‏ Daniel 9

Дониёр халқ учун ибодат қилади

1Бобил
Бобил — ибронийча матнда Халдей, ўша вақтда Бобил юрти шу ном билан ҳам аталарди.
тахтига ўтирган Мидиялик Ахашвераш
Ахашвераш — Эзра ва Эстер китобларида айтиб ўтилган, Ксеркс исми билан ҳам танилган Ахашверашдан бошқа шоҳ.
ўғли Доро
…Мидиялик…Доро… — 5:31 изоҳига қаранг.
ҳукмронлигининг илк даври.
2Мен Доро ҳукмронлигининг дастлабки йилида пайғамбарлар ёзиб қолдирган битикларни мутолаа қилишга киришган эдим. Эгамиз Еремиё пайғамбарга айтган сўзларига кўра
Эгамиз Еремиё пайғамбарга айтган сўзларига кўра… — Еремиё 25:11-12, 29:10 га қаранг.
, Қуддус етмиш йил давомида хароб бўлиб ётишини билиб олдим.

3Шунда мен Раббий Худога ёлвордим, рўза тутиб, қанорга ўрандим, кулга беланиб
…қанорга ўрандим, кулга беланиб… — қанор дағал қорамтир мато бўлиб, эчки ёки туя жунидан тўқилган. Қанорга ўраниб олиш ва кулга беланиш умидсизликни ва қайғули ҳолатни ифодалайди. Кўпинча бу ҳаракат Худодан кечирим сўраб ибодат қилиш ва Ундан мадад тилаш билан биргаликда амалга оширилган.
, илтижо қилдим.
4Мен Эгам Худога ибодат қилиб, халқимнинг гуноҳлари учун шундай деб тавба қилдим:

