‏ Daniel 2

Навухадназарнинг туши

1Навухадназар ўз ҳукмронлигининг иккинчи йилида
Навухадназар ўз ҳукмронлигининг иккинчи йили — милоддан олдинги 603 йил.
бир туш кўрди. Бу туш уни шу қадар безовта қилиб юбордики, кўзига бошқа уйқу келмади.
2Шоҳ тушининг таъбирини билиш учун қўли остидаги барча фолбин, мунажжим, сеҳргар ва афсунгарларни
афсунгарлар — ибронийча матнда Халдейлар, ўша вақтда Бобилликлар шу ном билан ҳам аталарди (шу бобнинг 10–оятида ҳам бор). Халдейлар фолбинлик ва сеҳр–жоду қилишлари билан ном таратганлари учун, мана шундай иш билан шуғулланадиган одамларга нисбатан ҳам мана шу термин ишлатилган.
чақиртирди. Улар шоҳ ҳузурида ҳозир бўлганларида,
3шоҳ уларга шундай деди:

— Мен ғалати бир туш кўрдим. Юрагимга ғулғула солган бу тушнинг таъбирини билмоқчиман.

4Улар шоҳга орамий тилида дедилар
…орамий тилида дедилар… — мана шу жойдан 7–бобнинг охиригача асл матн иброний тилида эмас, орамий тилида ёзилган.
:

— Шоҳ ҳазратларининг умри боқий бўлсин! Шоҳ ҳазратлари аввал тушларини айтсинлар, бу қулларингиз уни таъбирлашга тайёрдирлар.

5— Билиб қўйинглар, — деди уларга шоҳ. — Агар менга туш ва унинг таъбирини айтиб бермасангиз, мен таналарингизни бўлак–бўлак қилдириб, сизларни жазолайман, уйларингизни эса вайрон қилиб, бир уюм тошга айлантираман. 6Борди–ю, тушимни айтиб, уни таъбирлаб берсангиз, сизларга инъому мукофотлар бериб, иззат–икром кўрсатаман. Қани, энди менга кўрган тушимни ва унинг таъбирини айтиб беринглар!

7Улар шоҳга иккинчи марта дедилар:

— Шоҳ ҳазратлари аввал тушларини айтсинлар, каминаларингиз уни таъбирлашга тайёрдирлар.

8— Сизлар қарорим қатъий эканини кўриб, вақтни чўзмоқчисизлар, — деди шоҳ. — Буни аниқ билиб турибман. 9Агар тушимни айтиб бермасангизлар, ҳаммангизга жазо битта! Сизлар мени лақиллатиб, вазият ўзгаргунча вақтни чўзишга келишиб олгансизлар. Тушни менга айтиб беринглар, шунда уни таъбирлай олишингизни ҳам биламан.

10— Ер юзида шоҳнинг бу талабини қондирадиган биронта жон бормикан?! — дея ажабландилар улар. — Шуҳрати рўйи заминга ёйилган шоҳларнинг биронтаси ҳам бундай нарсани на фолбин, на мунажжим, на афсунгардан талаб қилган. 11Шоҳ ҳазратлари биздан имконсиз бир нарсани талаб қиляптилар. Буни шоҳга фоний бандалар дунёсидан йироқ яшайдиган худолардан бошқа ҳеч ким очиб беролмайди.

12Дарғазаб бўлган шоҳ: “Бобилдаги барча сарой маслаҳатчилари қатл қилинсин!” — деб фармон берди. 13Фармон эълон қилинди. Сарой маслаҳатчилари қатл қилиниш арафасида эди. Дониёр ва унинг ўртоқлари ҳам қатл қилинишлари керак эди.

Навухадназарнинг туши Дониёрга ошкор бўлади

14Шоҳ соқчиларининг бошлиғи Ориёх сарой маслаҳатчиларини қатл қилмоқ учун йўлга чиққанда, Дониёр унинг олдига бориб, эҳтиёткорлик билан мурожаат қилиб: 15“Эй Ориёх ҳазратлари, нима боис шоҳ бундай шошилинч
шошилинч — ёки шафқатсиз.
фармон чиқардилар?” — деб сўради. Шунда Ориёх бўлиб ўтган воқеани унга бирма–бир сўзлаб берди.
16Дониёр шоша–пиша шоҳ ҳузурига кириб, тушнинг таъбирини топмоқ учун ҳазратларидан муҳлат сўради. 17Сўнг уйга бориб, бўлиб ўтган воқеани шериклари Ханониё, Мишаил ва Озариёларга айтиб берди: 18“Сарой маслаҳатчилари билан бирга ҳалок бўлмаслигимиз учун, Самовий Худога илтижо қилинглар. У бизга раҳм қилиб, бу сирни очиб беришини сўранглар.”

