Ezekiel 12
Сургун тимсоли
1Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди: 2“Эй инсон, сен исёнкор халқ орасида яшаб юрибсан. Уларнинг кўзлари бор, аммо кўрмайдилар, қулоқлари бор, аммо эшитмайдилар, чунки улар исёнкор халқдир. 3Эй инсон, керакли нарсаларингни тугиб ол. Худди сургунга кетаётгандай йўлга чиқ. Буни кундуз куни қил, одамлар сени кўрсин. Сен уйингни ташлаб, бошқа жойга кетаётганингни ҳамма кўрсин. Ким билсин, балки шунда бу исёнкор халқ эсини йиғиб олар. 4Халқ сени томоша қила олиши учун тугунингни кундуз куни ташқарига чиқариб қўй. Ўзинг эса, кеч тушганда, сени томоша қилаётган оломон олдида, худди сургунга кетаётгандай йўлга чиқ. 5Одамларнинг кўзи олдида уйинг деворини теш, тугунингни тешикдан олиб чиқ. 6Кеч тушганда, уни елкангга ортиб, йўлга туш. Тарк этаётган юртингни кўра олмаслигинг учун юзингни ёпиб ол, чунки халқ томоша қиладиган бу намойиш улар учун бир тимсол бўлади.” 7Мен Эгамизнинг айтганини қилиб, сургунга кетаётгандай, тугунимни кундуз куни кўчага чиқариб қўйдим. Кеч тушганда қўлим билан уйим деворини тешдим. Қоронғида тугунни кўчага чиқариб, елкамга ортиб олдим. Одамлар мени томоша қилиб турар эдилар. 8Эртаси куни эрталаб Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди: 9“Эй инсон, бу исёнкор Исроил халқи сендан «Нималар қиляпсан?» деб сўраган эди, шундай эмасми? 10– 11Уларнинг олдига бориб айт: «Кеча мен сизларга келажакда содир бўладиган воқеаларни намойиш қилдим. Қилган намойишим Қуддусда ҳукмронлик қилаётган шаҳзода ▼▼ Қуддусда ҳукмронлик қилаётган шаҳзода — Яҳудо шоҳи Зидқиё назарда тутилган (4 Шоҳлар 25:4-7 га қаранг).
ва у ердаги бутун Исроил халқининг қисмати рамзидир. Эгамиз Раббий шундай демоқда: сизлар асирликка тушиб, сургун бўласизлар. 12Ҳозир ҳукмронлик қилаётган шаҳзодангиз ҳам қоронғида елкасига тугун ортиб, йўлга тушади. У деворда очилган тешикдан чиқади. Тарк этаётган юртни кўрмаслиги учун юзини ёпиб олади. 13Мен унинг устига тўр ташлайман, у тузоғимга тушади. Мен уни Халдейлар ▼▼ Халдейлар — ўша вақтда Бобилликлар шу ном билан ҳам аталарди.
юрти Бобилга олиб бораман, аммо у Бобилни кўра олмайди. У ўша ерда оламдан ўтади. 14Мен шоҳ саройининг бутун аҳлини — вазирлару соқчиларини тўрт томонга тарқатиб юбораман. Қиличимни яланғочлаб, уларни таъқиб қиламан. 15Эй Исроил халқи, Мен сизларни халқлар орасига тарқатиб ташлаганимда, бошқа юртларга қувиб юборганимда, Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар. 16Аммо Мен баъзиларингизни асраб қоламан. Уларни жангда сақлайман, очарчилигу ўлатдан қутқараман. Улар бошқа халқлар орасига сургун бўлганда, қилган жирканч одатларини эътироф қиладилар. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.»” Жазо кечиктирилмайди
17Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди: 18“Эй инсон, нонингни еганингда титрагин, сувингни ичганингда қўрқув ичра қалтирагин. 19Юртдаги одамларга айт: «Исроил юрти ва Қуддус аҳолиси тўғрисида Эгамиз Раббий шундай демоқда: бу одамлар ёвуз бўлиб кетганлари учун, Мен уларнинг юртини талон–тарож қилдираман. Улар нонни қўрқув ичра ейдилар, сувни саросима ичра ичадилар. 20Аҳоли яшаган шаҳарлари вайрон бўлади, бутун юрт ташландиқ бўлиб қолади. Шунда улар Эгаси Мен эканлигимни билиб оладилар.»”Эгамизнинг сўзлари амалга ошади
21Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди: 22“Эй инсон, Исроил юртида айтилаётган, «кунлар ўтяпти, башоратлар эса пучга чиқяпти» деган мақолни эшитгансан. 23Энди халқим олдига бориб айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: Мен бу мақолни йўқ қилиб юбораман. Исроилда уни айтмайдиган бўлишади.» Яна уларга айт: «Башоратлар бажо бўладиган кунлар яқинлашиб қолди. 24Энди Исроил юртида сохта башоратлару ёлғон кароматлар айтилмайди. 25Аммо Мен, Эгангиз, сизларга гапираман, айтган сўзларим амалга ошади, кечикмайди. Эй исёнкор халқ, сизлар ҳаёт бўлган кунларда айтганларимни бажо келтираман. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»” 26Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди: 27“Эй инсон! Исроил халқи сен айтган башоратлар узоқ келажакка тааллуқли, деб ўйлаяпти. 28Шунинг учун уларга бориб айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: айтган бирорта сўзим кечикмайди, ҳаммаси амалга ошади! Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»”
Copyright information for
UznUzbC