Deuteronomy 28
Итоатгўйликдан келадиган баракалар
1Агар Эгангиз Худога итоат этиб, мен бугун айтаётган Унинг барча амрларини битта қолдирмай бажарсангиз, У сизларни ер юзидаги ҳамма халқлардан устун қилади. 2Эгангиз Худога итоат этсангиз, У сизларга барака беради, барака сиздан аримайди. 3Эгангиз сизга шаҳарда ҳам, далада ҳам барака беради.4Ували–жували бўласизлар, ерингиз ҳосилдор, мол–қўйингиз баракали бўлади, сигирларингиз болалайди, қўйларингиз қўзилайди.
5Супрангиз ва буғдой солинган саватларингиз баракали бўлади.
6Уйда бўлганингизда ҳам, йўлга чиққанингизда ҳам Эгамиз сизга барака беради.
7Сизларга ҳужум қилган душманларингизни Эгамиз мағлуб қилади. Улар сизларга бир томондан ҳужум қилиб келади, аммо етти томонга тумтарақай қочади. 8Қилган ҳар бир ишингизни Эгангиз Худо сербарака қилади, омборларингизни тўлдиради. У сизларга бераётган юртда барака беради. 9Эгангиз Худонинг амрларига итоат этсангиз, Унинг йўлидан юрсангиз, Эгамиз сизларга қасам ичиб ваъда берганидай, сизларни Ўзининг муқаддас халқи қилади. 10Эгамизга тегишли эканингизни кўриб, ер юзидаги барча халқлар сизлардан қўрқадиган бўлади. 11Эгамиз ота–боболарингизга қасам ичиб, сизларга бераман, деб ваъда қилган юртда фаровонлик ато қилади. Ували–жували бўласизлар, молингиз кўпаяди, далангизнинг ҳосили баракали бўлади. 12Эгамиз Ўзининг осмондаги бой хазинасини очиб, вақтида ерингизга ёмғир ёғдиради, қиладиган ҳар бир ишингизга барака беради. Кўп халқларга қарз берасиз–у, ўзингиз қарз олмайсиз. 13Бугун Эгангиз Худонинг мен сизларга айтаётган амрларини битта қолдирмай бажарсангиз, Эгамиз сизларни дум эмас, бош қилади. Сизлар пастда эмас, баландда бўласиз. 14Бугун мен сизларга айтаётган амрлардан ўнгга ёки чапга чиқманг, бошқа худоларга эргашманг, уларга хизмат қилманг.
Итоатсизликнинг оқибати
15Агар Эгангиз Худога қулоқ солмасангиз, бугун мен сизларга айтаётган Эгамизнинг ҳамма амри ва фармонларига риоя қилмасангиз, қуйидаги лаънатлар бошингизга келади: 16Шаҳарда ҳам, далада ҳам лаънати бўласиз.17Супрангиз ва буғдой солинган саватларингиз лаънатланади.
18Фарзандга зор бўласиз, ерингиз ҳосил бермайди, мол–қўйингиз кўпаймайди.
19Уйда бўлганингизда ҳам, йўлга чиққанингизда ҳам лаънати бўласиз.
