‏ Ecclesiastes 1

Ҳаёт беҳудадир

1Қуйидагилар Довуд ўғли, Қуддусда ҳукмронлик қилган Воизнинг
Воиз — ибронийча матнда Қоҳелет (шу бобнинг 2, 11, 12–оятларида ҳам бор). Баъзилар бу ибронийча сўзни атоқли от деб айтадилар, аммо бу сўз жамоа етакчиси ёки нотиқ лавозимини билдириши ҳам мумкин. Мазкур китобда ушбу сўз ниҳоятда донишманд, донолик ҳақида кўп ҳикматлар йиққан ва уларни ўрганиб чиққан кишига нисбатан ишлатилган (яна “Кириш”даги изоҳга қаранг). Кенг тарқалган қарашларга кўра, Воиз шоҳ Сулаймондир.
сўзларидир.

2“Беҳуда!
Беҳуда — ибронийча матнда ҳевл, сўзма–сўз таржимаси нафас (шу бобнинг 14–оятида ҳам бор). Бу тақлидий сўз бўлиб, нафас чиқарганда ҳосил бўладиган товушга ўхшайди. Бу сўз мана шу китобда маънисиз туюлган ёки инсон ақли етмайдиган, ишончсиз, ўткинчи нарсаларга ва ҳодисаларга нисбатан ишлатилган.
Беҳуда!
— дейди Воиз. —
Ҳаммаси беҳудадир!”

3Одам бу дунёда қилган меҳнатидан
Қандай фойда топар?
4Авлод келиб, авлод кетар,
Бу дунё эса шундайлигича қолаверар.
5Қуёш чиқиб яна ботар,
Чиққан жойига қайтишга шошар.
6Шамол жанубга эсар,
Шимол тарафга елар,
Такрор–такрор айланиб,
Ўз йўлидан юраверар.
7Барча дарёлар денгизга оқар,
Денгиз эса ҳеч тўлмас,
Шунда ҳам ўз макони сари
Оқаверар дарёлар.
8Ҳамма нарса чарчатар, ҳолдан тойдирар,
Уларни тасвирлашга сўзлар ҳам етмас.
Кўзларимиз кўраверар, аммо тўймас,
Қулоқларимиз эшитаверар, аммо қониқмас.
9Олдин нима бўлган бўлса, яна содир бўлгай,
Нима қилинган бўлса, яна қайтарилгай,
Бу дунёда ҳеч қандай янги нарса йўқ.

10Бирор нарса бормидики, биз бу ҳақда: “Қаранглар, бу янгилик–ку!” — деб айта олсак?! У олдиндан бор эди, биз таваллуд топмасдан олдин ҳам шу ерда эди. 11Қадимда бўлганлар эсга олинмас, ҳатто бундан кейин бўладиганлар ҳам келажакда эсланмас.

Воизнинг тажрибаси

12Мен, Воиз, Исроил устидан Қуддусда шоҳман. 13Ўзимни донолик билан изланишга, мана шу дунёда бўлаётган ҳамма ишларни тушунишга бағишладим. Худо инсонга берган бу иш қандай қайғули–а! 14Мен бу дунёда бўлаётган ҳамма нарсани кўрдим, қаранглар, ҳаммаси беҳуда, шамолнинг орқасидан қувишдай экан.

15Эгри нарсани тўғрилаб бўлмас,
Йўқ нарсани санаб бўлмас.

16Ўзимга шундай дедим: “Мана, мен буюк бўлиб, доноликда мендан олдин Қуддусда ҳукмронлик қилганларнинг ҳаммасидан ўзиб кетдим. Кўп донолик орттирдим, илму маърифатни яхшилаб ўргандим.” 17Донолик ва илм–маърифатнинг фойдаси телбалик ва аҳмоқликдан устунлигини англаб етишга ўзимни бағишладим, аммо бу ҳам шамолнинг орқасидан қувишдай эканлигини тушундим.

18Қайғу ҳам ортаркан, донолик қанча кўп бўлса,
Дард кўпаяр экан гар билим ошса.
Copyright information for UznUzbC