‏ 2 Kings 6

Болта сув юзига чиқади

1Бир куни пайғамбарлар гуруҳи Элишайга:

— Қаранг, сиз билан биз йиғиладиган мана шу жойимиз тор, — дедилар.
2— Ижозат беринг, Иордан дарёси бўйига борайлик, ҳар биримиз у ерда ёғоч кесиб, ўша ерда ўзимизга бошпана қурайлик.

— Майли, боринглар, — деди Элишай.

3— Улардан биттаси:

— Марҳамат қилиб, сиз ҳам биз, қулларингиз билан бирга боринг, — деди.

— Хўп, бораман, — деди Элишай.
4Элишай улар билан бирга кетди. Ҳаммалари Иордан дарёси бўйига етиб келиб, дарахт кеса бошладилар. 5Биттаси дарахт кесаётиб, болтасини сувга тушириб юборди. У: “О, ҳазратим! Болтани омонатга олган эдим!” — деб бақирди.

6— Болта қайси жойга тушди? — сўради пайғамбар. Ўша одам Элишайга болта тушган жойни кўрсатди. Элишай дарахтдан битта шох кесиб олиб, сувга ташлаган эди, болта сув юзига чиқди.

7— Ол уни, — деди Элишай. Ўша одам қўлини узатиб, болтани олди.

Орам лашкари ва Элишай

8Орам шоҳи Исроилга лашкар тортди ва “Фалон жойга лашкаримни жойлаштираман”, деб лашкарбошилари билан маслаҳатлашиб олди.

9Пайғамбар Исроил шоҳига: “Ўша жойдан ўтманг, чунки у ерга Орам лашкари пистирма қўйган” деган хабар юборди. 10Исроил шоҳи пайғамбар айтган жойга хабарчи жўнатди. Ўша ерда яшайдиган одамлар бу хавфнинг чорасини кўрдилар. Бундай воқеа бир–икки марта эмас, кўп марта юз берди.

11Бу ҳодисадан Орам шоҳи қаттиқ безовталанди. У лашкарбошиларини чақириб:

— Менга айтинглар–чи, қайси бирингиз Исроил шоҳи билан алоқадасиз? — деди уларга.

12— Ҳеч қайсимиз, шоҳ жаноблари! — деди лашкарбошилардан бири. — Бу Исроилдаги Элишай пайғамбарнинг иши, у ҳатто ётоқхонангизда айтган гапингизни ҳам Исроил шоҳига аён қилиб туради.

13— Боринглар, унинг қаердалигини билиб келинглар! — деб буюрди Орам шоҳи. — Мен бирортасини юбораман–да, уни қўлга тушираман.

Шундан кейин: “Элишай Дўтанда
Дўтан — Самариядан қарийб 15 километр шимоли–ғарбда жойлашган шаҳар.
”, деб шоҳга хабар етказдилар.
14Орам шоҳи ўша ерга отлиқлар, жанг аравалари ва катта куч жўнатди. Улар тунда келиб, шаҳарни ўраб олдилар.

15Тонгда пайғамбарнинг хизматкори ўрнидан туриб, ташқарига чиқди. Қараса, шаҳар атрофида отлиқ лашкар, жанг аравалари турибди. Шунда хизматкор:

— Эвоҳ! Ҳазратим, энди нима қиламиз? — деб сўради.

16— Қўрқма, — деди Элишай, — чунки бизнинг ҳимоячиларимиз уларникидан жуда кўп.

17Кейин Элишай илтижо қилди:

— Эй Эгам! Хизматкоримнинг кўзини оч, у кўрсин!

Эгамиз хизматкорнинг кўзини очиб юборди. Элишайнинг атрофидаги қирлар оловли отлар ва жанг араваларига тўлиб кетганини хизматкор кўрди.

18Орам лашкари Элишайга ҳужум қилган эди, Элишай Эгамизга: “Уларни кўр қилиб қўй!” деб илтижо қилди. Эгамиз Элишайнинг илтижосини эшитди–да, Орам лашкарини кўр қилиб қўйди.

19Кейин, Элишай Орам лашкарига деди:

— Сизлар адашиб қолибсизлар, сизлар излаётган шаҳар бу эмас. Ортимдан юринглар, мен сизларни излаётган одамингиз олдига олиб бораман.

Шундай қилиб, Элишай Орам лашкарини Самарияга бошлаб келди.
20Улар Самарияга етиб келганларидан кейин Элишай:

— Эй Эгамиз! Уларнинг кўзларини оч, токи улар кўрсин, — деб илтижо қилган эди, Эгамиз Орам лашкарининг кўзини очди. Улар қарасалар, Самариянинг ўртасида турибдилар.