Ё Раббий, Сен буюк ва ҳайбатли Худосан! Сени севиб, амрларингга риоя қилган бандаларингга Сен аҳдингни содиқ сақлайсан.
5Аммо биз ноҳақлик қилиб, гуноҳга қўл урдик. Қабиҳ ишлар қилиб, Сенга қарши бош кўтардик, амрлару қонун–қоидаларингни унутиб, 6шоҳларимизга, раҳнамоларимизга, ота–боболаримизга ва авом халққа Сенинг номингдан гапирган хизматкорларинг — пайғамбарларга биз қулоқ солмадик.
7Сен ҳақсан, ё Раббий. Биз эса бугун шарманда бўлдик. Биз Сенга хиёнат қилганимиз учун, Сен ҳаммамизни — Яҳудо ва Қуддус аҳолисини ҳамда бутун Исроил халқини яқин ва узоқ юртларга тарқатиб юборгансан. 8Эй Эгам, биз Сенга қарши гуноҳ қилганимиз учун шоҳларимиз, раҳнамоларимиз, ота–боболаримиз — биз ҳаммамиз шарманда бўлдик. 9Ё Раббимиз Худо, биз Сенга қарши бош кўтарган бўлсак ҳам, Сен гуноҳларимизни кечирувчи, раҳмдил Худосан. 10Эй Эгамиз Худо, биз Сенга итоат этмадик! Сен хизматкорларинг бўлмиш пайғамбарлар орқали бизга қонунлар бердинг, аммо биз уларга риоя қилмадик.
11Бутун Исроил халқи қонунингни бузиб, ҳақ йўлдан озди, Сенга қулоқ солишни хоҳламади. Биз Сенга қарши гуноҳ қилганимиз учун қулинг Мусонинг қонунида ёзилган қасамёду лаънатлар бошимизга тушди. 12Ҳа, Сен бизни ва раҳнамоларимизни огоҳлантирган эдинг! Сўнг айтганларингни қилиб, бошимизга шундай фалокатлар ёғдирдингки, Қуддусда юз берган бундай даҳшатли фожиани ёруғ дунё ҳали кўрмаган эди. 13Мусонинг қонунида ёзилган ҳар бир фалокат бошимизга тушди. Аммо биз шунда ҳам гуноҳларимиздан қайтмадик, Эгамиз Худонинг марҳаматини изламадик, Унинг содиқлигини эсга олмадик. 14Вақти келиб Эгам бизни бу фалокатларга гирифтор қилди, чунки биз Унинг гапларига итоат қилмадик. Дарҳақиқат, Эгамиз Худо доим адолат ила иш тутар.
15Эй Раббимиз Худо, Сен Ўз халқингни қудратинг ила Мисрдан олиб чиқиб, шуҳратингни оламга ёйдинг. Сенинг қудратинг бугунга қадар тилга олинар. Биз эса гуноҳ қилдик, қабиҳликка қўл урдик. 16Ё Раббий, Сен ўтмишда бизга кўп илтифот қилдинг. Ҳозир ҳам ғазабу қаҳрингни Қуддусдан йироқ қилгин, деб ёлвораман. Қуддус Сенинг шаҳринг, Сенинг муқаддас тоғинг–ку
муқаддас тоғ — Қуддусдаги Сион тоғига ишора. Қуддусдаги Маъбад қурилган тепалик Сион тоғи деб аталган. У ерда Худо Ўзини Исроил халқига маълум қилган. Эски Аҳддаги шеърий парчаларда ва пайғамбарлар битикларида Сион сўзи кўпинча Қуддус шаҳрига ёки Худонинг халқига нисбатан ишлатилган. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги СИОН сўзига қаранг.
, ахир! Бизнинг ва ота–боболаримизнинг гуноҳлари туфайли Қуддус ва танланган халқинг қўшни халқлар орасида хор–зор бўлмоқда.
17Шунинг учун, эй Худойимиз, мен, қулингнинг ибодату илтижоларига қулоқ тутгин. Ё Раббий, хароб бўлган Маъбадингга Ўз ҳақи–ҳурматинг учун мунаввар юзинг билан боққин. 18Эй Худойим, қулоқ солиб, нолаларимизни эшитгин! Кўзингни очиб, биз тортган жабрни кўриб қўйгин! Шаҳарнинг аҳволига бир қара, ахир, у Сенинг номинг билан аталган–ку! Биз Сенинг марҳаматингга лойиқ бўлмасак–да, Ўзингнинг чексиз раҳмдиллигинг туфайли бизга шафқат қил. 19Ё Раббий, нолаларимни эшитгин! Ё Раббий, бизни кечиргин! Ё Раббий, илтижоларимни эшитиб ёрдам бергин! Ҳурматинг ҳақи шошилгин, чунки бу шаҳринг ва халқинг Сенинг номинг билан аталгандир, эй Худойим!

