2 Samuel 14
Абсалом Қуддусга қайтиб келади
1Шоҳ Довуд Абсаломни соғинаётганини Йўаб билди. 2У биттасини Тахува шаҳрига ▼▼ Тахува шаҳри — Қуддусдан қарийб 16 километр жанубда жойлашган.
юбориб, у ерда яшайдиган бир донишманд аёлни чақиртириб келди. Йўаб ўша аёлга: — Сендан бир илтимосим бор, — деди. — Мотамсаро қиёфага кириб, аза кийимларингни киясан. Пардоз қилма, ўзингни худди марҳумга анчадан бери аза тутаётган аёлдай кўрсат. 3Мен сенга нима айтсам, шоҳ ҳузурига бориб, унга етказасан. Кейин Йўаб аёлга нималар айтиши лозимлигини ўргатди. 4Тахувалик аёл шоҳ ҳузурига йўл олди. Унинг ҳузурига бориб, мук тушиб таъзим қилди–да: — Эй шоҳим, ёрдам беринг! — деди. 5— Нима бўлди? — деб сўради шоҳ. — Мен бир бахтсиз тул аёлман, — деди у. — Эрим ўлган. 6Бу чўрингизнинг икки ўғли бор эди. Иккови далада жанжаллашиб қолишибди. Ўша ерда уларни ажратиб қўядиган бирор кимса йўқ экан, биттаси иккинчисини уриб ўлдириб қўйибди. 7Энди эса бутун қавмим бу чўрингизга қарши чиқиб: “Биродарини ўлдирганни бизнинг қўлимизга бер, биродарини ўлдиргани учун ундан қасос оламиз, қотилни ўлдирамиз, меросхўрини йўқ қиламиз”, дейишяпти, охирги умид нишонамдан ҳам айиришмоқчи. Агар яна фожиа юз берадиган бўлса, ер юзида эримнинг номини давом эттирадиган бирор кимса қолмайди–ку. 8— Уйингга боравер, — деди шоҳ, — мен сенинг фойдангга амр бераман. 9— Шоҳ ҳазратлари, бу воқеага мен ва отамнинг хонадони айбдор бўлсин, — деди Тахувалик аёл, — шоҳим ва унинг тахти бегуноҳ бўлсин. 10— Ким сенга бирор нарса деса, уни менинг олдимга бошлаб кел. Шундай қилайинки, ўша одам сени бошқа хафа қилмайдиган бўлсин, — деди шоҳ. 11— Бўлмаса, шоҳим ўзларининг Эгаси Худо номи билан онт ичсинлар, токи қасоскорлар яна зиён–заҳмат етказмасин, — деди аёл. — Акс ҳолда, ўғлимни ўлдириб қўйишади. — Худо шоҳид! Ўғлингнинг бир тола сочига ҳам зарар етмайди, — деди шоҳ. 12— Энди ижозат берсангиз, бу чўрингиз шоҳ ҳазратларига яна бир оғиз гап айтмоқчи эди, — деди аёл. — Айт, — деди шоҳ. 13Аёл гапини давом эттирди: — Бўлмаса, нима учун шоҳ Худонинг халқига қарши бундай ноҳақликни раво кўраётирлар? Шоҳим ҳалиги гапи билан ўзларини гуноҳкор қилгандай бўлдилар. Чунки, шоҳим, ўзингиз қувғин қилган одамни қайтармаяпсиз. 14Тупроққа тўкилган сувни қайта йиғиб бўлмаганидай, ҳаммамиз ҳам оламдан ўтиб кетамиз. Лекин Худо жонимизни олишни истамайди. Худо “Бадарға қилинган одам Ўзимдан узоқ кетмасин”, деб йўлларини қидиради. 15Одамлар мени қўрқитгани учун шоҳ ҳазратларига шуларни айтиб беришга келдим. Ўзимга ўзим айтдим: “Шоҳга маслаҳат солай–чи, балки бу чўрисининг тилагини бажо айлар. 16Ўғлим билан мени ўлдириб, бизни Худо берган меросдан маҳрум қиладиганнинг қўлидан қутқаришни фақат шоҳ ўз зиммасига олиши мумкин. 