Deuteronomy 21
Қотил топилмаганда кўриладиган чоралар
1Эгангиз Худо сизларга мулк қилиб бераётган юртнинг бирор даласида одам жасади топилса ва уни ким ўлдиргани номаълум бўлса, 2оқсоқоллар ва ҳакамлар мурда билан атрофдаги шаҳарлар оралиғидаги масофани ўлчашсин. 3Мурдага энг яқин шаҳарнинг оқсоқоллари ҳали қўшга қўшилмаган, бўйинтуруқ солинмаган ғунажинни олишсин. 4Шаҳар оқсоқоллари ерга ишлов берилмаган, уруғ экилмаган, сув оқиб турадиган сойликка бу ғунажинни олиб боришсин. Ўша сойликда ғунажиннинг бўйнини синдиришсин. 5Леви руҳонийлари бу ерга келишсин. Эгангиз Худо “Леви насли Менга хизмат қилсин, Менинг номим билан халқни дуо қилсин”, деб уларни танлаган. Барча жанжалли ишлар ва зўравонлик масалалари уларнинг сўзи билан ҳал қилинади. 6Мурдага энг яқин бўлган шаҳарнинг оқсоқоллари сойликда бўйни синдирилган ғунажиннинг тепасида қўлларини ювишсин. 7Кейин улар шундай десин: “Бу одамнинг қонини бизнинг қўлларимиз тўккани йўқ. Ким қилганини кўзларимиз кўргани йўқ. 8Эй Эгамиз! Ўзинг Мисрдан озод қилган халқинг Исроилни кечиргин, халқинг Исроилни тўкилган айбсиз қонга жавобгар қилмагин.” Шундан сўнг улар тўкилган қонга жавобгарликдан холи бўладилар. 9Шундай қилсангизлар, Эгамизнинг олдида тўғри иш қилган бўласизлар, айбсизнинг қонидан ўзингизни тозалайсизлар.Асиралар ҳақида
10Эгангиз Худо жангда душманларингизни сизларга мағлуб этганда, уларни асирга олганингизда, 11асирлар орасида чиройли бир аёлни кўриб, уни севиб қолганингиздан унга уйланмоқчи бўлсангиз, 12уни уйингизга олиб келинг. Ўша аёл сочини қириб ташласин, тирноқларини олсин. 13Асирликда кийган кийимларини алмаштирсин. Бир ой давомида ота–онаси учун аза тутиб, уйингизда яшасин. Шундан кейин сиз у аёлнинг олдига кира оласиз, сиз унинг эри, у эса сизнинг хотинингиз бўлади. 14Агар ўша аёл сизга ёқмай қолса, уни озод қилинг. Уни сотманг, унга қулдай муносабатда бўлманг, чунки уни хотинингиз бўлишга мажбур қилгансиз.Тўнғич ўғилнинг мероси
15Агар бирортасининг иккита хотини бўлса–ю, бирини яхши кўриб, иккинчисини яхши кўрмаса, иккаласи ҳам унга ўғил туғиб берса, тўнғичи яхши кўрмаган хотинининг ўғли бўлса, 16ўғилларига мерос бўлиб бераётганда, яхши кўрган хотиннинг ўғлини устун қўймасин, унга тўнғич ўғил ҳуқуқини бермасин. 17Яхши кўрмаган хотиннинг ўғлини тўнғич деб тан олсин, унга мол–дунёсидан икки ҳисса мерос берсин. Чунки ўша ўғил отаси қудратининг илк ҳосилидир. Тўнғичлик ҳуқуқи ўша ўғилга тегишлидир.Итоатсиз ўғил
18Агар бирортасининг ўғли ота–онасининг гапига қулоқ солмайдиган, ўжар ва итоатсиз бўлса, уни жазолаганларида ҳам гапларига кирмаса, 19ота–онаси у ўғилни шаҳар дарвозасида хизмат қиладиган шаҳар оқсоқоллари олдига олиб келсин. 20Ота–онаси оқсоқолларга: “Бу ўғлимиз ўжар ва итоатсиздир. У бизнинг гапимизга қулоқ солмайди. У очкўз ва майхўрдир”, десин. 21Шундан кейин шаҳар эркаклари ўша йигитни тошбўрон қилиб ўлдирсин. Шундай қилиб, орангиздан ёмонликни йўқ қилинглар. Бутун Исроил халқи бу воқеани эшитиб, қўрқади.Жиноятчининг жасади
22Агар бирортаси ўлим ҳукмига лойиқ гуноҳ қилса, сизлар уни ўлдириб, жасадини тик ўрнатилган ходанинг учига қоқсангиз, 23ўша жасад кечаси билан ходада осиғлиқ қолмасин. Уни ўша куниёқ дафн қилинглар, чунки ёғочга қоқилган одам Худо томонидан лаънатлангандир. Эгангиз Худо сизга мулк қилиб бераётган юртни ҳаром қилманглар.
Copyright information for
UznUzbC