‏ 2 Samuel 12

Натан пайғамбар Довудни койийди

1Эгамиз Натан пайғамбарни Довуднинг ҳузурига жўнатди. Натан Довуднинг ҳузурига келиб, гап очди:

— Бир шаҳарда икки одам яшар экан. Ўша одамлардан бири бой, бошқаси камбағал экан.
2Бойнинг жуда кўп мол–қўйлари бор экан. 3Камбағалнинг эса биттагина сотиб олиб боқаётган совлиқ қўзичоқдан бошқа ҳеч нарсаси йўқ экан. Қўзичоқ камбағал одамнинг уйида болалар билан бирга катта бўлаётган экан. Қўзичоқ унинг таомидан еб, идишидан сув ичар, қўйнида ухларкан. Қисқаси, қўзичоқ ўша одамнинг қизидай экан. 4Бир куни бой одамнинг уйига бир йўловчи ташриф буюрибди. Бой меҳмонга таом ҳозирлаш учун ўзининг мол–қўйларидан биттасини ҳам сўйишга кўзи қиймабди–да, камбағалнинг қўзисини сўйиб, меҳмонга таом ҳозирлабди.

5Довуд бой одамнинг ишидан қаттиқ ғазабланди:

— Худо шоҳид! Шундай иш қилган одам ўлимга лойиқдир! — деди Натанга.
6— Бағритошлик қилиб, шундай иш қилгани учун у қўзичоқ эвазига тўртта қўй тўлаши лозим.

7Шу гапдан кейин Натан Довудга:

— Ўша одам сенсан! — деди. — Исроил халқининг Худоси — Эгам шундай айтмоқда: “Мен сенга мой суртиб Исроилга шоҳ қилдим, Шоулнинг қўлидан халос этдим.
8Сенга хўжайинингнинг хонадонини инъом қилдим, хотинларини қўйнингга солиб қўйдим. Исроил ва Яҳудо халқини сенга бердим. Агар булар оз бўлса эди, яна нималарни бермасдим! 9Нега Менинг олдимда қабиҳлик қилиб, сўзимни писанд қилмадинг? Хет халқидан бўлган Уриёни ўлдирдинг, ҳа, Оммонларнинг қиличи билан жонини олдинг. Хотинини эса тортиб олдинг. 10Мени писанд қилмаганинг учун, Уриёнинг хотинини тортиб олганинг учун бундан буён қилич сенинг хонадонингга доим хавф солиб туради.” 11Эгам шундай айтмоқда: “Ўзингнинг хонадонингдан ўзингга ёмонлик келтираман. Кўз ўнгингда хотинларингни яқинларингдан бирига бераман. Ўша яқининг куппа–кундузи хотинларингнинг қўйнига киради. 12Ҳа, сен бу ишни яширинча қилдинг, Мен эса, бутун Исроил халқи кўрсин деб, куппа–кундузи қиламан.”

13— Эгам олдида гуноҳ қилдим! — деди Довуд Натанга.

— Эгам гуноҳингдан ўтди, ўлмайсан, — деди Натан.
14— Бироқ сен шу ишни қилиб, Эгамизни менсимаганинг учун
…Эгамизни менсимаганинг учун… — ёки …Худонинг душманлари Ундан нафратланишига сен сабаб бўлганинг учун….
туғилган боланг нобуд бўлади.

15Натан шу гапларни айтиб, уйига кетди.

Довуднинг ўғли вафот этади

Уриёнинг хотини Довуддан фарзанд кўрган эди. Эгамиз эса ўша болани оғир хасталикка мубтало қилди.
16Довуд ўғли учун Худога илтижо қилиб, рўза тутди, уйига бориб кечалари кўкрагини захга бериб ётаверди. 17Сарой оқсоқоллари уни ердан турғизмоқчи бўлишса ҳам, Довуд турмади, улар билан бирга таом ҳам емади.