19Ўша кеча Дониёрга бу сир ваҳий орқали ошкор бўлди ва Дониёр Самовий Худога ҳамду санолар айтди:

20“Худойимиз доно ва қудратлидир,
Асрлар оша Унинг номи улуғлансин!
21У замон ва даврларни ўзгартирар,
Шоҳларни тахтдан тушириб тахтга ўтқазар.
Донишмандларга донолик,
Оқилу фозилларга билим берар.
22Пинҳон сақланган сирларни очар,
Зулматда яширинган нарсаларни билар,
Ёруғлик Унинг даргоҳида маскан топар.
23Эй ота–боболаримнинг Худоси,
Сенга шукурлар айтаман, мадҳлар куйлайман,
Зеро, донолигу қудратни менга берган Сенсан,
Истаган нарсамни менга очган Сенсан,
Шоҳ тушини бизга ошкор қилган Сенсан.”

Дониёр шоҳга туш билан унинг таъбирини айтади

24Дониёр сарой маслаҳатчиларини қатл қилиш учун шоҳ томонидан тайинланган Ориёхнинг олдига бориб:

— Ҳазратим, сарой маслаҳатчиларининг жонларига зинҳор қасд қилманг, — деди. — Мени дарҳол шоҳ ҳузурига олиб киринг, мен шоҳ ҳазратлари кўрган тушни таъбирлаб бераман.

25Ориёх зудлик билан Дониёрни шоҳ ҳузурига олиб кириб:

— Эй олампаноҳ, каминангиз Яҳудо асирлари орасидан тушингизни таъбирлаб берадиган бир одамни топиб келди, — деди.

26Шоҳ Дониёрга юзланиб (Дониёрнинг бошқа исми Белташазар эди
…Дониёрнинг бошқа исми Белташазар эди… — 1:7 га қаранг.
):

— Сен менга кўрган тушимни ҳамда унинг таъбирини айтиб бера оласанми? — деди.

27Дониёр шоҳга шундай жавоб берди: “Эй ҳазрати олийлари, на сарой маслаҳатчиси, на мунажжим, на фолбин, на раммол
раммол — фолбинларнинг бир тури. Қадимги шарқда, хусусан, Бобилда раммоллар алоҳида илмий лаёқатга эга бўлган шахслар деб қаралар эди. Уларнинг башоратлари астрология илмига — осмон ёритқичларининг ҳолатига асосланар эди.
бунинг уддасидан чиқа олади.
28Лекин самода шу каби, сирларни ошкор қила оладиган бир Худо бордир. У сизга, эй шоҳ ҳазратлари, охиратда бўладиган нарсаларни аён қилмоқчи. Сиз тушингизда кўрган ваҳий қуйидагича эди:

29Эй олампаноҳ, сиз ухлаб, келажак ҳақида бир туш кўрдингиз. Бу туш орқали сирларни ошкор қилувчи Худо сизга келажакда рўй берадиган нарсаларни аён қилди. 30Бу сирнинг менга очилганлиги эса донолигим бошқаларникидан зиёда бўлгани учун эмас, балки шоҳаншоҳим кўрган тушининг таъбирини билиб, унинг маъносини тушунишлари учундир.

31Эй шоҳ ҳазратлари, тушингизда сиз баҳайбат бир ҳайкал кўрдингиз. Олдингизда турган ўша улкан ҳайкалнинг кўриниши ниҳоятда ярқироқ ва қўрқинчли эди. 32Ҳайкалнинг боши тоза олтиндан, кўкрак ва қўллари кумушдан, бели ва сонлари бронзадан, 33болдирлари темирдан, оёқларининг бир қисми лойдан, бир қисми темирдан эди. 34Унга қараб турганингизда, тоғдан ўз–ўзидан
ўз–ўзидан — орамийча матнда инсон қўли билан эмас. Бу ишни Худо қилгани назарда тутилган (шу бобнинг 45–оятида ҳам бор).
узилган бир тош думалаб келиб, ҳайкалнинг лой ва темирдан бўлган оёқларига урилди–да, уларни парча–парча қилди.
35Темир, лой, бронза, кумуш ва олтин парчаланиб, ёзги хирмонлардаги тўпондай бўлди. Шамол уларни учириб кетиб, ҳеч бир асар қолдирмади. Ҳайкалга урилган тош эса катта тоғ бўлиб, бутун ер юзини қоплади.

