Daniel 6
Дониёр шерлар уясида
1Шоҳ Доро ▼▼ шоҳ Доро — 5:31 изоҳига қаранг.
бутун шоҳлигидаги ерларни 120 та вилоятга бўлиб, ҳар бир вилоят устидан ноиб тайинлашга қарор қилди. 2Ноибларни назорат қилиш учун эса учта амирни тайинлади, уларнинг бири Дониёр эди. Шоҳни уринтирмаслик учун улар ноиблардан барча ҳисоботни олишлари керак эди. 3Дониёр бошқа амиру ноибларга қараганда ўз ишини юксак маҳорат билан бажарар эди. Шунинг учун шоҳ бутун салтанат бошқарувини Дониёрга топширишни режалаштириб қўйганди. 4Буни кўра олмаган амиру ноиблар қилдан қийиқ ахтариб, Дониёрнинг бошқарув ишларидаги нуқсонларни топишга ҳаракат қилишди. Аммо Дониёр ўз ишини пухта бажариб, ҳеч қандай масъулиятсизлик ва ноҳақликка йўл қўймасди. Шунинг учун уни айблашга бирон–бир баҳона ҳам топа олмадилар. 5Ниҳоят улар бир–бирларига шундай дедилар: “Дониёрни фақатгина ўз Худосининг қонуни билан боғлиқ бўлган ҳолда айблашимиз мумкин, бундан бошқа чорамиз йўққа ўхшайди.” 6Шунда амиру ноиблар шоҳнинг ҳузурига бориб: “Шоҳ Доро ҳазратларининг умри боқий бўлсин! — дедилар. 7— Шоҳликнинг барча амирлари, беклари, ноиблари, аъёнлари ва ҳокимлари шундай деб ўзаро келишиб олдилар: шоҳимиз фармон жорий қилсинлар. Эй шоҳ ҳазратлари, бу фармон бўйича ҳамма одам ўттиз кун мобайнида фақатгина сизга сажда қилсин. Кимки бошқа бир худо ёки одамга сажда қилса, шерлар уясига ташлансин. Бу фармон қатъий равишда амалга оширилсин. 8Эй шоҳ ҳазратлари, фармон чиқариб уни имзоланг. Бу фармонингиз Мидия ва Форс қонунларига биноан ўзгармас бўлсин.” 9Шоҳ Доро фармонни имзолади. 10Дониёр фармон имзоланганлигини била туриб уйига борди. Болохонасига чиқиб, ҳар доим қилганидай, кунига уч маҳал тиз чўкиб Худога илтижо қилди, Уни мадҳ этиб улуғлади. Болохонанинг деразалари эса Қуддус томон очилган эди. 11Амалдорлар бир тўда бўлиб Дониёрнинг уйига борганларида, Дониёр ўз Худосига илтижо қилаётганини кўриб қолдилар. 12Улар зудлик билан бу ҳақда шоҳни хабардор қилиш учун шоҳ ҳузурига бордилар. — Эй шоҳ ҳазратлари! — дея мурожаат қилди улар. — Сиз фармон чиқариб, кимки ўттиз кун ичида мендан бошқа биронта худо ёки одамга сажда қилса, шерларнинг уясига ташланади, деб айтмаганмидингиз? — Ҳа, чиқарган бу фармоним Мидия ва Форс шоҳлигининг қонунларига биноан, қатъийдир, — дея жавоб берди шоҳ. 13— Эй шоҳ ҳазратлари, Яҳудо асирларидан бўлмиш Дониёр сизни ҳам, сиз чиқарган фармонингизни ҳам менсимай, кунига уч марта ўз Худосига илтижо қиляпти, — деди улар. 14Шоҳ буни эшитгач, қаттиқ ташвишга тушди. У Дониёрни сақлаб қолиш ниятида кун ботгунга қадар, қўлидан келганича ҳаракат қилди. 15Аммо амалдорлар шоҳнинг олдига келиб: — Шоҳ ҳазратлари, Мидия ва Форс қонунларига биноан, сиз чиқарган ҳар бир фармон ўзгармас эканлигини эсингизда тутинг, — дедилар. 16Шоҳ Дониёрни шерларнинг уясига ташлашни буюрди. Дониёрнинг ўзига эса: “Сени Худойинг қўлига топширдим, сен доим сажда қиладиган ўша Худо сени асрасин”, — деди. 17Тош келтирилиб, чуқурликнинг оғзи беркитиб қўйилди. Ҳеч ким Дониёрни шерлардан қутқара олмасин деб, шоҳ ўзининг ва амалдорларининг тамғалари билан тошни муҳрлаб қўйди. 18Сўнг саройига қайтиб, кечаси билан туз тотмади. Одатдаги кечки вақти чоғлик ҳам кўнглига сиғмай, туни билан ухламай чиқди. 19Эртаси куни тонг отгач, шоҳ шоша–пиша шерлар уяси томон югурди. 20У ерга боргач: — Ҳой Дониёр, барҳаёт Худонинг хизматкори! — дея куйиниб хитоб қилди у. — Сен доимо сажда қилиб юрган Худойинг сени шерлардан қутқара олдими? 21— Шоҳ ҳазратларининг умри боқий бўлсин! — деди шоҳга Дониёр. 22— Худойимнинг назарида бегуноҳ бўлганим учун У фариштасини юбориб, шерларнинг оғизларини беркитиб қўйди ва шерлар менга ҳеч қандай зарар етказмадилар. Сизнинг олдингизда ҳам, эй шоҳ ҳазратлари, мен бирон–бир айбли иш қилган эмасман. 23Хурсандчилиги ичига сиғмаган шоҳ Дониёрни чуқурликдан чиқаришни буюрди. Дониёрни чуқурликдан чиқарган одамлар унга ҳеч қандай зарар етмаганини кўришди, чунки Дониёр Худога инонган эди. 24Шоҳнинг буйруғига биноан, Дониёрни қоралаган одамларни хотину бола–чақалари билан бирга шерлар уясига ташладилар. Улар чуқурликнинг тубига етмаган ҳам эдики, шерлар уларга ташланиб ғажиб ташлашди. 25Шоҳ Доро бутун дунё бўйлаб барча халқлар, элатлар ва уруғларга шундай мактуб йўллади:“Хонадонингиздан барака аримасин! 26Шоҳлигимдаги барча одамлар Дониёрнинг Худосидан қўрқиб титрасин,Чунки У барҳаёт ва мангу Худодир.
Унинг шоҳлиги асло қуламас,
Ҳукмронлиги ҳеч ҳам тугамас,
27Нажоткору халоскор Удир.
Еру кўкда аломату мўъжизалар кўрсатган,
Удир Дониёрни шерлардан қутқариб олган.”
28Шоҳ Доро ва Форс шоҳи Курушнинг ҳукмронлиги даврларида ▼
▼ …Доро ва Форс шоҳи Курушнинг ҳукмронлиги даврларида… — ёки …Доро ҳукмронлиги даврида, яъни Форс шоҳи Курушнинг ҳукмронлиги даврида…. Доро ҳақида маълумот олиш учун 5:31 изоҳига қаранг. Куруш милоддан олдинги 539-530 йилларда ҳукмронлик қилган. Шоҳ Куруш яна Кир исми билан танилган.
Дониёрнинг мартабаси яна ҳам ошди.
Copyright information for
UznUzbC