18Еттинчи куни бола оламдан ўтди. Аъёнлар, болангиз оламдан ўтди, деб хабар беришга қўрқишди. “Бола тирик пайтида, биз шоҳ билан суҳбатлашдик, аммо у бизнинг гапимизга қулоқ солмади”, дейишди ўзаро. “Болангиз вафот этди, деб шоҳга қандай айтамиз? У ўзини ўзи бирор нарса қилиб қўйиши мумкин.”

19Довуд аъёнларининг ўзаро шивир–шивир қилаётганларини эшитиб, боласининг нобуд бўлганини билди.

— Болам нобуд бўлдими? — деб сўради улардан.

— Ҳа, нобуд бўлди, — дейишди аъёнлар.

20Шундан кейин Довуд ердан турди. Ювиниб, хушбўй мой суртди ва кийимларини алмаштирди. Эгамизнинг уйига бориб, сажда қилди. Сўнг уйига қайтиб келиб:

— Менга таом келтиринглар, — деб буюрди. Довуд олдига қўйилган таомни еди.
21Шунда аъёнлари сўрашди:

— Нимага бундай қиляпсиз? Бола тириклигида рўза тутдингиз, йиғладингиз, у нобуд бўлгандан сўнг эса, ўрнингиздан турдингиз, таом едингиз.

22Довуд шундай жавоб берди:

— Ҳа, болам тириклигида рўза тутдим, йиғладим. Ким билади, Эгам менга шафқат қилар, болам тирик қолар, деб ўйлаган эдим,
23лекин энди болам нобуд бўлди. Шундай бўлгач, нега рўза тутайин?! Болани қайтариб олиб кела олармидим?! Мен унинг ёнига бораман, лекин у менинг олдимга қайтиб келмайди.

Сулаймоннинг туғилиши

24Довуд хотини Ботшевага тасалли берди, қўйнига кириб, у билан қовушди. Ботшева бир ўғил туғди. Довуд болага Сулаймон деб исм қўйди. Эгамиз ҳам болани яхши кўриб суйди 25ва бу ҳақда Натан пайғамбар орқали хабар берди. Эгамиз болани севгани учун, Натан унга Ёдидаё
Ёдидаё — ибронийчадаги маъноси Эгамнинг суйгани.
деб исм қўйди.

Довуд Рабба шаҳрини қўлга киритади

26Бу пайтда Йўаб Оммонларнинг Рабба шаҳрига ҳужумни давом эттираверди. Ниҳоят, шаҳарнинг шоҳ саройи жойлашган қалъасини босиб олди. 27Кейин Довудга чопарлар орқали шундай хабар жўнатди: “Рабба шаҳрига ҳужум қилиб, ҳовузни қўлга киритдим. 28Энди қолган сипоҳни бошлаб келинг, шаҳарни сиз ўраб, босиб олинг, токи шаҳарни мен қўлга киритган бўлмайин, акс ҳолда, шаҳарни Йўаб олган деб айтиб юришади.”

29Довуд ҳамма сипоҳларини тўплаб, Рабба шаҳрига йўл олди. У шаҳарга ҳужум қилиб, қўлга киритди. 30Оммон шоҳининг бошидаги тожини
Оммон шоҳининг бошидаги тож — ёки Милкомнинг ҳайкали устидаги тож. Милком — Оммон халқининг худоси Мўлахнинг яна бир номи.
ҳам олди. Қимматбаҳо тошлар билан безатилган, оғирлиги икки пуд
икки пуд — ибронийча матнда бир талант, тахминан 34 килога тўғри келади.
келадиган бу олтин тож Довуднинг бошига кийдирилди. Довуд шаҳардан катта миқдорда ўлжа йиғди.
31У шаҳар аҳолисини арра, чўкич ва болта билан бажариладиган ишларга, ғишт тайёрлашга мажбур қилди. Довуд Оммон шаҳарларининг ҳаммасида шу усулни қўллади. Шундан кейин у жамики лашкарини бошлаб, Қуддусга қайтиб кетди.
Copyright information for UznUzbC