Ecclesiastes 10
1Ўлик пашшалар хушбўй мойни саситиб юборади, шунингдек, озгина аҳмоқлик кўп доноликдан оғирроқ чиқади. 2Дононинг юраги ўнгга — тўғри ишларни қилишга, нодонники эса чапга — фосиқликка тортади. 3Аҳмоқлар ақли етмай, қилган қилиқлари билан ҳам ҳаммага аҳмоқлигини кўрсатади. 4Агар ҳукмдорнинг сендан жаҳли чиқса, жойингни ташлаб кетмагин, чунки вазминлик туфайли хафагарчиликлар ҳам босилиб кетади. 5Мана мен бу дунёда кўрган фожиа, ҳукмдордан бошланган катта хато: 6аҳмоқлар баланд лавозимга кўтарилади, бойлар эса пастда ўтиришади. 7Мен яна шуни кўрдим: зодагонлар худди қуллардай пиёда юрганда, қуллар отда юрарди. 8Чуқур қазиганнинг ўзи унга тушиши, деворни бузганни эса илон чақиши мумкин. 9Тош кесган ўзига зарар етказиши, хода ёрган эса оғриққа дучор бўлиши мумкин. 10Агар болта ўтмас бўлса–ю, уни ўткирламасанг, уни ишлатиш учун кўпроқ куч керак бўлади. Мана, доноликдан қандай фойда бор экан. 11Аммо илон ўйнатилмасдан олдин чақиб олса, илон ўйнатувчига донишмандликнинг нима фойдаси бор?! 12Доноларнинг сўзлари уларга ҳурмат келтиради, нодонларнинг сўзлари эса ўзларини ҳалок қилади. 13Уларнинг сўзлари аҳмоқлик билан бошланиб, ғирт телбалик билан тугайди, 14шунда ҳам аҳмоқлар гапираверадилар. Ҳеч ким нима бўлишини билмайди, ким бизга келажакни айтиб бера олади?! 15Нодоннинг ҳаракатлари уни жуда чарчатади, чунки у шунчалик аҳмоқки, шаҳарга борадиган йўлни ҳам қайта топа олмайди. 16Эй шоҳи ёш бўлган, ҳукмдорлари эрталабдан зиёфат қиладиган юрт, сенга афсус–надоматлар бўлсин. 17Шоҳи асилзода бўлган, ҳукмдорлари майхўрлик учун эмас, куч тўплаш учун ўз вақтида зиёфат қиладиган юрт бахтлидир. 18Дангасаликдан уйнинг томи чўкади,Ялқовлик туфайли томдан чакки ўтади.
19Зиёфат берилганда кўнгил шодликка тўлади,
Шароб инсонни хушнуд этади.
Лекин иккаласи учун ҳам пул керак.
20Ҳатто сирдош дўстларинг орасида ҳам шоҳни лаънатлама, ўз ётоқхонангда ҳам бойларни ёмонлама. Яхши гапнинг ҳам, ёмон гапнинг ҳам қаноти бордир. Осмондаги қуш сўзларингни етказиб бориши мумкин.
Copyright information for
UznUzbC