‏ 2 Samuel 11

Довуд билан Ботшева

1Баҳор бошланиб, шоҳлар урушга кетадиган пайт ҳам бўлди. Довуд лашкарбошиларига ва бутун Исроил қўшинига Йўабни бош қилиб, урушга юборди. Улар Оммон лашкарини яксон қилиб, Рабба шаҳрини
Рабба шаҳри — Оммон юртининг пойтахти.
қамал қилишди. Довуднинг ўзи Қуддусда қолган эди.

2Бир куни оқшом пайти Довуд ётоғидан чиқди–да, сарой томига кўтарилиб
…сарой томига кўтарилиб… — у замонларда уйларнинг томи текис бўлиб, одамлар томга чиқиб дам олишарди.
шаҳарни томоша қила бошлади. Бирдан чўмилаётган бир аёлни кўриб қолди. Аёл жуда гўзал эди.
3Довуд биттасига:

— Бориб бил–чи, у ким экан, — деб жўнатди. Ўша одам қайтиб келиб:

— У аёл Элиёмнинг қизи, Хет халқидан бўлган Уриёнинг хотини, исми Ботшева экан, — деди.

4Довуд: “Аёлни олиб келинглар”, деб хизматкорларини жўнатди. Аёлни Довуднинг ҳузурига олиб келишди. Аёл ҳайз кўрган бўлиб, тозаланиш расм–русумларини энди тугатган экан
…тозаланиш расм–русумларини энди тугатган экан — аёллар ҳар сафар ой кўргандан кейин, охирида қонун–қоидага биноан тозаланиш расм–русумларини адо этишлари талаб қилинар эди. Бу ўринда ўша одатга ишора қилиняпти (Левилар 15:19-30 га қаранг).
. Довуд у билан бирга бўлди. Кейин аёл уйига қайтди.
5Аёл ҳомиладор бўлганини билди ва бу ҳақда Довудга хабар берди.

6Довуд Йўабга, Хет халқидан бўлган Уриёни менинг олдимга юбор, деб хабар йўллади. Йўаб Уриёни Довуднинг олдига жўнатди. 7Уриё келгандан кейин, Довуд ундан Йўаб ва сипоҳларнинг аҳволини, урушнинг қандай бораётганини сўради. 8Сўнг Уриёга:

— Уйингга бор, дам ол, — деди.

Уриё саройдан чиққач, шоҳ унинг орқасидан ҳадялар жўнатди.
9Лекин Уриё уйига кетмади, шоҳнинг соқчилари билан бирга сарой дарвозаси ёнида ухлашга қолди. 10Довудга, Уриё уйига кетмабди, деб хабар етказишди. Довуд Уриёдан:

— Сен сафардан келдинг–ку, нега уйингга бормадинг? — деб сўради.
11Уриё шундай жавоб берди:

— Худонинг Сандиғи ҳам, Исроил ва Яҳудо сипоҳлари ҳам чодирларда қолди, лашкарбошим Йўаб билан жаноби олийларининг одамлари яп–яланг майдонда чодир тикиб ётишибди. Аҳвол шунақалигини била туриб, мен еб–ичиш, хотиним билан бирга бўлиш учун уйимга борсам яхши бўлмас. Онт ичиб айтаманки, зинҳор бундай иш қилмайман.

12Шундан кейин Довуд:

— Бугун шу ерда қол, эртага сени жўнатиб юбораман, — деди.

Уриё ўша куни Қуддусда қолди.
13Эртасига Довуд Уриёни яна чақириб, едириб–ичирди. Уриё маст бўлиб қолди. Кеч киргач, Уриё тағин уйига кетмай, шоҳ соқчилари ёнидаги ўрнида ухлади.

14Эртасига эрталаб Довуд Йўабга бир мактуб ёзиб, Уриё орқали бериб юборди. 15Мактубнинг мазмуни шундай эди: “Уриёни уруш қизиган жойга юборгин–да, бир ўзини қолдир, токи у яраланиб ҳалок бўлсин.”

16Йўаб шаҳарни қуршаб олган эди. Уриёни ғанимнинг кучли лашкари эгаллаган ерга юборди. 17Ғаним лашкари шаҳардан чиқиб келиб, Йўабнинг сипоҳлари билан жанг қилди. Ғаним лашкари Довуднинг одамларидан баъзиларини ўлдирди, Хет халқидан бўлган Уриё ҳам ўлдирилди.

18Йўаб урушнинг бориши ҳақида Довудга хабар бериш учун бир одамни жўнатаётиб, унга 19шундай деб тайинлади:

— Сен урушга оид ҳамма хабарларни шоҳга айт.
20Лекин шоҳ ғазабланиб, сенга шундай деб айтиб қолиши мумкин: “Улар билан жанг қилиш учун нимага шаҳарга бунчалик яқин бордингизлар? Улар шаҳар деворидан туриб ўқ отишларини билмасмидингизлар? 21Гидўннинг
Гидўн — ибронийча матнда Еруббосит. Еруббосит — Гидўннинг яна бир исми Еруббаалнинг бир вариантидир (Ҳакамлар 6:32, 7:1 га қаранг).
ўғли Абумалекни ким ўлдирган эди? Эсингизда йўқми, Тавозда бир аёл Абумалекнинг устига девор тепасидан тегирмон тошини ташлаб юбориб ўлдирганди–ку! Шундай экан, нима учун деворга бунчалик яқин бордингизлар?” Агар шу гапларни айтса, сен: “Қулингиз Уриё ҳам ўлди”, дейсан.

22Хабарчи жўнаб кетди. Довуднинг ҳузурига етиб боргач, Йўаб нима деб буюрган бўлса, ҳаммасини оқизмай–томизмай шоҳга айтиб берди:

23— Оммонлар биздан устун келди, шаҳардан чиқиб биз билан даштда жанг қилди. Кейин уларни шаҳар дарвозасигача қувиб бордик. 24Шу пайтда Оммонларнинг мерганлари шоҳ ҳазратларининг одамларини девордан туриб ўққа тутишди. Одамларингиздан баъзилари ўлди, қулингиз Уриё ҳам ўлди, — деди.

25— Йўабга айт, — деди Довуд хабарчига. — Рўй берган ҳодисадан унинг кўнгли чўкмасин. Жанг қурбонсиз бўлмайди. Шаҳарга ҳужумни кучайтириб, ер билан яксон қилсин. Шундай деб, унга далда бер.

26Уриёнинг хотини эрининг ҳалок бўлганини эшитиб, аза тутди. 27Аза муддати тугагач, Довуд аёлни саройга олдириб келди. Аёл Довудга турмушга чиқди ва бир ўғил туғди.

Бироқ Довуднинг бу қилмиши Эгамизга маъқул келмади.
Copyright information for UznUzbC