Ezekiel 5
Ҳизқиёл сочини олдиради
1Эгамиз шундай деди: “Эй инсон, ўткир бир қилич ол. Устара ўрнига ўшани ишлатиб, сочинг билан соқолингни қириб ташла ▼▼ …сочинг билан соқолингни қириб ташла — ўта хўрланиш белгиси. Одатда босқинчилар ўзлари мағлуб қилган одамларнинг сочи билан соқолини қириб ташлаганлар.
. Сўнг сочингни тарозида ўлчаб, тенг уч қисмга бўл. 2Шаҳарнинг қамал кунлари тугаганда, сочингнинг бир қисмини ғиштга чизилган шаҳар ўртасида ёндир. Иккинчи қисмини шаҳар атрофига сочиб ташлаб, қилич билан майдала. Учинчи қисмини эса шамолда учиртириб юборгин. Мен қиличимни яланғочлаб, шаҳар аҳолисини таъқиб қиламан. 3Сочингнинг озгинасини олиб, чопонинг этагига қистириб қўй. 4Ўша сочингнинг бир қисмини оловга ташлаб, ёндириб юбор. Ундан чиққан олов авж олиб, бутун Исроил халқига ёйилади.” 5Эгамиз Раббий шундай деб айтмоқда: “Мана, Қуддусга бир қаранг. Мен уни халқларнинг ўртасига жойлаштирдим, бошқа юртлар уни ўраб турибди. 6Аммо у қонун–қоидаларимга қарши чиқди, атрофдаги халқлардан кўра, кўпроқ қабиҳлик қилди. У қонун–қоидаларимни рад этди, фармонларимга бўйсунмади.” 7Шунинг учун Эгамиз Раббий Қуддусга айтмоқда: “Сизлар бадкирдорликда атрофингиздаги халқлардан ҳам ўтиб тушдингиз. Фармонларимга бўйсунмадингиз, қонун–қоидаларимга риоя қилмадингиз. Ахлоқсизликда бошқа халқлардан баттар бўлдингиз. 8Эй Қуддус аҳли, Мен Ўзим сизларга қарши чиқаман, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. — Халқларнинг кўзи олдида сизларни жазолайман. 9Қилган жирканч ишларингиз туфайли Мен бошингизга даҳшатли бир кўргилик келтираман. Мен бунақасини ҳеч қачон қилмаганман ва бундан кейин ҳам қилмайман. 10Қуддусда ота–оналар ўз фарзандларининг этини, фарзандлар эса ўз ота–оналарининг этини ейдилар. Мен сизларни жазолайман, омон қолганларингизни дунёнинг тўрт томонига тарқатиб юбораман. 11Мен, Эгангиз Раббий, барҳаёт Худо бўлганим ҳақи онт ичиб айтаманки, сизларни йўқ қиламан. Сизлар муқаддас масканимни макруҳ бутлару жирканч одатларингиз билан ҳаром қилдингиз. Шунинг учун сизларга ачинмайман, раҳм қилмайман. 12Халқингизнинг учдан бир қисми ўлату қаҳатчиликдан нобуд бўлади. Иккинчи қисми жангда, шаҳар ташқарисида қирилиб кетади. Қолган қисмини эса Мен тўрт томонга тарқатиб юбораман, қиличимни яланғочлаб таъқиб қиламан. 13Шунда ғазабимдан тушаман, қаҳримни сизларга сочиб бўлганимдан кейингина таскин топаман. Қаҳримни сизларга сочиб бўлганимдан кейин, Мен, Эгангиз, рашк устида гапирганимни сизлар билиб оласиз. 14Мен сизларни хонавайрон қиламан. Ён–атрофда яшовчи халқлар ҳамда ўтган–кетган одамлар сизларни мазах қиладилар. 15Мен сизларни қаҳру ғазаб билан ҳукм қилганимда, жаҳл устида қаттиқ жазолаганимда, атрофдаги халқлар даҳшатга тушадилар. Улар бундан сабоқ оладилар, сизларни эса мазах қилиб, устингиздан куладилар. Буларни Мен, Эгангиз, айтдим. 16Мен устингизга қаҳатчиликнинг ҳалокатли ўқларини ёғдираман, сизларни йўқ қиламан. Шаҳардаги очарчиликни авжига чиқараман, сизларни бир бурда нонга зор қиламан. 17Мен сизларни қаҳатчиликка гирифтор қиламан, устингизга ёввойи ҳайвонларни юбораман. Улар сизларни фарзандларингиздан жудо қилади. Юртингизда ўлат ва қотиллик ҳукм суради, Мен сизларга қарши душман қиличини яланғочлайман. Буларни Мен, Эгангиз, айтдим.”
Copyright information for
UznUzbC