2 Kings 22
Яҳудо шоҳи Йўшиё
1Йўшиё саккиз ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда ўттиз бир йил ҳукмронлик қилди. Онасининг исми Ёдидо бўлиб, Бозхатлик Одаёнинг қизи эди. 2Йўшиё Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди. Ўнгга ҳам, чапга ҳам оғмасдан, бобоси Довуднинг йўлидан юрди.Қонун китоби
3Йўшиёнинг Шофон деган котиби бор эди. Шофон Машуллом деган одамнинг набираси, Озалиё деганнинг ўғли эди. Йўшиё ўз ҳукмронлигининг ўн саккизинчи йилида Шофонни Эгамизнинг уйига юбораётиб, унга шу гапларни айтди: 4“Олий руҳоний Хилқиёнинг ҳузурига бор. Дарвозабонлар халқдан тўплаб, Эгамизнинг уйига келтирган кумушларни у ҳисоблаб чиқсин. 5– 6Сўнгра кумушларни Эгамизнинг уйида меҳнат қилаётган ишбошиларга берсин. Ишбошилар эса кумушларни олиб, Эгамизнинг уйидаги бузилган жойларни таъмирлаётган усталарга — дурадгорларга, бинокорларга ва тош терувчиларга берсинлар. Уйнинг тузатилиши учун лозим бўлган ёғочни, йўнилган тошни ҳам ўша кумушга сотиб олишсин. 7Уларга берилган кумушнинг ҳисоби сўралмасин, чунки улар ҳалол ишлашяпти.” 8Олий руҳоний Хилқиё котиб Шофонга: “Эгамизнинг уйидан Таврот китобини топиб олдим”, деб китобни Шофонга берди. Шофон китобни ўқиди. 9Кейин шоҳнинг ҳузурига бориб: “Хизматкорларингиз Эгамизнинг уйидаги бор кумушни ўша ердаги ишбошиларга бердилар”, деб ҳисобот берди. 10Кейин у шоҳга: “Руҳоний Хилқиё менга китоб берди”, деди–да, овоз чиқариб шоҳга китобни ўқиб берди. 11Шоҳ Тавротда ёзилган сўзларни эшитгач, қайғудан либосларини йиртиб ташлади. 12Кейин руҳоний Хилқиёга, Шофон ўғли Охихамга, Михиё ўғли Ахборга, котиб Шофонга ва ўзининг мулозими Осоёҳга шундай фармон берди: 13“Боринглар, топилган бу китобдаги сўзларга мувофиқ, мен тўғримда ҳам, бутун Яҳудо халқи тўғрисида ҳам Эгамизнинг хоҳиш–иродасини билинглар. Оталаримиз бу китобдаги сўзларга қулоқ солмаганлари, ҳаммамиз учун ёзилган бу сўзларга риоя қилмаганлари учун, Эгамизнинг даҳшатли ғазаби бизга қарши ғоятда аланга олган.” 14Руҳоний Хилқиё, Охихам, Ахбор, Шофон ва Осоёҳ Хулда исмли пайғамбар аёл ҳузурига бориб, унга маслаҳат солдилар. Хулда пайғамбар Эгамизнинг уйидаги муқаддас либослар посбони Шаллумнинг хотини эди. Шаллум Тихвонинг ўғли, Хархаснинг набираси эди. Хулда Қуддуснинг Янги даҳасида яшарди. 15Хулда уларга шундай деди:“Исроил халқининг Худоси — Эгамиз айтмоқда: сизларни Менинг ҳузуримга юборган одамга шу гапларимни айтинглар: 16«Яҳудо шоҳи ўқиган китобда ёзилгандай, бу юртга ҳам, бу юртда яшаётган халққа ҳам фалокат келтираман. 17Улар Мендан юз ўгирганлари учун, бошқа худоларга қурбонликлар келтириб, ўз қўллари билан ясаган бутлари туфайли ▼▼ …ўз қўллари билан ясаган бутлари туфайли… — ёки …барча қилмишлари туфайли….
қаҳримни келтирганлари учун, бу юртга қарши ғазабим алангаланади ва асло босилмайди.»18Эгамизнинг хоҳиш–иродасини билиш учун сизларни юборган Яҳудо шоҳига шу хабарни беринглар: Исроил халқининг Худоси — Эгамиз сен эшитган сўзларинг тўғрисида шуни айтмоқда: 19бу юрт вайрон бўлиб, бу юртда яшаганлар лаънати бўлсин деган сўзларимни эшитганингдан кейин, юрагинг юмшади, Менга бўйин эгдинг. Сен Менга бўйин эгганинг учун, қайғудан либосларингни йиртиб, ҳузуримда йиғлаганинг учун Мен илтижоларингни эшитдим. 20Шунга кўра, сен ота–боболаринг ёнига хотиржам кетасан, ўз қабрингга дафн этиласан. Бу юртга Мен келтирадиган жамики фалокатларни сен кўрмайсан.”
Хилқиё ва унинг ҳамроҳлари бу хабарни шоҳга етказдилар.
Copyright information for
UznUzbC