21Исроил шоҳи Орам лашкарини кўргач Элишайдан:

— Уларни қириб ташлайми, ота? — деб сўради.

22— Йўқ, ўлдирма! — деди Элишай. — Нега ўлдирар экансан?! Сен уларни жанг қилиб асир олганингда ҳам ўлдирмасдинг. Уларга нон, сув бер, еб–ичиб, ўзларининг ҳукмдори ёнига қайтиб кетишсин.

23Шоҳ асирларга катта зиёфат тайёрлади. Асирлар еб–ичиб бўлишгач, Исроил шоҳи уларни йўлларига қайтариб юборди. Орам лашкари ўз ҳукмдори ёнига кетди. Бу босқинчилар қайтиб Исроил ерларига қадам босмадилар.

Самарияда очарчилик

24Орадан анча вақт ўтгач, Орам шоҳи Банҳадад
Орам шоҳи Банҳадад — Орамнинг бир нечта шоҳи Банҳадад исми билан аталган эди. Бу оятдаги Банҳадад 3 Шоҳлар 20:1 да айтиб ўтилган Банҳадад бўлмаслиги ҳам мумкин.
бутун лашкарини йиғиб Самарияни қамал қилди.
25Орам лашкари Самарияни қамал қилиб турар экан, у ерда оғир қаҳатчилик юз берди. Натижада эшакнинг калласи саксон кумуш тангага
саксон кумуш танга — ибронийча матнда саксон шақал кумуш, тахминан 900 граммга тўғри келади.
, икки коса каптар ахлати
икки коса каптар ахлати — ибронийча матнда чорак қаб каптар ахлати, тахминан 300 миллилитрга тўғри келади. Каптар ахлати егулик ёки ёнилғи сифатида ишлатилган бўлиши мумкин. Бу, эҳтимол, айрим ўсимлик уруғларининг пўстлоғидан ёки қовурилган ловиядан тайёрланадиган бирор таомнинг оғзаки номи ҳам бўлгандир.
беш кумуш тангага
беш кумуш танга — ибронийча матнда беш шақал кумуш, тахминан 55 граммга тўғри келади.
сотилди.

26Бир куни Исроил шоҳи
Исроил шоҳи — бу ўринда Ёҳухоз ёки Йўш, ҳаттоки Ёрам ҳам назарда тутилган бўлиши мумкин.
шаҳар девори устида кетаётган эди, бир аёл: “Шоҳ ҳазратлари! Ёрдам беринг”, деб фарёд қилди.

27— Сенга Эгамиз ёрдам бермаса, мен қандай ёрдам бера оламан?! — деди шоҳ. — Мен буғдой ёки шароб бера олармидим?! 28Дардинг нима?

— Мана бу аёл: “Ўғлингни бер, уни бугун ейлик, менинг ўғлимни эртага еймиз”, деб айтган эди.
29Менинг ўғлимни пишириб едик. Эртаси куни мен унга: “Ўғлингни бер, уни ейлик”, деган эдим, у ўғлини яшириб қўйибди, — деди у.

30Шоҳ аёлнинг сўзларини эшитгач, қайғудан либосларини йиртди. Халқ девор устида кетаётган шоҳнинг либоси ичидаги қанорни
…қайғудан либосларини йиртди…либоси ичидаги қанор… — қанор дағал қорамтир мато бўлиб, эчки ёки туя жунидан тўқилган. Кийимларни йиртиш ва қанор кийиб олиш умидсизликни ва қайғули ҳолатни ифодалайди.
кўриб қолди.
31Сўнгра шоҳ деди:

— Агар шу бугун Элишайнинг боши олинмаса, Худо мени не кўйга солса солсин, ундан ҳам баттарроғини қилсин.

32Шоҳ хабарчи жўнатганда, Элишай ўз уйида оқсоқоллар билан бирга ўтирган эди. Шоҳ юборган хабарчи Элишайникига келмасдан олдин, Элишай оқсоқолларга айтди:

— Кўряпсизларми қотилни?! Менинг бошимни олмоқ учун қотил ўз одамини жўнатди! Қараб туринглар, хабарчи келганда, эшикни ёпинглар, уни ичкарига киритманглар. Ҳадемай, хўжайинининг ўзи ҳам унинг орқасидан етиб келади!

33Элишай оқсоқоллар билан суҳбатлашиб ўтирганда, хабарчи унинг олдига келиб, шоҳнинг қуйидаги сўзларини етказди: “Шунча кулфат Эгамиздан келди! Нима учун мен энди Унга умид боғлашим керак?!”
Copyright information for UznUzbC