Ezekiel 39
Гўгнинг мағлубияти
1Эгамиз менга деди: “Эй инсон, Гўгга қарши башорат қилиб айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: эй Мешех ва Тувалнинг бош ҳукмдори ▼▼ Мешех ва Тувалнинг бош ҳукмдори — ибронийча матндан. Қадимий юнонча таржимада Рўш, Мешех ва Тувал ҳукмдори.
Гўг, Мен сенга қаршиман! 2Мен сени орқага қайтариб, судраб келаман. Сени узоқ шимолдан олиб чиқиб, Исроил тоғларига олиб келаман. 3Чап қўлингдаги ёйинг ва ўнг қўлингдаги ўқларингни уриб тушираман. 4Сен Исроил тоғларида жон берасан! Сенинг ҳамма лашкарларинг ва сенга эргашиб келган халқлар у ерда ҳалок бўлишади. Уларнинг жасадлари турли йиртқич қушларга ва ёввойи ҳайвонларга ўлжа бўлади. 5Сен очиқ майдонда ўласан. Буни Мен айтдим. 6Мен Магўг устига ва денгиз қирғоғида осойишта ҳаёт кечираётган барча халқлар устига олов ёғдираман. Ўшанда барча халқларнинг Эгаси Мен эканлигимни улар билиб оладилар.» 7Эй инсон, Мен Ўз муқаддаслигимни халқим Исроилга аён қиламан. Мени бадном қилишларига энди йўл қўймайман. Шунда барча халқлар Мен, Исроил халқининг Худосини муқаддас деб биладилар, уларнинг Эгаси Мен эканлигимни билиб оладилар. 8Мен айтган ўша кун албатта келади, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. 9— Шунда Исроил халқи шаҳарлардан чиқиб, мағлуб бўлган ёвнинг қурол–аслаҳаларини йиғади. Улар йиғиб олган каттаю кичик қалқонларни, ёй ва ўқларни, таёқ ва найзаларни ёқишади. Етти йил давомида уларни ўтин ўрнига ишлатишади. 10Ўтин йиғиш, ўрмонда дарахт кесишга эҳтиёж қолмайди, чунки бу қурол–аслаҳалар халқим учун ёқилғи бўлади. Шу тариқа Исроил халқи ўз талончиларидан ўч олади.” Эгамиз Раббийнинг каломи шудир. Гўг дафн қилинади
11Эгамиз менга деди: “Эй инсон, бу ҳодисалар рўй берган куни Гўг ва унинг тўдаси учун Мен бир қабристон ҳозирлайман. Бу қабристон Ўлик денгизнинг шарқ томонидаги Сайёҳлар водийсида жойлашган бўлади. У сайёҳларнинг йўлини тўсиб қўяди. Шунинг учун сайёҳлар ўша водийнинг номини ўзгартириб, уни «Гўг тўдасининг водийси» деб атайдиган бўлишади. 12Исроил халқи етти ой мобайнида жасадларни кўмиб, ўз юртини поклайди. 13Бутун юрт аҳолиси жасадларни кўмади. Шу қилганлари учун Мен улуғворлигимни намоён қилган кунда улар юксак обрўга эришади, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. 14— Етти ой ўтгач, юртни поклайдиган махсус одамлар тайинланади. Улар юртни кезиб, кўмилмай қолиб кетган жасадларни кўмадилар. 15Улар юртни кезиб юрганларида топилган ҳар бир суяк олдига белги қўядилар. Гўрковлар бу суякларни йиғиб олиб, «Гўг тўдасининг водийси»га кўмадилар. 16Қабристон ёнидаги шаҳарнинг номи ҳам Тўда бўлади. Шундай қилиб, улар юртни поклайдилар. 17Эй инсон, турли хил қушларни ва ҳамма ёввойи ҳайвонларни йиғиб, уларга шундай деб айт: «Эгамиз Раббий демоқда: қани, келинглар! Мен сизлар учун қурбонлик ҳозирлайман, Исроил тоғларида катта зиёфат уюштираман. Сизлар тўйгунингизча гўштдан еб, қондан ичасизлар. 18Башан ўлкасида семиртирилган қўчқор, қўзичоқ, эчки ва буқалар бўғизлангандай, баҳодир жангчилару жаҳон ҳукмдорлари қурбон қилинади. Сизлар уларнинг таналарини еб, қонини ичасизлар. 19Мен сизлар учун уюштирадиган бу зиёфатда сизлар тўйгунингизча ёғдан ейсизлар, маст бўлгунингизча қондан ичасизлар. 20Сизлар Менинг дастурхонимдан хоҳлаганингизча от ва отлиқларнинг гўштидан, сипоҳ ва турли хил жангчиларнинг гўштидан тановул қиласизлар. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»Исроил тикланади
21Мен Ўз улуғворлигимни халқлар орасида намоён қиламан. Халқларни жазолаб, уларга Ўз қудратимни кўрсатаман. 22Ўша кундан бошлаб, Исроил халқи Эгаси Худо Мен эканлигимни билади. 23Исроил халқи гуноҳ қилиб, Менга хиёнат қилгани учун, Мен уларни бегона юртларга сургун қилганимни бошқа халқлар тушуниб олишади. Халқимнинг бу қилмиши учун Мен улардан юз ўгириб, душманларнинг қўлига топширган эдим, қирилиб кетишларига тўсқинлик қилмадим. 24Мен улардан юз ўгирдим, бузуқлиги ва қилган гуноҳларига яраша жазосини бердим.” 25Эгамиз Раббий шундай демоқда: “Мана энди Мен Ёқуб наслини яна фаровонликка эриштираман ▼▼ …Мен Ёқуб наслини яна фаровонликка эриштираман — ёки …Мен Ёқуб наслини асирликдан озод қилиб, она юртига қайтариб олиб келаман.
. Бутун Исроил халқига шафқат кўрсатаман. Обрўйим тўкилишига йўл қўймайман! 26Улар ўз юртига қайтиб келганларидан кейин ўтмишдаги шармандагарчилиги ва Менга қилган хиёнатига иқрор бўладилар. Улар тинч яшайдилар, ҳеч ким уларга таҳдид қилмайди. 27Мен уларни ғанимларнинг юртларидан олиб чиққанимда, халқлар муқаддаслигимни кўришади. 28Эгаси Худо Мен эканлигимни халқим билиб олади. Гарчи Мен уларни ўзга юртларга тарқатиб юборган бўлсам–да, уларни она юртига қайтариб олиб келаман. Халқимдан биронтаси ҳам бегона юртда қолиб кетмайди. 29Мен халқим Исроил устига Ўз Руҳимдан ёғдираман, энди улардан юз ўгирмайман.” Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.
Copyright information for
UznUzbC