Ezekiel 9
Қуддуснинг жазоси
1Мен Худонинг жарангдор овозини эшитдим. У баланд овозда деди: — Эй шаҳарни жазолаш учун тайинланганлар, қуролларингизни олинглар. Бу ерга келинглар! 2Шу онда шимолдаги Юқори дарвоза ▼▼ шимолдаги Юқори дарвоза — Маъбаднинг ички ҳовлисига олиб борадиган бу дарвоза шимолга қаратиб қурилган эди (8:3 га қаранг). Бу дарвоза тепаликда жойлашгани учун “Юқори” деб ном олган (4 Шоҳлар 15:35 га қаранг).
томондан олти киши келди. Ҳар бирининг қўлида ҳалокатли қуроли бор эди. Уларнинг орасида зиғир толасидан тўқилган либос кийган, белига эса котиблик асбобларини тақиб олган бир кимса ҳам бор эди. Келган одамларнинг ҳаммаси ичкарига кириб, бронза қурбонгоҳнинг ёнига бориб туришди. 3Карублар ▼▼ Карублар — қанотли самовий мавжудотлар. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги КАРУБ, КАРУБЛАР сўзига қаранг.
устидаги Исроил Худосининг улуғворлиги ўз жойидан кўтарилиб, уйнинг остонасига борди. Сўнг Эгамиз зиғир либос кийган кишини чақириб, 4деди: — Бориб шаҳарнинг ҳамма жойини айланиб чиқ. Шаҳарда қилинаётган жирканч ишлардан сиқилиб, зорланган кишиларнинг пешанасига белги қўй. 5Қуролланган олти кишига эса Эгамизнинг шундай деганини эшитдим: — Унга эргашинглар. Бутун шаҳарни айланиб чиқинглар. Одамларни ўлдиринглар, уларга ачинманглар, раҳм қилманглар. 6Қарияларни, йигиту қизларни, аёлу болаларни — ҳаммасини ўлдиринглар, аммо пешанасига белги қўйилган биронта одамга ҳам зарар етказманглар. Буйруғимни бажаришни шу ердан, муқаддас масканимдан бошланглар. Шундай қилиб, улар қирғинни Эгамизнинг уйи олдида бўлган оқсоқоллардан бошладилар. 7Эгамиз деди: — Уйимни ҳаром қилинглар! Ҳовлини жасадларга тўлдиринглар. Қани бошланглар! Қуролланган одамлар шаҳарга бориб, у ердагиларни қириб ташладилар. 8Улар буйруқни бажаргани кетганларида, мен ёлғиз ўзим қолдим. Мен ерга мук тушиб, Худога илтижо қилдим: — Ё Эгам Раббий! Сен ғазабингни Қуддусга сочиб, Исроилнинг қолган–қутган халқини ҳам йўқ қилиб юбормоқчимисан? 9У менга шундай жавоб берди: — Исроил ва Яҳудо халқлари оғир гуноҳга қўл уришди. Улар бутун юртни қонга белашди, Қуддус шаҳрини адолатсизликка тўлдиришди. Улар: “Эгамиз юртимизни тарк этган, У бизни кўрмаяпти”, деб айтишяпти. 10Мен эса уларга ачинмайман, раҳм қилмайман. Қилган барча қилмишларига яраша жазосини бераман. 11Шу орада зиғир либосли, белига котиб асбобларини тақиб олган киши қайтиб келиб Эгамизга: — Амрларингизни бажо айладим, — деди.
Copyright information for
UznUzbC