20Эгамизни тарк этиб, қабиҳликлар қилганингиз учун қилган ҳар бир ишингизда У сизларни лаънатга, бало–қазога дучор қилади. Ишингиз ўнгидан келмайди. Охири, Эгамиз устингизга кулфат ёғдириб, бир лаҳзада йўқ қилади. 21Мулк қилиб оладиган юртингизга Эгамиз ўлат юбориб, сизларни йўқ қилади. 22У сизларни иситма ва яллиғланиш билан кечадиган тузалмас касалликка дучор қилади. Жазирама иссиқ ва қурғоқчилик юбориб, ҳосилингизни қовжиратади, моғорлатади. Ўлгунингизча бу кулфатлар орқангиздан қувади. 23Тепангиздаги осмон бронза каби қаттиқ, остингиздаги ер темир каби заранг бўлади. 24Йўқ бўлиб кетгунингизча, Эгамиз устингизга ёмғир ўрнига чанг–тўзон ёғдиради. 25Эгамиз сизларни душманларингиз олдида тиз чўктиради. Уларга бир томондан ҳужум қиласизлар, аммо етти томонга тумтарақай қочасизлар. Ер юзидаги барча шоҳликлар аҳволингизни кўриб, даҳшатга тушади. 26Мурдаларингиз осмондаги қушларга, ердаги йиртқич ҳайвонларга ем бўлади, уларни ҳайдайдиган кимса бўлмайди. 27Эгамиз сизларни Мисрликларга тоштирган чипқонга, йиринг боғлайдиган яраларга, қўтир ва қичималарга мубтало қилади. Бу хасталикларга даво тополмайсиз. 28Эгамиз сизларни ақлдан оздириб, кўр ва овсар қилиб қўяди. 29Кўр одам қоронғида пайпасланиб юргандай, сизлар куппа–кундузи пайпасланиб юрасизлар. Ишларингиз юришмайди, хор бўласизлар, сизларни талон–тарож қиладилар, ҳеч ким сизларни қутқармайди. 30Бир қиз билан унаштириласиз, аммо у билан бошқаси ётади. Уй қурасиз–у, уйингизда яшамайсиз, узумзор экасиз–у, мевасидан емайсиз. 31Молингизни кўз олдингизда сўйишади, лекин гўштини емайсиз. Эшагингизни кўз олдингиздан ўғирлаб кетишади, қайтиб беришмайди. Қўйларингиз душманларингизга берилади. Сизларга ҳеч ким ёрдам бермайди. 32Ўғилларингиз, қизларингиз кўз олдингизда бошқа халқларга берилади. Улар томон талпинасиз–у, бирор нарса қилишга ожиз бўласиз. 33Ерингиз ҳосилидан, меҳнатингиз самарасидан бегона халқлар баҳраманд бўлади. Сизни эса ҳар куни эзишади, хор қилишади. 34Кўзларингиз билан кўрган воқеалардан жинни бўлиб қоласиз. 35Эгамиз оёқларингизга тузалмас яралар тоштиради. Бутун баданингизга бошдан–оёқ чипқон чиқади. 36Эгамиз сизларни ва устингиздан қўйган шоҳни ўзларингиз ҳам, ота–боболарингиз ҳам билмаган халқ олдига ҳайдаб боради. У ерда ёғоч ва тошдан ясалган бошқа худоларга хизмат қиласиз. 37Эгамиз сизларни ўша бегона халқларга олиб борганда, улар аҳволингиздан даҳшатга тушади. Сизлар уларга масхара, кулги бўласиз. 38Далага кўп уруғ экасиз, лекин кам ҳосил оласиз. Ҳосилингизни чигирткалар ▼
▼ чигирткалар — баъзан тўда–тўда бўлиб келиб, далалардаги ҳосилга катта зарар етказадиган ҳашарот.
еб битиради. 39Узумзорлар барпо қиласиз, парваришлайсиз, лекин шаробидан ичмайсиз, узумини термайсиз. Уларга қурт тушади. 40Ерларингизда зайтун дарахтлари ўсади, лекин устингизга зайтун мойи суртмайсиз. Зайтун мевалари тўкилиб кетади. 41Ўғил–қизлар кўрасиз, лекин улар ўзингизга буюрмайди, уларни асир қилиб олиб кетишади. 42Ҳамма дарахтларингиздаги меваларни ва ерингиз ҳосилини чигирткалар еб, нобуд қилади. 43Орангиздаги мусофирлар янада кўтарилади, сизлар эса янада пасаясиз. 44Улар сизларга қарз беради, сизлар эса уларга қарз беролмайсиз. Улар бош бўлади, сизлар эса дум бўласиз. 45Эгангиз Худога итоат этмаганингиз учун, У сизларга айтган амрларни ва фармонларни бажармаганингиз учун, мана шу лаънатлар бошингизга келади, орқангиздан қувиб, сизларга етиб олиб ҳалок қилади. 