17Шоҳ ҳазратлари ўз сўзи билан мени тинчлантирадилар. Чунки шоҳим, Худонинг фариштаси каби яхши–ёмон гапни тинглаб, ажрим қиладилар.” Эгангиз Худо сизга ёр бўлсин! 18— Сендан бир нарсани сўрайман, лекин мендан ҳеч нарсани яшира кўрма! — деди шоҳ. — Сўрасинлар, шоҳ ҳазратлари, — деди аёл. 19— Бу айтганларингнинг ҳаммасида Йўабнинг қўли борми? — деб сўради шоҳ. Аёл унга шундай жавоб берди: — Тўғриси, шоҳ ҳазратлари, сиздан ҳеч нарсани яшириб бўлмас экан! Ҳа, бу чўрингизга шу гапларни ўргатган ва буйруқ берган — қулингиз Йўаб бўлади. 20Ҳа, қулингиз Йўаб вазиятни яхшилаш учун ўйлаб топди буни. Шоҳ ҳазратлари Худонинг фариштаси каби донодир, эл–юртда бўлиб ўтган воқеалар унинг назаридан четда қолмайди. 21Шундан кейин шоҳ Йўабга: — Сен истаганингдай бўла қолсин, бор, анави йигитни — Абсаломни қайтариб кел, — деди. 22Йўаб мук тушиб таъзим қилди ва: — Эй шоҳ ҳазратлари, бугун мен, қулингизнинг истагини бажо айлаб, менга илтифот кўрсатаётганингизни билиб турибман, — деб шоҳни мақтади. 23Шундан кейин Йўаб Гашурга бориб, Абсаломни Қуддусга олиб келди. 24Лекин шоҳ: “Абсалом уйига борсин, менинг ҳузуримга келмасин”, деб амр берди. Шунинг учун Абсалом шоҳни кўра олмай, уйига кетди. 25Бутун Исроилда Абсалом каби чиройли, келишган одам йўқ эди. У бошдан–тирноғигача бенуқсон эди. 26Сочини кўтариб юриш оғирлик қилгани учун ҳар йил олдирарди. Олдирган сочини тортиб кўрганда, сочининг оғирлиги шоҳликдаги ўлчов бўйича беш юз мисқол ▼▼ беш юз мисқол — ибронийча матнда икки юз шақал, тахминан 2,3 килога тўғри келади.
чиқарди. 27Абсаломнинг уч ўғли ва Тамара деган гўзал бир қизи бор эди. 28Абсалом Қуддусда икки йил турди. Лекин шу вақт давомида шоҳни кўра олмади. 29Ниҳоят, Йўабни шоҳ ҳузурига жўнатмоқчи бўлиб, бу ҳақда унга хабар берди. Аммо Йўаб Абсаломникига келишни истамади. Абсалом иккинчи марта хабар юборди. Йўаб яна келмади. 30Шунда Абсалом хизматкорларига: — Кўряпсизларми, Йўабнинг арпа даласи меникига ёндош. Боринглар, унинг арпасига ўт қўйинглар, — деди. Хизматкорлар бориб, Йўабнинг арпасига ўт қўйишди. 31Шунда Йўаб Абсаломнинг уйига борди. — Нимага хизматкорларинг даламга ўт қўйди? — деди. 32Абсалом унга шундай жавоб берди: — Сенга, меникига кел, сени шоҳ ҳузурига жўнатаман, деб хабар берган эдим. Сен орқали шоҳга: “Гашурдан нега келдим? Қайтанга ўша ерда қолганимда, менга яхшироқ бўларди” деган гапларни етказмоқчи эдим. Энди шоҳ ҳузурига борай. Агар менинг айбим бўлса, ўлдирсин. 33Шундан сўнг Йўаб шоҳ ҳузурига бориб, Абсаломнинг айтганларини унга етказди. Шоҳ Абсаломни чақиртирди. Абсалом шоҳ ҳузурига кела солиб, мук тушиб таъзим қилди. Шоҳ Абсаломни ўпди.
Copyright information for
UznUzbC