Ezekiel 10
Худонинг улуғворлиги Маъбадни тарк этади
1Қарасам, карублар тепасидаги гумбаз ▼▼ гумбаз — 1:22 га қаранг.
узра зангори ёқутга ўхшаш бир нарса пайдо бўлди. Ўша нарса тахт шаклида эди. 2Худо зиғир либос кийган кишига шундай деди: “Қани бўл, карублар остидаги ғилдираклар орасига кириб, у ердан бир ҳовуч ёнаётган кўмирдан олиб чиқ. Кўмирни шаҳарнинг ҳамма ёғига сочиб ташла.” Ўша киши ғилдираклар орасига кириб кетди. Мен эса уни кузатиб турдим. 3У кирган пайтда карублар Эгамиз уйининг жануб томонида турган эдилар, ички ҳовлини эса булут қоплаган эди. 4Сўнг Эгамизнинг улуғворлиги карублар узра кўтарилиб, уйнинг остонасига бориб тўхтади. Шу онда уй булутга тўлди, бутун ҳовли Эгамизнинг улуғворлигидан чақнаб ёришиб кетди. 5Карублар қанотларини қимирлатганларида шундай шовқин кўтарилар эдики, уни ҳатто ташқи ҳовлидан туриб эшитса ҳам бўлар эди. Бу шовқин Қодир Худонинг овозига ўхшаб кетар эди. 6Эгамиз зиғир либос кийган кишига: “Карубларнинг ўртасига кир, ғилдираклар орасидаги ёнаётган кўмирдан олиб чиқ”, деб амр берганда, ўша киши битта ғилдиракнинг олдига бориб турди. 7Шунда карублардан бири қўлини узатиб, ёнаётган кўмирдан озроғини олди–да, зиғир либос кийган кишининг қўлига тутқизди. У киши ёнаётган кўмирни олиб кетди. 8Ҳар бир карубнинг қаноти остида инсон қўлига ўхшаган қўли бор эди. 9Қарасам, карублар ёнида тўртта ғилдирак турибди. Ҳар бир карубнинг ёнида биттадан ғилдирак бор эди. Ғилдираклар қимматбаҳо тошдай товланарди. 10Тўртала ғилдиракнинг кўринишига келсак, улар бир–бирига ўхшар эди. Ҳар бир ғилдиракнинг ичида кўндалангига солинган яна биттадан ғилдирак бор эди. 11Улар ҳаракатга келганда тўрт томонга юра олар эди, юрганда бурилмасди. Карубнинг юзи қаерга йўналтирилган бўлса, ҳаммаси бурилмай ўша томонга юришарди. 12Карубларнинг бутун баданлари, орқалари, қўллари, қанотлари ҳатто тўртала ғилдираги ҳам кўз билан қопланган эди. 13Ғилдиракларнинг номи “Айланадиган ғилдираклар” эканлигини мен эшитиб қолдим. 14Ҳар бир карубнинг тўрттадан юзи бор эди: биринчи юз — карубнинг юзи, иккинчи юз — одамнинг юзи, учинчи юз — шернинг юзи ва ниҳоят тўртинчи юз бургутнинг юзи эди. 15Карублар замин узра кўтарилдилар. Мен Кавор дарёси бўйида кўрган жонли мавжудотлар ▼▼ Мен Кавор дарёси бўйида кўрган жонли мавжудотлар — 1:1-28 га қаранг.
мана шу карублар экан. 16Карублар юрганларида, ғилдираклар ҳам ёнларида юрарди. Қанот ёзиб кўтарилганларида, ғилдираклар ҳам улардан айрилмасди. 17Хуллас, карублар тўхтаганда, улар ҳам тўхтар эди, кўтарилганда улар ҳам бирга кўтарилар эди, чунки жонли мавжудотларнинг руҳи ғилдиракларда эди. 18Эгамизнинг улуғворлиги уй остонасидан чиқиб, карублар узра тўхтади. 19Мен буни томоша қилиб турганимда, карублар қанотларини ёздилар, замин узра кўтарилиб, ғилдираклари билан бирга уйдан чиқиб кетдилар. Карублар Эгамиз уйининг шарқий дарвозаси ёнида тўхтаб қолдилар. Исроил Худосининг улуғворлиги уларнинг устида эди. 20Бу жонли мавжудотларни мен Кавор дарёси бўйида кўрган эдим. Ўшанда ҳам улар Исроил Худосининг оёғи остида эдилар. Бу мавжудотлар карублар эканлигини мен энди тушуниб олган эдим, 21чунки ҳар бир карубнинг тўртта юзи, тўртта қаноти ҳамда қанотлари остида одам қўлига ўхшаган қўллари бор эди. 22Уларнинг юз тузилиши мен Кавор дарёси бўйида кўрган мавжудотларники билан бир хил эди. Ҳар бир мавжудот олд томонга қараб юрар эди.
Copyright information for
UznUzbC