‏ 2 Samuel 10

Довуд Оммон ва Орам халқларини бўйсундиради

1Орадан бир қанча вақт ўтгач, Оммон
Оммон — бу юрт Иордан дарёсининг шарқ томонида жойлашган эди.
шоҳи Нахош оламдан ўтиб, ўрнига ўғли Ханун шоҳ бўлди.
2Довуд: “Нахош менга содиқ эди, мен ҳам унинг ўғли Ханунга содиқ бўлайин”, деб кўнглидан ўтказди. Шундай қилиб, Довуд Ханунга отасининг вафоти муносабати билан тасалли бериш учун ўз элчиларини жўнатди.

Довуднинг элчилари Оммон юртига боргач,
3Оммон беклари ўзларининг шоҳи Ханунга шундай деб ўргатишди: “Довуд бу одамларини отангиз ҳурмати учун жўнатган, деб ўйлайсизми? Йўқ, Довуд элчиларини сизнинг ҳузурингизга ёмон ният билан юборган, у шаҳарни кузатиб, текшириб, кейин қўлга киритмоқчи.”

4Шу гапдан сўнг Ханун Довуднинг элчиларини ушлади, уларнинг соқолларининг ярмини қирқиб, кийимларини сонларигача кестириб, орқага қайтариб юборди. 5Довуд бу воқеани эшитди–ю, элчиларини кутиб олиш учун одамлар жўнатди. Элчилар жуда шармандали аҳволда қолган эдилар. Шоҳ ўша элчиларига: “Соқолингиз ўсгунча Ерихода қолинглар, кейин менинг олдимга қайтиб келинглар”, деб айттириб юборди.

6Оммон халқи “Энди Довуднинг ғазабига дучор бўлдик”, деб ўйлади. Улар ҳар томонга хабар жўнатиб, Байт–Рехоб ва Зўво шаҳарларидан Орам халқининг 20.000 сипоҳини, Махо шаҳри шоҳидан 1000 нафар сипоҳни ва Тов халқидан 12.000 сипоҳни ёлладилар. 7Довуд бу хабарни эшитди–ю, лашкарбоши Йўаб бошчилигида қўриқчиларининг ҳаммасини урушга сафарбар қилди. 8Оммон лашкари шаҳар дарвозаси олдида Довудга қарши саф тортди. Рехоб ва Зўводан келган Орам сипоҳлари, Тов ва Маходан келган сипоҳлар эса ялангликда саф тортдилар.

9Йўаб ғаним тўдалари орқаю олдиндан ҳужум қилаётганини кўрди. У Исроилнинг сараланган сипоҳларидан танлаб олди–да, Орам лашкарига қарши саф торттирди. 10Қолганларига эса укаси Абушайни бош қилиб, Оммонларга қарши шай қилиб қўйди. 11Йўаб Абушайга:

— Орам лашкари мендан устун келса, сен ёрдамга келасан, — деди. — Борди–ю, Оммонлар сендан баланд келса, мен ёрдамга бораман.
12Бардам бўл! Халқимиз ва Худойимизнинг шаҳарлари учун мардларча кураш олиб борайлик. Эгамизнинг хоҳиш–иродаси бажо бўлсин.

13Йўаб бошчилигидаги сипоҳлар Орам лашкарига қарши ташландилар. Орам лашкари эса уларнинг олдига тушиб қочиб қолди. 14Уларнинг қочганини кўрган Оммонлар ҳам Абушайдан қочиб, шаҳарга беркиндилар. Шундан кейин Йўаб улар билан жанг қилмай, Қуддусга қайтиб кетди.

15Орам лашкари Исроил лашкаридан енгилганини англаб етганидан сўнг, яна бир жойга тўпланишди. 16Шоҳ Ҳададзар Фурот дарёсининг нариги томонидаги ўз лашкарига хабар бериб, уларни чақиртирди. Орам лашкари Ҳададзарнинг лашкарбошиси Шўвах бошчилигида Хелам шаҳрига келди. 17Довуд бу воқеани эшитиб, жамики Исроил лашкарини йиғди, Иордан дарёсини кечиб ўтиб, Хеламга етиб борди. Орам лашкари саф тортиб, Довуд лашкари билан жанг қилди. 18Аммо Орам лашкари яна Исроил лашкарининг олдига тушиб қочиб қолди. Довуд Орам лашкарининг 700 та жанг араваси аравакашини ва 40.000 нафар отлиқ сипоҳини ўлдирди. У Ҳададзарнинг лашкарбошиси Шўвахни ҳам яралаган эди, Шўвах жанг майдонидаёқ жон берди.

19Шундай қилиб, Ҳададзарнинг қўли остидаги ҳамма шоҳлар мағлубиятга учраб, Исроил халқи билан сулҳ тузишга мажбур бўлди. Улар Исроил халқига қарам бўлиб қолди. Шундан кейин Орам халқи Оммон халқига ёрдам беришдан қўрқиб қолди.
Copyright information for UznUzbC