроқда Илёс билан Элишайнинг рўпарасида тўхтадилар. Иккови эса Иордан дарёси бўйида турардилар. 8Бир пайт Илёс чакмонини олди–да, бураб эшиб, сувга урган эди, сув икки томонга сурилиб, йўл очилди. Икковлари қуруқ жойдан ўтдилар.

9Улар нариги қирғоққа ўтиб олишгач, Илёс Элишайга деди:

— Мени ҳадемай Эгамиз олиб кетади. Айт, шу воқеа юз бермасдан олдин сен учун нима қилай?

Шунда Элишай:

— Илтимос, сизнинг пайғамбарлик руҳингиздан менга икки ҳисса кўп мерос қолсин
…менга икки ҳисса кўп мерос қолсин… — қонун бўйича, қадимги Исроилда тўнғич ўғилга отасидан икки ҳисса мерос қолар эди, бу оятда Элишай тўнғич ўғилнинг улушини сўраяпти (Қонунлар 21:17 га қаранг).
, токи сизнинг издошингиз бўлай, — деди.

10— Қийин нарсани сўраяпсан, — деди Илёс. — Майли, агар мен ёнингдан кўтарилиб кетаётганимни кўра олсанг, истаганинг бажо бўлади. Агар кўра олмасанг, бажо бўлмайди.

11Улар йўлда суҳбатлашиб кетишаётган эди, бирдан олов отлар қўшилган олов арава пайдо бўлиб, уларнинг ўртасига елдек учиб келди. Илёс қуюн ичида осмонга чиқиб кетди. Шундай қилиб, икковлари бир–бирларидан айрилдилар. 12Элишай буни кўриб Илёсга хитоб қилди:

— Отам! Отам! Сиз Исроилнинг қудратли ҳимоячиси эдингиз! Исроилнинг жанг араваси ва отлиқ лашкари каби эдингиз–а! Қаёққа кетиб қолдингиз–а!

Элишай Илёсни бошқа кўра олмагани учун эгнидаги кийимини иккига бўлиб ташлади
…эгнидаги кийимини иккига бўлиб ташлади — бу ҳаракат қайғунинг бир белгиси эди.
.
13Илёснинг эгнидан чакмони тушиб қолган эди. Элишай ўша чакмонни олиб орқасига қайтиб, Иордан дарёси қирғоғига келди. 14Элишай Илёснинг чакмонини сувга уриб: “Эгам Илёсга қилганидай, мен учун ҳам мўъжиза кўрсатадими?” — деди. Элишай чакмонини яна сувга урган эди, дарё суви икки томонга сурилиб йўл очилди. Элишай ўша жойдан ўтиб кетди.

15Ерихолик пайғамбарлар гуруҳи олисдан Элишайни кўриб:

— Элишайда Илёснинг руҳи бор, — деб Элишайга пешвоз чиқдилар. Уни кутиб олдилар, ер ўпиб унга таъзим қилдилар.
16Сўнгра пайғамбарлар Элишайга:

— Биз, қулларингизда элликта бақувват одам бор, — дедилар. — Ижозат беринг, улар бориб, ҳазратингизни излашсин. Балки Эгамизнинг Руҳи уни бирор тоққа ёки водийга бошлаб кетгандир.

— Йўқ, юборманглар, — деди Элишай уларга.

17Лекин пайғамбарлар гуруҳи илтимос қилавериб, охири уни кўндирдилар. Элишай: “Майли, юборинглар”, деди. Пайғамбарлар гуруҳи элликта одамни жўнатдилар. Одамлар уч кун қидириб, Илёсни топа олмаганларидан кейин, 18Элишайнинг ёнига қайтиб келдилар. Элишай бу пайтда Ерихода эди. Элишай уларга:

— Сизларга, борманглар, деб айтмаганмидим?! — деди.

Элишайнинг мўъжизалари

19Ўша шаҳарнинг аҳолиси Элишайга мурожаат қилди:

— Ҳазратимиз кўриб турганларидай, шаҳар яхши ерга жойлашган, лекин суви яхши эмас, ери ҳам ҳосил бермайди.

20Шунда Элишай:

— Менга янги косага туз солиб беринглар, — деди. Улар Элишайнинг айтганини бердилар.
21Элишай булоқ бошига чиқиб, тузни сувга ташлади–да, шундай деди:

— Эгамиз шундай айтмоқда: “Мен бу сувни тоза қилдим, энди бу сув туфайли ҳечам ўлим бўлмайди, бундан буён ерингиз ҳам ҳосил беради.”

22Элишай айтганидек, сув тоза бўлди ва ҳозиргача
…ҳозиргача… — шу китоб ёзилган вақтга ишора.
тозадир.

23Шундан кейин Элишай у ердан Байтил шаҳрига йўл олди. У йўлда кетаётган эди, Байтилдан чиққан ёш болалар унга эргашиб:

— Жўнаб қол, йўқол, кал! Жўнаб қол, кал! — деб уни масхара қилишди.

24Элишай орқасига қайрилиб, болаларга қаради ва уларни Эгамизнинг номи билан қарғади. Шу пайт ўрмондан иккита урғочи айиқ чиқиб, болалардан қирқ иккитасини бурда–бурда қилиб ташлади.

25Элишай бу ердан Кармил тоғига кетди, у ердан эса Самарияга қайтди.
Copyright information for UznUzbC