Deuteronomy 32
1Эй само, қулоқ сол, мен гапираман.Эй замин, оғзимдан чиққан сўзларни эшит.
2Таълимотим ёмғир каби ёғсин,
Сўзларим шудринг каби тушсин,
Майсаларни сийпалайдиган ёмғир томчиларидай,
Ўтлар устига ёғадиган мўл ёмғирдай бўлсин.
3Эгамизнинг номини улуғлайман!
Худойимизнинг буюклигига ҳамдлар ўқинг!
4У суянган Қоям, Унинг ишлари комил,
Ҳамма йўллари адолатлидир.
Худо садоқатлидир, Унда ёлғон йўқ,
У ҳақ ва одилдир.
5Аммо сизлар Унга содиқ қолмадингиз!
Эй бузуқ ва эгри насл,
Энди сизлар Унинг фарзандлари деб аталмайсиз,
Бу сизларнинг иснодингиздир.
6Эгамизга шундай қайтарасизми,
Эй аҳмоқ, нодон халқ?!
У сизларни яратган Отангиз–ку!
Сизга шакл берган Яратувчингиз–ку!
7Қадимги кунларни эсланг,
Узоқ ўтмишни ўйланг.
Отангиздан сўранг, у сизларга айтиб беради,
Оқсоқоллардан сўранг, сизларга гапириб беришади.
8Худойи Таоло халқларга ерни бўлиб берганда,
Одамзодни ер юзига тарқатганда,
Халқларнинг чегараларини,
Илоҳий зотлар ▼
▼ Илоҳий зотлар — Қумрон қўлёзмаларидан ва қадимий юнонча таржимадан. Ибронийча матнда Исроил ўғиллари. Дониёр 10:13 га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг.
сонига кўра, белгилаганди.9Ёқуб наслини эса Эгамиз Ўзига улуш қилиб олди,
Исроилни Ўз насибаси қилди.
10Эгамиз Исроилни саҳродан,
Увиллайдиган даштдан топиб олди.
Уни Ўз бағрига олди,
Унга ғамхўрлик қилиб,
Кўз қорачиғидай сақлади.
11Гўё бургут инидагиларни уйғотиб,
Ўз полапонлари узра айлангандай,
Қанотларини ёйиб, полапонларини кўтаргандай,
Қанотлари устида уларни олиб юргандай,
12Эгамизнинг ёлғиз Ўзи Исроилни олиб юрди,
Ёнида бошқа худо йўқ эди.
13Ернинг чўққиларига Исроилни ҳукмдор қилди,
Даланинг ҳосили билан уни тўйдирди.
Тошдан чиққан асал билан,
Тошлоқ ерда ўсган зайтунларнинг мойи билан боқди.
14Сигир қатиғию эчки сути билан,
Қўзичоқ ва қўй думбаси билан,
Башан қўчқорию бузоқлари гўшти,
Аъло буғдой билан боқди.
Узумдан қилинган аъло шаробдан ичирди.
15Азизим Исроил ▼
▼ Азизим Исроил — ибронийча матнда Ёшурун, Исроилни эркалаб айтилган ном.
семириб, ўжар бўлди.У семириб, шишиб кетди, охири бўкиб қолди.
Ўзини яратган Худодан юз ўгириб,
Ўз нажот Қоясини хор қилди.
16Бошқа худоларга сажда қилиб, Унинг рашкини келтирди.
Жирканчли бутлар билан Унинг ғазабини қўзғатди.
17Худога эмас, жинларга қурбонлик келтирди.
Бу худоларни ўзлари билмас эди,
Бу худолар яқинда пайдо бўлган,
Ота–боболари улардан қўрқмаган эди.
18Эвоҳ, эй Исроил, сени туққан Худони эсламадинг,
Сени дунёга келтирган Қояни унутдинг.
19Эгамиз буларни кўриб, уларни рад этди,
Ўз ўғил–қизлари Унинг ғазабини келтирганди.
20У шундай деди: “Бу халқдан юзимни ўгираман,
Уларнинг аҳволи нима бўлишини кўраман.
Ахир, улар эгри насл, садоқатсиз фарзандлардир.
21Улар Худо бўлмаган бутлар билан рашкимни келтирдилар,
Бетайин худолари билан ғазабимни қўзғатдилар.
Мен ҳам халқ бўлмаганлар билан уларнинг рашкини келтираман,
Ақлсиз бир халқ билан ғазабини қўзғатаман.
22Менинг ғазабимдан олов чиқади,
Ўликлар диёрининг ▼
▼ Ўликлар диёри — ибронийча матнда Шеўл. Қадимда Исроил халқи Шеўлни ер остидаги тубсиз чуқурлик, марҳумлар борадиган қоронғи жой деб тушунарди.
энг чуқур жойигача ёндиради,Ерни, ҳосилини куйдиради,
Тоғ пойдеворини кул қилади.
23Уларга кулфат кетидан кулфат келтираман,
Ўқларимни битта қўймай уларга отаман:
24Очлик уларнинг силласини қуритади,
Иситма ёндириб куйдиради,
Офат жонларини олади.
Ёввойи ҳайвонлар уларни тилка–пора қилади,
Ерда судраладиган илонлар заҳрини сочади.
25Кўчаларда йигиту қизларни қилич ҳалок қилади,
Уйларда эса чақалоғу оқ сочли кексаларни ваҳима ўлдиради.
