‏ Ezekiel 11

Исроилнинг фосиқ йўлбошчилари ҳукм қилинади

1Руҳ мени кўтариб, Эгамиз уйининг шарқий дарвозасига олиб борди. Дарвоза ёнида мен йигирма беш нафар кишини кўрдим. Уларнинг орасида халқ раҳнамоларидан Аззур ўғли Язаниё ва Бинаё ўғли Пилатиё бор эди. 2Эгамиз менга шундай деди: “Эй инсон, мана бу одамларнинг нияти ёмон. Улар шаҳардагиларга бўлмағур маслаҳатлар бериб юришибди. 3Ўша бузуқ одамлар шундай дейдилар: «Ҳозир иморатлар солишнинг ҳожати йўқ. Бу шаҳар қозон кабидир, биз эса қозонда сақланган гўштдаймиз.» 4Шундай экан, эй инсон, уларга қарши башорат қил!”

5Сўнг Эгамизнинг Руҳи бутун вужудимни қамраб олди. У Исроил халқига қуйидагиларни айтишимни буюрди: “Эгамиз шундай демоқда: эй Исроил халқи, сизлар ўша гапни айтдингиз. Мен эса ҳамма ўй–хаёлларингизни биламан. 6Сизлар шаҳардаги кўп одамларни ўлдирдингиз, кўчаларни жасадларга тўлдирдингиз. 7Шунинг учун Мен, Эгангиз Раббий, айтаманки, бу шаҳар ҳақиқатан ҳам қозон кабидир. Аммо гўшт сизлар эмас, балки сиз ўлдирган одамларнинг жасадларидир. Мен сизларни шаҳардан чиқариб юбораман. 8Сизлар қиличдан қўрққан эдингизлар, аммо устингизга қилич юбораман, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. 9— Сизларни шаҳардан ҳайдаб чиқариб, ажнабийларнинг
ажнабийлар — Бобил халқи назарда тутилган.
қўлига топшираман. Сизларни шу йўсин жазолайман.
10Сизлар қиличдан нобуд бўласизлар. Мен сизларни Исроил чегараларида жазолайман. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар. 11Бу шаҳар сизлар учун қозондай бўлмайди, сизлар ҳам қозон ичидаги гўштдай бўлмайсизлар. Мен сизларни Исроил чегараларида жазолайман. 12Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар. Зеро, сизлар шу пайтгача қонун–қоидаларимни бузиб, ён–атрофингизда яшовчи халқларнинг одатларига тақлид қилиб келдингизлар.”

13Мен, Ҳизқиёл, башорат қилаётганимда, бирданига Бинаё ўғли Пилатиё жон берди. Мен ерга юз тубан йиқилиб: “Ё Эгам Раббий! Сен Исроилда қолган ҳамма одамларни нобуд қилмоқчимисан?” дея овозим борича ҳайқириб юбордим.

Худонинг ваъдаси

14Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди: 15“Эй инсон, сургун бўлган сенинг оиланг, уруғ–аймоқларинг ва бутун Исроил халқи ҳақида Қуддусдагилар шундай айтишмоқда: «Улар узоқда, Эгамизга сажда қила олмайдилар. Шунинг учун бу юрт бизга мулк қилиб берилди.» 16Аммо сен сургунда бўлган Исроил халқига шундай хабар етказ: «Эгамиз Раббий айтмоқда: Мен сизларни олисдаги халқлар орасига жўнатдим. Бошқа юртларга тарқатиб юбордим. Бироқ бегона юртдаги мусофирлик даврингизда, Ўзим сизларга саждагоҳ бўламан.»

17Яна айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: Мен сизларни халқлар орасидан йиғиб оламан. Ҳа, сизлар бегона юртларга тарқалиб кетдингиз, аммо Мен сизларни у ерлардан олиб чиқаман. Исроил юртини сизларга қайтариб бераман.»

18Эй инсон, Исроил халқи ўз юртига қайтиб келганда, у ердаги макруҳ худоларни, жирканч бутларни илдизи билан йўқ қилади. 19Мен уларга яхлит бир юрак бераман, қалбларини янги руҳга тўлдираман. Бағридаги тош юракни олиб ташлаб, ўрнига юмшоқ юрак соламан. 20Шунда улар фармонларимни бажарадиган, қонун–қоидаларимга риоя қиладиган бўладилар. Улар Менинг халқим бўлади, Мен эса уларнинг Худоси бўламан. 21Аммо макруҳ худоларга, жирканч бутларга сажда қилишни хуш кўрадиган одамларни қилмишларига яраша жазолайман.” Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.

Худонинг улуғворлиги Қуддусни тарк этади

22Карублар қанотларини ёзиб, ёнидаги ғилдираклари билан бирга осмонга кўтарилдилар. Исроил Худосининг улуғворлиги карублар устида эди. 23Эгамизнинг улуғворлиги шаҳарни тарк этиб, шаҳарнинг шарқ томонидаги тоққа
шаҳарнинг шарқ томонидаги тоғ — Зайтун тоғи назарда тутилган.
бориб тўхтади.
24Ваҳийда Руҳ мени кўтариб, Бобилга
Бобил — ибронийча матнда Халдей, ўша вақтда Бобил юрти шу ном билан ҳам аталарди.
сургун қилинганларнинг олдига қайтариб олиб борди. Ваҳий тамом бўлди.
25Мен сургундаги биродарларимга Эгамиз аён қилган ҳамма нарсани айтиб бердим.
Copyright information for UznUzbC