36Бу сиз кўрган туш эди. Энди эса шоҳ ҳазратлари тушининг таъбирини эшитсинлар. 37Эй шоҳ ҳазратлари, сиз каби буюк ҳукмдорни дунё ҳали кўрмаган. Самовий Худо сизга салтанат, куч–қудрат ва шон–шуҳрат ато қилгандир. 38У сизга ерда яшовчи барча инсонларни, ҳатто даштдаги ёввойи ҳайвонлару осмонда учувчи қушларни тобе қилган, улар устидан ҳукмронлигингизни мустаҳкам ўрнатган. Тилла бош — сизсиз. 39Аммо сиздан кейин жаҳон саҳнасига бошқа буюк бир шоҳлик чиқади. Бу шоҳлик сизникидан заифроқ бўлади. Сўнг ҳайкалнинг бронза бели ва сонлари билан ифодаланган учинчи шоҳлик ҳукмронлик қилади. 40Ундан кейин темирдай қаттиқ тўртинчи шоҳлик бўлади. Темир ҳамма нарсани синдириб йўқ қилганидай, ўша шоҳлик ҳам ундан олдинги шоҳликларни бузиб, йўқ қилади. 41Сиз ҳайкалнинг оёқлари ва оёқ бармоқларининг бир қисми лойдан, бир қисми темирдан эканлигини кўрдингиз, бу бўлинган шоҳлик бўлади. Лой билан темир бирга қорилгани учун бу шоҳликда бир оз темирнинг кучи бўлади. 42Шоҳлик айрим жиҳатдан кучли, айрим жиҳатдан заиф бўлади. 43Темир билан лойнинг қоришмаси яна шундан далолат берадики, ўша замон ҳукмдорлари қуда–андачилик йўли билан шоҳликларини мустаҳкам қилмоқчи бўладилар, аммо темир лой билан қовушмагани каби, улар ҳам бир–бири билан қовуша олмайдилар. 44Ўша шоҳларнинг даврида Самовий Худо битмас–туганмас бир шоҳлик ўрнатади. Ҳеч ким уни енга олмайди. Бу шоҳлик бошқа барча шоҳликларни ер билан яксон қилиб, ўзи абадий туради. 45Тоғдан ўз–ўзидан думалаб тушиб, темир, бронза, лой, кумуш ва олтинни парчалаб ташлаган тош ўша шоҳликнинг ифодасидир. Буюк Худо сизга, эй шоҳ ҳазратлари, келажакда содир бўладиган нарсаларни аён қилди. Сиз кўрган тушингиз ҳақиқатан ҳам кароматли, таъбири эса рўйиростдир
Навухадназарнинг тушидаги ҳайкал бирин–кетин ҳукмронлик қиладиган тўртта шоҳликка ишора қилади. Худо бу тўрттала шоҳликни вайрон қилиб, уларнинг ўрнига Ўзининг янги Шоҳлигини барпо қилади. Худонинг Шоҳлиги бутун ер юзига ёйилиб, абадий туради (шу бобнинг 35, 44–оятларига қаранг). Кўп олимлар ҳайкалнинг тўрт қисмини қуйидагича шарҳлашади: тилла бош — Бобил шоҳлиги (шу бобнинг 38–оятига қаранг), ҳайкалнинг кумуш кўкраги ва қўллари — бирлашган Мидия ва Форс шоҳлиги. Бу шоҳликка Куруш милоддан олдинги 539 йилда, Бобил қулагандан кейин асос солган (1:21 изоҳига қаранг). Ҳайкалнинг бронза бели ва сонлари — милоддан олдинги 330 йилларда Искандар Зулқарнайн асос солган Юнон империясини билдиради. Темир болдирлар — Рим империясидир. Бир қисми лойдан, бир қисми темирдан бўлган оёқлар ва оёқ бармоқлари — олдин Римликларнинг қўли остида бўлган ҳудуддаги шоҳликларнинг конфедерациясини билдиради. Бошқа олимларнинг талқинларига кўра эса ҳайкалнинг тўртта қисми Бобил, Мидия, Форс ва Юнон империяларига ишора қилади. Ҳайкалнинг бир қисми лойдан, бир қисми темирдан бўлган оёқлар ва оёқ бармоқлари — Искандар Зулқарнайн вафотидан кейин иккига бўлиниб кетган Юнон сулоласини билдиради. Бу сулолаларнинг бири Мисрда, иккинчиси Сурияда ҳукмронлик қилган.
.”

Шоҳ Навухадназар Дониёрни тақдирлайди

46Шоҳ Навухадназар мук тушиб Дониёрга сажда қилди. Сўнг одамларига Дониёр олдида назрлар келтириб, хушбўй тутатқилар тутатишни буюрди. 47Шоҳ Дониёрга деди:

— Чиндан ҳам сенинг Худойинг сирларни ошкор қилувчи энг буюк Худодир, У шоҳларнинг ҳақиқий Эгасидир, чунки бу сирни менга фақат сен ошкор қила олдинг!

48Шоҳ Дониёрни юқори мансабга кўтариб, кўпдан–кўп инъомлар тақдим қилди, уни Бобил вилоятининг ҳокими ва сарой маслаҳатчиларининг бошлиғи қилиб тайинлади. 49Дониёрнинг илтимосига биноан шоҳ Бобил вилоятининг бошқарувини Шадрах, Мешах ва Абеднахуга топширди. Дониёрнинг ўзи эса шоҳ саройида хизмат қилиб қолди.
Copyright information for UznUzbC