26Ҳа, Мен уларни сочиб ташлаган бўлардим,
Одамлар орасидан уларнинг хотирасини ўчириб юборган бўлардим,
27Аммо душманнинг мазахидан ҳайиқдим,
Ғанимлар нотўғри тушунмасин, дедим.
«Исроилни Эгаси эмас, биз мағлуб қилдик», деб
Ўйламасин дедим.”
28Исроил ақлини йўқотган, идроксиз халқдир.
29Агар уларда ақл бўлса эди, тушунарди,
Оқибати нима бўлишини биларди.
30Ана, Эгаси Исроилни тарк этди,
Суянган Қояси уларни душманга бериб қўйди.
Акс ҳолда, бир киши Исроилнинг мингтасини таъқиб қила олармиди?!
Икки киши Исроилнинг ўн мингтасини ҳайдай олармиди?!
31Ҳатто душманлари тан олади,
Исроил халқининг Худоси
Қудратли Қоя эканлигини.
32Исроилнинг душманлари узум токига ўхшар,
Садўм ва Ғамўра ▼
▼ Садўм ва Ғамўра — аҳолисининг ўта бузуқлиги оқибатида Эгамиз вайрон қилган иккита шаҳар (Ибтидо 18:16-19:28 га қаранг).
далаларида ўсар,Узумзорларининг меваси заҳарли,
Узумлари оғу сингари аччиқдир.
33Уларнинг шароби аждарҳо заҳри,
Илонларнинг қўрқинчли оғусидир.
34Эгамиз шундай дейди:
“Мен Исроил душманларини
Нималар қилишни дилимда тутаман,
Ўшаларни хазинамда сақлайман.
35Уларнинг оёқлари чалишганда
Мен Ўзим қасос ва ўч оламан.
Уларнинг ҳалокат куни яқиндир,
Уларнинг қисмати ҳал бўлади.”
36Эгамизнинг халқи кучдан қолганда,
Эркину эрксизлар нобуд бўлганда,
Эгамиз Ўз халқини оқлайди,
Ўз қулларига раҳм–шафқат қилади.
37Шунда Эгамиз Ўз халқидан сўрайди:
“Ишонган худоларингиз қани?!
Сиз паноҳ олган қоянгиз қани?!
38Сизлар ўшаларга қурбонлик ёғидан едирдингиз,
Назр шаробидан ичирдингиз.
Энди улар келиб, сизларга ёрдам берсин!
Ўшалар сизга қалқон бўлиб кўрсин!
39Билиб қўйинг, Мен ягонаман!
Мендан бошқа Худо йўқдир.
Ўлдирадиган Менман,
Ҳаёт берадиган ҳам Менман,
Жароҳат етказадиган Менман,
Шифо берадиган ҳам Менман.
Менинг қўлимдан ҳеч ким қутула олмайди.
40Мен барҳаёт Худо бўлганим ҳақи,
Қўлимни осмонга кўтариб, онт ичиб айтаманки,
41Мен ялтироқ қиличимни чархлайман,
Адолат ўрната бошлайман.
Душманларимдан қасос оламан,
Мендан нафратланганларга қайтараман.
42Ҳалок бўлганлар ва асирларнинг қони билан
Ўқларимни маст қиламан,
Ёв лашкарбошиларининг каллалари билан
Қиличимни этга тўйдираман.”
43Эй эллар, Унинг халқи билан бирга шодланинг,
У қулларининг ўлими учун ўч олади.
Душманларидан қасос олиб,
Юрти ва халқини гуноҳдан поклайди.
44Мусо Нун ўғли Ёшуа ▼
▼ Ёшуа — ибронийча матнда бу исмнинг бошқа варианти Хўшея.
билан бирга бу қўшиқнинг барча сўзларини овоз чиқариб, халққа айтиб берди. Мусонинг охирги кўрсатмалари
45Мусо мана шу сўзларнинг ҳаммасини бутун Исроил халқига айтиб бергандан кейин, 46уларга шундай деди: — Бугун мен сизларни огоҳлантириб, айтган сўзларнинг ҳаммасини юрагингизда сақланг. Болаларингизга ҳам буюринг, мана шу қонуннинг сўзларини битта қолдирмай бажаришсин. 47Бу шунчаки қуруқ сўзлар эмас, балки сизларнинг ҳаётингиздир. Мана шу сўзлар туфайли сизлар мулк қилиб оладиган Иорданнинг нариги томонидаги юртда узоқ яшайсизлар. 48Эгамиз ўша куни Мусога шундай деди: 49— Аборим тизмасидаги Наво тоғига чиқ. Бу тоғ Ерихо шаҳри рўпарасидаги Мўаб юртида жойлашган. У ердан Мен Исроил халқига мулк қилиб бераётган Канъон юртига қара. 50Аканг Ҳорун Хўр тоғида оламдан ўтгандай, сен ҳам ўзинг чиқадиган тоғда оламдан ўтасан. 51Икковингиз Исроил халқининг олдида Менга садоқатсизлик қилган эдингиз. Сизлар Зин чўлида, Марива сувлари бўйидаги Кадеш ёнида Исроил халқига муқаддаслигимни намоён қилмаган эдингиз ▼▼ Икковингиз…Исроил халқига муқаддаслигимни намоён қилмаган эдингиз — Саҳрода 20:1-13 га қаранг.
. 52Шунинг учун сен ўша юртни узоқдан кўрасан. Мен Исроил халқига бераётган ўша ерга сен кирмайсан.
Copyright information for
UznUzbC