‏ Ecclesiastes 2

1Мен, Воиз, ўзимга: “Қани, роҳатланиб, бир маза қилай–чи”, — дедим, лекин бу ҳам беҳуда
беҳуда — ибронийча матнда ҳевл, сўзма–сўз таржимаси нафас (шу бобнинг 11, 15, 17, 19, 21, 23, 26–оятларида ҳам бор). 1:2 изоҳига қаранг.
экан.
2“Кулги телбалик экан, роҳат қандай фойда келтиради?” — дедим. 3Донолик мени бошқарар экан, кўнглимни шароб билан чоғ қилиб кўрай–чи деб, аҳмоқликка ўз бағримни очдим. Бу дунёда одамлар ўз қисқа ҳаётлари давомида қандай иш қилсалар уларга фойда келишини билмоқчи бўлдим. 4Буюк ишлар қилдим: ўзимга уйлар қурдим, узумзорлар барпо қилдим, 5полизлар ва боғлар яратдим, у ерларга ҳар хил мевали дарахтлар экдим. 6Ўсаётган дарахтларни суғориш учун ҳовузлар қаздирдим. 7Ўзим учун қуллар ва чўрилар сотиб олдим, уйимда қул–чўрилар туғилиб, уларнинг сони ортиб бораверди. Подаларим шунчалик кўп эдики, Қуддусда мендан олдин яшаган ҳеч кимда бунчалик кўп мол–қўй бўлмаган. 8Ўзим учун кумушу олтин, шоҳларга лойиқ ажойиб бойликлардан йиғдим, жуда кўп ерларга эга бўлдим. Аёл ва эркак қўшиқчилар менга хизмат қилишар эди, менга завқ келтирадиган ҳарамим ҳам катта эди.

9Мен буюк бўлиб, буюкликда Қуддусда мендан олдин яшаганларнинг ҳаммасидан ўтдим. Донолигим менга панд бермади. 10Ўзим хоҳлаган ҳамма нарсани олдим, кўнглим истаганини қилдим. Қилган ҳар бир ишимдан жоним роҳатланди, бу қилган меҳнатларим эвазига келган мукофот эди. 11Аммо қарасам, ўз қўлларим билан қилган ишларим, қилган ҳамма меҳнатим — буларнинг ҳаммаси беҳуда экан, шамолнинг орқасидан қувишдай экан. Бу дунёда бирорта фойдали нарса топилмаслигини билдим.

12Шундан кейин яна донолик, телбалик ва аҳмоқликни солиштиришга қарор қилдим. Ворисим меникидан ҳам яхшироқ хулосага кела олармиди?! 13Ёруғлик қоронғиликдан яхшироқ бўлганидай, донолик ҳам аҳмоқликдан яхшироқлигини тушундим:

14Дононинг кўзи бор,
Нодон эса қоронғиликда юради.

Аммо ҳамманинг тақдири бир
…ҳамманинг тақдири бир… — яъни ҳамма ўлади (яна 3:19 га қаранг).
эканлигини ҳам тушундим.
15Ўзимча: “Нодоннинг бошига тушган нарса менинг ҳам бошимга тушар экан. Шундай экан, доно бўлишнинг нима фойдаси бор?!” деб ўйладим. “Бу ҳам беҳуда!” — дедим. 16Донолар ҳам, нодонлар унутилгани каби, унутилади, келажакда ҳамма бирдай унутилади. Нима учун донолар нодонлардай ўлиши керак?! 17Шунинг учун ҳам мен ҳаётдан нафратландим, чунки бу дунёда қилинган ҳар бир иш менга қайғу келтирди. Ҳаммаси беҳуда, шамолнинг орқасидан қувишдайдир.

18Бу дунёда меҳнат қилиб топган ҳамма нарсамдан нафратландим, чунки ҳаммаси барибир мендан кейин келадиганларга қолишини билардим. 19Улар доно бўладими ёки аҳмоқми, ким билади? Мен бу дунёда меҳнат қилиб, донолик билан топганларимга барибир ўшалар эгалик қилишади. Бу ҳам беҳудадир. 20Шунда бу дунёда қилган барча меҳнатим учун юрагим ачиб, қайғура бошладим. 21Ахир, барибир донолик, билим ва моҳирлик билан топилган нарсалар мана шу нарсалар учун ишламаганларга қолар экан. Бу ҳам беҳуда, қандай фалокат! 22Бу дунёда қилган меҳнати ва тиришқоқлиги учун одам қандай фойда оларкан–а?! 23Ахир, унинг кунлари дардга тўла бўлса, қайғудан боши чиқмаса, ҳаттоки кечалари ҳам дам ололмаса. Эҳ, бу ҳам беҳуда!

24Одам учун ейиш, ичиш ва қилган меҳнатидан роҳатланишдан яхшироқ нарса йўқ. Бу ҳам Худодан эканлигини тушундим, 25ахир, Худосиз ким овқат ея олади, ким роҳат топади?! 26Худога маъқул бўлганларга Худонинг Ўзи донолик, билим ва қувонч беради. Гуноҳкорларга эса бойлик йиғиш иштиёқини беради–ю, уларнинг ишлаб топганларини олиб, Худо Ўзига маъқул бўлганларга ато этади. Гуноҳкорларнинг бу ишлари ҳам беҳуда ва шамолнинг орқасидан қувишдайдир.
Copyright information for UznUzbC