Жаброил башоратни тушунтириб беради

20Мен тоат–ибодатда бўлиб, ўзимнинг гуноҳларим ва халқим Исроилнинг гуноҳлари учун тавба қилиб, Худонинг муқаддас тоғи — Қуддус
…Худонинг муқаддас тоғи — Қуддус… — ибронийча матнда Қуддус келтирилмаган, қиёслаш учун шу бобнинг 16–ояти изоҳига қаранг.
учун Эгам Худога илтижо қилаётган эдим.
21Кечки қурбонлик пайтида мен ҳали ибодат қилаётганимда, олдимга Жаброил учиб тушди. Мен уни олдинги ваҳийда ҳам кўрган эдим
Мен уни олдинги ваҳийда ҳам кўрган эдим — 8:16-17 га қаранг.
.
22У менга тушунтирди: «Дониёр, мен олдингга ваҳийни тушунтирмоқ учун келдим. 23Сен Худога илтижо қила бошлаганингда, У сенга жавоб берган эди. Мен жавобини сенга етказмоқ учун келдим, чунки сен Худонинг суюкли бандасисан. Қани, энди айтадиган гапларимни яхшилаб эшит, ваҳийнинг маъносини тушуниб олгин: 24исённи бартараф этиш, қабиҳликка чек қўйиш, гуноҳдан поклаш ҳамда абадий адолат ўрнатиш учун Худо сенинг халқинг ва муқаддас шаҳринг учун етмиш карра етти йил
етмиш карра етти йил — ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси 70 та етти, 490 йиллик давр назарда тутилган.
белгилади. Шунда ваҳий ва кароматлар амалга ошади, муқаддас Маъбад
муқаддас Маъбад — ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси муқаддасларнинг муқаддаси бўлиб, Маъбадга, Маъбаддаги қурбонгоҳга ёки олий руҳонийга ишора. Қайси сўз ёки ибора назарда тутилганидан қатъи назар, бу оят “одамлар яна Маъбадда сажда қила оладилар” деган маънони билдиради.
эса табаррук қилинади.
25Шуни билиб қўйгинки, Қуддусни тиклаш учун амр берилганидан то Худо мой суртиб танлаган йўлбошчи
…Худо мой суртиб танлаган йўлбошчи… — Масиҳ назарда тутилган. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги МАСИҲ сўзига қаранг.
келгунига қадар, етти карра етти йил
етти карра етти йил — ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси 7 та етти, 49 йиллик давр назарда тутилган.
ўтади. Олтмиш икки карра етти йил
Олтмиш икки карра етти йил — ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси 62 та етти, 434 йиллик давр назарда тутилган (шу бобнинг 26–оятида ҳам бор).
мобайнида Қуддус шаҳри, унинг йўллари ва мудофаа иншоотлари тикланади, аммо булар машаққатли дамларда содир бўлади.
26Олтмиш икки карра етти йил ўтгач, Худо танлаган йўлбошчи ўлдирилади. У эришган ҳамма нарса барбод бўлади
У эришган ҳамма нарса барбод бўлади — ёки Ҳеч ким унинг ўрнини олмайди.
. Қўшин тортиб келган ажнабий бир ҳукмдор шаҳарга кучли селдай ёпирилиб, шаҳарни ҳамда Маъбадни вайрон қилади. Худонинг қарорига мувофиқ, урушу вайронагарчиликлар ўша даврнинг охиригача давом этади.
27Ўша ҳукмдор кўп халқлар билан бир карра етти йилга
бир карра етти йил — ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси 1 та етти, 7 йиллик давр назарда тутилган.
кучли бир битим тузади. Ўша вақтнинг ярми ўтгач, қурбонлик ва назрларга чек қўйиб, Маъбадда
Маъбад — ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси қанот, Маъбаднинг айни бир қисмига ёки Маъбаддаги қурбонгоҳга ишора қилаётган бўлиши мумкин.
макруҳ бир нарса ўрнатади. Бу нарса кўп ҳаром–хариш ишларга сабаб бўлади
…Маъбадда макруҳ бир нарса ўрнатади. Бу нарса кўп ҳаром–хариш ишларга сабаб бўлади — кўпчилик олимларнинг таъкидлашича, бу ҳодиса милоддан олдинги 167 йилда, Юнон шоҳи Антиох IV ҳукмронлиги даврида юз берган. Уни Антиох Эпифан деб ҳам аташарди. У милоддан олдинги 175-164 йилларда Сурияда ҳукмронлик қилган. Қуддусдаги Маъбаднинг қурбонгоҳи устига худо Зевсга атаб қурбонгоҳ қурдириб, у ерда чўчқаларни қурбонлик қилган. Исо қилган башоратга кўра, шунга ўхшаш ҳодиса охирзамон даврида ҳам содир бўлади (Матто 24:15 га қаранг).
. Бу аҳвол Худо белгилаган кунгача давом этади. Ўша куни шаҳар билан Маъбадни вайрон қилган ҳукмдорнинг куни битади.»”
Copyright information for UznUzbC