‏ 2 Kings 9

Ёҳу Исроил устидан шоҳ қилиб тайинланади

1Элишай пайғамбарлар гуруҳидан биттасини чақириб, унга деди:

— Қани, бўл, қўлингга анави мой солинган идишни ол, Гиладдаги Рамўтга бор.
2У ерга борганингдан кейин, Ёҳуни қидириб топ. Нимши деганнинг набираси Ёҳу Яҳошафат деган одамнинг ўғлидир. Уни ўртоқлари орасидан чақириб чиқиб, бошқа хонага олиб кир. 3Сўнгра мой солинган идишни ол. Ёҳунинг бошига мойни суртгин–да, шундай дегин: “Эгамиз шундай айтмоқда: сенга мой суртиб, Исроил устидан шоҳ қилиб танладим.” Кейин эшикни очгин–у, кутмасдан қоч.

4Ёш пайғамбар Гиладдаги Рамўтга кетди. 5Ўша жойга етиб келганда, лашкарбошилар суҳбатлашиб ўтирган эди.

— Сенда гапим бор, лашкарбоши, — деди у.

— Қайси биримизда гапинг бор? — деб сўради Ёҳу.

— Сенда, лашкарбоши, — деди у Ёҳуга.
6Ёҳу ўрнидан туриб, бошқа хонага кирди. Ёш пайғамбар унинг бошига мойни суртгач, деди:

— Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: “Сенга мой суртиб, Ўзимнинг халқим Исроил устидан шоҳ қилиб тайинладим.
7Сен ҳукмдоринг Ахабнинг хонадонини қириб ташлайсан, токи пайғамбар қулларим ва бошқа ҳамма қулларимнинг тўкилган қонлари учун Мен Изабелдан ўч олай. 8Ахабнинг бутун хонадони йўқ бўлади. Исроилда Ахабнинг уруғидан ҳар бир эркак зотини, хоҳ қул бўлсин, хоҳ озод бўлсин, қириб ташлайман. 9Ахаб хонадонини Набат ўғли Ерибомнинг хонадони ва Охиё ўғли Башонинг хонадони кўйига соламан. 10Изабел эса Йизрил ерларида итларга ем бўлади, уни дафн қиладиган ҳеч кимса бўлмайди.”

У шундай деб эшикни очди–ю, қочди.

11Ёҳу лашкарбоши дўстлари олдига қайтди.

— Тинчликми? Анави телба сенинг олдингга нима учун келибди? — деб сўрашди дўстлари ундан.

— Э, бунақа одамларни биласизлар–ку, валдирайверадилар–да, улар, — деди Ёҳу дўстларига.

12— Эй ёлғончи! Қани, бизга ҳам айт–чи, — дейишди улар.

Ёҳу дўстларига: “Эгамиз менга мой суртиб Исроил устидан шоҳ қилиб тайинлабди”, деб пайғамбарнинг гапларини айтиб берди.

13Ҳаммалари шошилиб қолишди. Ҳар ким либосларини ечиб, Ёҳу турган зинапояга тўшадилар ва бурғу чалиб: “Ёҳу шоҳ бўлди!” деб жар солдилар.

Ёҳу Ёрамни ўлдиради

14Ёҳу Ёрамга қарши фитна уюштирди.

Бу пайтда бутун Исроил лашкари шоҳ Ёрам бошчилигида Гиладдаги Рамўт шаҳрини Орам шоҳи Хазайилдан ҳимоя қилаётган эди.
15Ёрам
Ёрам — ибронийча матнда бу исмнинг бошқа варианти Ёҳурам (шу бобнинг 17, 21, 22, 23, 24–оятларида ҳам бор).
Хазайил билан жанг қилганда, Орам лашкари уни яралаган, Ёрам эса яраларини даволатиш учун Йизрилга қайтган эди
Ёрам…Йизрилга қайтган эди — 8:28-29 га қаранг.
.

Ёҳу дўстларига:

— Агар сизлар мен томонда бўлсангизлар, шаҳардан бирор кимса чиқиб кетишига ва Йизрилга хабар олиб боришига йўл қўйманглар, — деди.
16Ёҳу отига миниб, Йизрил шаҳрига йўл олди, чунки Ёрам касал бўлиб, у ерда ётган эди.

Яҳудо шоҳи Охозиё ҳам Ёрамни кўргани келган эди.

17Йизрил минораси устида қоровул турарди.

Ёҳунинг одамлари яқинлашиб келарди. Қоровул уларни кўриб қолиб: “Бир талай одамни кўряпман”, деди. Ёрам қоровулга айтди:

— Бирорта отлиқни юбор, одамларни кутиб олиб: “Тинчлик билан келяпсизларми?” деб сўрасин.

18Сувори Ёҳуга пешвоз чиқиб деди:

— Шоҳ: “Тинчлик билан келяпсизларми?” деб сўраяпти.

— Тинчликдан сенга нима?! Орқамдан юр, — деди Ёҳу. Қоровул эса: “Отлиқ уларнинг олдига етиб борди–ю, лекин қайтиб келмаяпти”, деб хабар берди.

19Энди бошқа бир отлиқни юборишди, буниси ҳам уларнинг олдига келиб:

— Шоҳимиз: “Тинчлик билан келяпсизларми?” деб сўраяпти, — деди.

— Тинчликдан сенга нима?! Орқамдан юр, — деди Ёҳу.