46Бу лаънатлар то абад сизлар ва авлодларингиз учун Худо берган жазонинг исботи бўлади. 47Ҳамма нарса мўл–кўл бўлганда, сизлар Эгангиз Худога хурсандчилигу қувонч билан хизмат қилмадингиз. 48Шунинг учун Эгамиз юборган душманларга хизмат қиласиз, оч, ташна, яланғоч, муҳтож бўлиб қоласиз. Душманларингиз сизларга темир бўйинтуруқ солади, ҳаммангизни нобуд қилади. 49Эгамиз бошингизга узоқдан, ер юзининг у четидан бургутдай бир халқни юборади. Сизлар бу халқнинг тилини тушунмайсиз. 50Бу халқ қўрқинчли, катталарни ҳурмат қилмайди, кичикларга раҳм–шафқат кўрсатмайди. 51Сизларни хонавайрон қилмагунча, молларингизни, ерингизнинг ҳосилини ейишади. Сизларга на донни, на шаробни, на зайтун мойини, на подангиздаги бузоқларни, на сурувингиздаги қўзиларни қолдиришади. Шунда сизлар йўқ бўлиб кетасизлар. 52Эгангиз Худо сизларга бераётган юртдаги ҳамма шаҳарларни улар қамал қилишади. Сиз суянган баланд ва мустаҳкам деворларни вайрон қилишади. 53Қамал пайтида душманларингиз бошингизга солган кулфат туфайли ўз фарзандларингизни, Эгангиз Худо сизларга берган ўғил–қизларингизнинг этини ейсизлар. 54Ораларингиздаги энг мулойим, энг диёнатли эркак ҳам туғишган акасидан, суюкли хотинидан, соғ қолган болаларидан этни қизғанади. 55Ўзи еяётган болаларининг этидан ҳеч кимга бермайди, бундан бошқа чораси ҳам бўлмайди. Чунки душманнинг қуршови ҳамма шаҳарларингизда сизни шу қадар танг аҳволга солиб қўяди. 56Ораларингиздаги энг мулойим, энг нозик аёл, нозиклигидан оёғини ерга қўйишни ҳам истамайдиган аёл, севикли эридан, ўғли ва қизидан этни қизғанади. 57Очликдан у, ҳатто, оёқлари орасидан чиққан йўлдошни ва ўзи туққан болаларни яширинча ейди. Душманнинг қуршови ҳамма шаҳарларингизда сизни шу қадар танг аҳволга солиб қўяди. 58Эгангиз Худонинг буюк ва ҳайбатли номидан қўрқмасангиз, шу китобда ёзилган қонуннинг ҳамма сўзларини бажармасангиз, 59Эгамиз ўзларингизни ва авлодларингизни оғир ва доимий кулфатларга, ёмон, тузалмайдиган хасталикларга гирифтор қилади. 60Сизларни ваҳимага туширадиган барча Миср хасталикларини бошингизга солади, улардан ҳеч қачон шифо топмайсиз. 61Сизлар йўқ бўлгунингизча, Эгамиз мана шу қонун китобида ёзилмаган бошқа хасталигу офатларни ҳам бошингизга келтираверади. 62Сизлар осмондаги юлдузлар каби кўп эдингизлар, аммо Эгангиз Худога қулоқ солмаганингиз учун саноқли бўлиб қоласизлар. 63Эгамиз сизларга яхшилик қилиб, сизларни кўпайтиргандан қанчалик мамнун бўлган бўлса, сизларни ҳалок қилиб йўқ қилгандан ҳам шунчалик мамнун бўлади. Мулк қилиб оладиган юртингиздан сизларни суғуриб, улоқтириб ташлайди. 64Эгамиз сизларни дунёнинг у четидан бу четигача ҳамма халқлар орасига тарқатиб юборади. У ерда ўзларингиз ҳам, ота–боболарингиз ҳам билмаган, тош ва ёғочдан ясалган бошқа худоларга хизмат қиласизлар. 65Лекин бу халқлар орасида ором тополмайсизлар, оёқ узатиб дам олишингиз учун жой бўлмайди. Эгамиз сизларга титроқ юрак, хира кўз, умидсиз руҳ беради. 66Ҳаётингиз қил устида тургандек бўлади, кечасию кундузи ўлимдан қўрқиб яшайсиз. 67Юрагингиздаги қўрқув ва кўзларингиз кўраётган воқеалар туфайли эрталаб: “Қанийди, кечқурун бўлса”, кечқурун эса: “Қанийди, эрталаб бўлса”, дейсизлар. 68Эгамиз сизларга, Мисрга қайтиб бормайсизлар, деб айтган бўлса–да, У сизларни кемаларда Мисрга қайтариб жўнатиб юборади. Ўша ерда, душманларимизга қул ва чўри бўлиб сотилсайдик, деб ҳаракат қиласизлар, лекин сизларни сотиб оладиган харидорлар бўлмайди.
Copyright information for
UznUzbC