‏ Ezekiel 22

Қуддуснинг жиноятлари

1Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди: 2“Эй инсон, қотиллар шаҳрини ҳукм қил. Унинг жирканч одатларини юзига сол, 3унга шундай деб айт: «Эгамиз Раббий демоқда: эй Қуддус, сен ўз кўчаларингда қон тўкиб, бошингга бало орттирдинг. Бутлар ясаб, ўзингни булғадинг. 4Тўкилган ўша қон учун сен айбдор бўлдинг, ясаган бутларинг билан булғандинг. Ҳалокат кунингни яқинлаштирдинг. Ўз ҳаётингга якун ясадинг! Шу боис халқлар сени мазах қилишларига, юртлар устингдан кулишларига Мен йўл қўяман. 5Эй ёмон от чиқарган, ғалаёнга тўла шаҳар, узоқ–яқиндагилар сени мазах қиладилар.

6Шаҳардаги Исроил йўлбошчилари ўз мансабидан фойдаланиб, қон тўкадилар. 7У ердаги одамлар ота–онасини хор қиладилар, мусофирларни алдайдилар, етим ва беваларга зулм ўтказадилар. 8Муқаддас нарсаларимни хор қилиб, Шаббат кунларимни булғайдилар. 9Баъзилари одамларни ўлдириш учун туҳмат қиладилар. Бутхоналарда келтирилган қурбонликлардан тановул қиладилар, ўзларининг шаҳвоний ҳирсларини қондириш билан овора бўладилар. 10Бошқалари ўгай оналари билан ётадилар, ҳайз кўрган аёлларни зўрлайдилар. 11Қўшнининг хотини билан жирканч ишлар қиладилар, келинларини уятсизларча булғайдилар, туғишган сингилларининг номусига тегадилар. 12Шаҳардаги баъзи одамлар пул учун одам ўлдирадилар. Берган қарзидан фоиз ундирадилар, ўзганинг бор–йўғини тортиб олиб, даромад кўрадилар. Эй Қуддус аҳолиси, Мени унутиб юбордингиз! Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.

13Ноҳақ фойда кўрганингиз учун, қон тўкканингиз учун Мен ғазаб ичра кафтимни кафтимга ураман. 14Адабингизни берган куним мардлигингизни кўраман, ўшанда Мен билан олишишга қурбингиз етармикан?! Мен, Эгангиз, айтганларимни амалга ошираман. 15Мен сизларни халқлар орасига тарқатиб ташлайман, бошқа юртларга қувиб юбораман, ифлос қилмишларингизга чек қўяман. 16Бегона халқлар сизларни хор қилганда, Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.»”

Эгамизнинг ўчоғи

17Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди: 18“Эй инсон, Исроил халқи Мен учун тошқолдай
тошқол — кумуш эритилганда қоладиган қотишма. У чиқинди ҳисобланади ва ташлаб юборилади.
қадрсиз бўлиб қолди. Кумуш эритилгандан кейин ўчоқда қотиб қолган мис, қалай, темир ва қўрғошин қоришмаси кабидир бу халқ.
19Уларга айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: сизлар тошқолдай бўлиб қолганингиз учун Мен сизларни Қуддусга йиғаман. 20Кумуш, мис, қалай, темир ва қўрғошин ўчоққа қандай йиғилса, эритиш учун тагига олов қандай ёқилса, Мен худди шундай қаҳру ғазаб билан сизларни йиғаман, ҳаммангизни шаҳарда эритиб йўқ қиламан. 21Ҳа, Мен сизларни Қуддусга йиғиб оламан, ғазабим оловини сизларга сочаман. Сизлар эриб йўқ бўлиб кетасизлар. 22Кумуш ўчоқда эригандай, сизлар қаҳрим ўтида эриб йўқ бўласизлар. Шунда устингизга ғазаб ўтини сочган Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.»”

Исроил йўлбошчиларининг гуноҳлари

23Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди: 24“Эй инсон, Исроил халқига шундай деб айт: «Сизлар қаҳр кунида покланмаган, устига ёмғир ёғмаган бир юртдирсиз. 25Юртингиздаги шаҳзодалар
шаҳзодалар — қадимий юнонча таржимадан (яна 19:1-6 га қаранг). Ибронийча матнда пайғамбарлар тўдаси.
ўкираётган, ўлжасини тилка–пора қилаётган шерга ўхшайди. Улар одамхўрлик қиладилар, мулку бойликни қўлга киритадилар, қотилликлар қилиб, беваларнинг сонини кўпайтирадилар.
26Руҳонийларингиз қонунимни бузиб, муқаддас нарсаларимни булғадилар. Муқаддас билан оддий нарсанинг фарқига бормадилар. Одамларга нима ҳарому нима ҳалол эканини ўргатмадилар, Шаббат кунларига риоя қилмадилар, хуллас, халқим орасида Мени беобрў қилдилар. 27Юртингиздаги йўлбошчилар ўлжасини тилка–пора қилаётган бўрига ўхшайдилар. Улар бойлик орттириш учун қон тўкадилар, одамларнинг жонини оладилар. 28Пайғамбарларингиз эса деворни оқлаган мардикорлар каби, бу гуноҳларни яшириб, устидан оқлайдилар. Ёлғон ваҳийлар кўриб, сохта башоратлар айтадилар. Мен уларга гапирмасам ҳам, ‘Эгамиз Раббий шундай демоқда’ деб гапирадилар. 29Юртингиздаги одамлар қаллоблигу ўғрилик қиладилар, камбағалу ночорни эзадилар, мусофирнинг бор–йўғини тортиб оладилар, ҳақини талаб қилишга йўл қўймайдилар.

30Деворни қайта қурадиган, деворнинг ўпирилиб тушган жойида туриб, юртни ҳимоя қиладиган бирорта одам бормикан, дея сизларнинг орангиздан изладим. Аммо юртни қаҳримдан сақлаб қоладиган бундай одамни топа олмадим. 31Шунинг учун Мен сизларга қаҳримни сочаман, ҳаммангизни ғазабим оловида йўқ қиламан. Қилган қилмишларингизга яраша жазоингизни бераман. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»”
Copyright information for UznUzbC