20Қоровул: “Отлиқ уларнинг олдига етиб борди–ю, қайтиб келмади, ўпкаси оғзига тиқилгандай ҳовлиқиб от чоптириб келишидан Ёҳуга ўхшайди”, деб хабар етказди.

21— Аравани қўш! — деб буюрди Ёрам. Шоҳнинг жанг аравасини қўшдилар. Исроил шоҳи Ёрам ва Яҳудо шоҳи Охозиё ўз араваларига миниб, Ёҳуни кутиб олгани чиқдилар. Улар Ёҳуни Йизриллик Навўтнинг даласида
…Йизриллик Навўтнинг даласи… — Навўт ва унинг даласи билан боғлиқ бўлган воқеанинг баёни 3 Шоҳлар 21:1-29 да берилган.
кутиб олдилар.
22Ёрам Ёҳуни кўргач, унга:

— Тинчлик билан келдингми, Ёҳу? — деб сўради.

— Онанг Изабел бошлаган зиною сеҳр–жоду бизда ҳанузгача давом этиб келар экан, қанақасига тинчлик бўлсин?! — деди Ёҳу.

23Ёрам Охозиёга: “Қочдик, Охозиё! Хоинлик бу!” деди–ю, от тизгинини буриб, қочиб қолди. 24Ёҳу камонни кучи борича тортиб, Ёрамнинг иккала кураги ўртасини мўлжаллаб отди. Ўқ Ёрамнинг қоқ юрагини тешиб ўтди. Ёрам араваси ичига йиқилди.

25Ёҳу хизматкори Бидкарга деди:

— Унинг жасадини Йизриллик Навўтнинг даласига олиб бориб ташла, шуни ёдингдан чиқармагинки, биз, икковимиз, Ёрамнинг отаси Ахабнинг ортидан жанг аравасида борганимизда, Ахабга қарши Эгамиз шуни аён қилган эди:
26“Кеча Навўт билан унинг ўғиллари қонини кўрдим. Сендан ўша далада қасос оламан.” Энди Эгамизнинг айтганига кўра, Ёрамнинг жасадини олиб, Навўтнинг даласига олиб бориб ташла.

Яҳудо шоҳи Охозиё ўлдирилади

27Яҳудо шоҳи Охозиё бу ҳодисани кўриб, Байт–Хагон шаҳрига қараб қочди
…Байт–Хагон шаҳрига қараб қочди… — ёки …боғдаги уйнинг йўлидан қочди….
. Ёҳу унинг ортидан қувиб кетаётганда:

— Уни ҳам ўлдиринглар! — деб бақирди. Йиблаём шаҳри ёнидаги Гур тепалигида аравасида турган Охозиёни отдилар. Охозиё Магидў шаҳрига қочиб бориб, ўша ерда жон берди.
28Аъёнлари унинг жасадини аравада Қуддусга олиб келдилар ва Довуд қалъасида, ота–боболари хилхонасига дафн қилдилар.

29Ахаб ўғли Ёрам ҳукмронлигининг ўн биринчи йилида Охозиё Яҳудо шоҳи бўлган эди.

Изабел ўлдирилади

30Ёҳу Йизрилга борди. Изабел эса бу хабарни эшитиб кўзларига сурма суртиб, сочларини тараб, деразадан қараб турган эди. 31Ёҳу шаҳар дарвозасидан киргач, Изабел:

— Ҳа, сенмисан, ҳукмдорини ўлдирган Зимридан
…ҳукмдорини ўлдирган Зимри… — Зимри лашкарбоши эди, у тахтни эгаллаш ниятида Исроил шоҳи Элохни ва унинг бутун оиласини ўлдирган эди. Аммо Зимрининг ҳукмронлиги етти кун давом этган, холос (3 Шоҳлар 16:8-20 га қаранг).
қолишадиган жойинг йўқ! Тинчлик билан келдингми? — деди.

32Ёҳу кўзларини деразага қадаб:

— Ким мен томонда? Ким? — деб бақирди. Тепада ҳарам оғаларидан икки–учтаси пайдо бўлди.
33— Уни пастга улоқтиринглар! — деб буюрди Ёҳу. Улар Изабелни ушлаб пастга улоқтирдилар. Унинг қони деворга, отларга сачради, Ёҳунинг оти жасадни эзғилаб ташлади.

34Шундан кейин Ёҳу келиб, еб–ичди. Сўнгра:

— Анави лаънатини топиб, кўминглар, — деди, — нима бўлганда ҳам, шоҳ қизи–да
шоҳ қизи — Изабел Сидон шоҳи Этбаалнинг қизи эди (3 Шоҳлар 16:31 га қаранг).
.

35Лекин Изабелнинг жасадини дафн қилишга борган одамлар, унинг бош суяги, оёғи ва қўл панжасидан бошқа бирор аъзосини топа олмадилар. 36Ҳаммалари қайтиб келиб, Ёҳуни аҳволдан хабардор қилдилар. Ёҳу уларга шундай деди:

— Эгамизнинг Ўз қули Илёс орқали айтган бу сўзлари бажо бўлди
Эгамизнинг…айтган бу сўзлари бажо бўлди — Эгамиз айтган сўзларнинг батафсил баёни 3 Шоҳлар 21:23 да берилган.
:

“Изабелнинг жасади Йизрил ерларида кўппакларга ем бўлар,
37Унинг жасади Йизрил далаларидаги гўнгга ўхшаб қолар,
Шунинг учун ҳеч ким, бу Изабелдир, деб айтмас.”
Copyright information for UznUzbC