Esther 8
Шоҳ яҳудийларни ҳимоя қилади
1Ўша куни шоҳ Ахашвераш ▼▼ шоҳ Ахашвераш — 1:1 нинг биринчи изоҳига қаранг.
яҳудийлар душмани Хомоннинг мол–мулкини малика Эстерга инъом қилди. Мардохай шоҳ ҳузурига кириб чиқадиган бўлди. Чунки малика Мардохайнинг ўзига қариндош эканини айтган эди. 2Шоҳ Хомондан қайтариб олган муҳр узугини бармоғидан чиқариб Мардохайга берди. Эстер эса Мардохайни Хомоннинг мол–мулки устидан бошқарувчи қилиб тайинлади. 3Эстер шоҳ билан яна гаплашди. Шоҳнинг оёғига йиқилиб: “Ўгах ▼▼ Ўгах — 3:1 нинг иккинчи изоҳига қаранг.
наслидан бўлган Хомоннинг яҳудийларга қарши ўйлаган хусуматини ва режасини даф қилинг”, деб йиғлаб ёлворди. 4Шоҳ салтанатнинг олтин ҳассасини Эстер томон узатган эди, Эстер ўрнидан туриб, шоҳнинг қаршисига келди 5ва айтди: — Агар шоҳимиз маъқул кўриб, мендан мамнун бўлсалар, бу ишни ўринли деб билсалар, ўзларига ёққан бўлсам, Ўгах наслидан Хамадото ўғли Хомоннинг шоҳлик ҳудудидаги ҳамма яҳудийларни қириб ташлаш тўғрисида қасддан ёзган мактубини бекор қилиш учун бошқа мактуб ёзилсин. 6Ахир, халқимнинг бошига тушадиган кулфатни томоша қилиб чидаб тура оламанми?! Қабиладошларим ўлдирилаётганда, гувоҳ бўлиб тура оламанми?! 7Шунда шоҳ Ахашвераш малика Эстерга ва яҳудий Мардохайга айтди: — Хомоннинг мол–мулкини Эстерга бердим. Хомон эса яҳудийларни қириб ташламоқчи бўлгани учун уни дорга остирдим ▼▼ …уни дорга остирдим — ёки …уни ўлдириб, ходанинг учига қоқтирдим.
. 8Энди шоҳ номидан яҳудийлар тўғрисидаги мактубни ўзларингизга маъқул келадиган тарзда ёзиб, шоҳнинг узуги билан муҳрланглар. Шоҳ номидан ёзилиб, шоҳнинг узуги билан муҳрланган мактубни ҳеч ким ўзгартириши мумкин эмас. 9Шундан сўнг учинчи ойда — Шавон ойининг ▼▼ Шавон ойи — иброний календарининг учинчи ойи. Ҳозирги календарга кўра, бу ой тахминан майнинг ўртасидан бошланади.
йигирма учинчи куни шоҳнинг мирзалари чақирилди. Ҳиндистондан Ҳабашистонгача ▼▼ Ҳабашистон — ибронийча матнда Куш (1:1 нинг иккинчи изоҳига қаранг).
бўлган бир юз йигирма етти вилоятдаги яҳудийларга, ноибларга, ҳокимларга, вилоятларнинг бекларига худди Мардохай буюрганидай мактуб ёзилди. Мактуб ҳар бир вилоят халқининг ёзуви ва тилида, яҳудийларга ҳам ўзларининг ёзувида ва тилида ёзилди. 10Мардохай шоҳ Ахашвераш номидан мактубни ёздиргач, шоҳнинг узуги билан муҳрлади ва шоҳнинг йилқисидаги учқур отларга чопарларни ўтқазиб жўнатди. 11Шоҳ мактубда яҳудийларга ҳамма шаҳарларда тўпланиб, ўзларини ҳимоя қилишларига ҳуқуқ берди. Бундан ташқари, яҳудийларга ҳужум қиладиган ҳар қандай душман халқнинг ёки юртнинг қуролли кучларини, болаларини ва аёлларини йўқ қилишга, ўлдиришга, мол–мулкини талон–тарож қилишга, қириб ташлашга ижозат берди. 12Бунинг учун шоҳ Ахашверашнинг қўли остидаги ҳамма юртларда бир кун — ўн иккинчи ойнинг, яъни Адар ойининг ▼▼ Адар ойи — 3:7 нинг тўртинчи изоҳига қаранг.
ўн учинчи куни ▼▼ …Адар ойининг ўн учинчи куни… — 3:13 га қаранг.
белгиланди. 13Ушбу фармон матни ҳар бир вилоятга, барча халқларга қонун ўрнида эълон қилинди. Шундай қилиб, яҳудийлар ўша куни ўз душманларидан қасос олишга тайёр туришлари керак эди. 14Чопарлар шоҳнинг учқур отларига миндилар–у, унинг фармонига кўра, тўрт томонга елиб кетдилар. Шушандаги қалъада ҳам фармон эълон қилинди. 15Мардохай кўк ва оқ рангли шоҳона либосларга бурканиб, катта олтин тожни кийиб, сафсар рангли зиғир ридога ўраниб, шоҳ ҳузуридан чиқди. Шушанда хурсандчилик, шоду хуррамлик ҳукм сурарди. 16Бундан яҳудийларнинг қалби умидга тўлди, шоду хуррам, вақти чоғ бўлди, улар учун шарафли кунлар бошланган эди. 17Ҳамма вилоятларда, ҳар бир шаҳарда, шоҳнинг амру фармони етиб борган ҳар қандай жойда яҳудийлар шоду хуррам бўлиб, ўйнаб–кулдилар, зиёфатлар уюштирдилар, байрам қилдилар. Шоҳликдаги кўп халқлар яҳудий бўлди, чунки ҳаммани яҳудийлардан қўрқув ҳисси қамраб олган эди.
Copyright information for
UznUzbC